Кексалари эъзозланган юртдан барака аримайди!

Article

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда кексаларга ҳурмат-эҳтиром, меҳр-оқибат, эъзоз-эътибор кўрсатиш маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. 2015 йил мамлакатимизда Кексаларни эъзозлаш йили, деб номлангани ҳамда ёши улуғ нуронийлар, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фахрийларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида қабул қилинган қатор ҳуқуқий ҳужжатлар кексаларга кўрсатилаётган юксак эҳтиромнинг ёрқин намунасидир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони нуронийларимизни рағбатлантириш, уларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини янада яхшилаш борасидаги тизимли ишларнинг мантиқий давоми бўлди.

Фармонда нуронийларни ёшларни Ватанга муҳаббат, кекса авлод кишиларини эъзозлаш, эзгулик ва раҳмдиллик сингари халқимизнинг кўп асрлик анъаналарини ҳурмат қилиш руҳида тарбиялашга йўналтирилган ижтимоий фаолиятга жалб этиш вазифалари белгиланган. Бу кўпни кўрган ёши улуғларимизнинг ҳаёт йўли, панду насиҳатлари ёш авлод вакилларининг пок қалбли, виждонли, Ватанига, халқига садоқатли ҳамда юксак маънавиятли бўлиб камолга етишида муҳим аҳамият касб этади.

Фармонда кексалар турмуш сифатини ошириш, уларнинг юқори ижтимоий фаоллигини, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ҳамда давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги иштирокини қўллаб-қувватлаш вазифалари нуронийларнинг сермазмун ҳаётини таъминлабгина қолмай, уларнинг ибратли ҳаёти, бой тажрибасидан самарали фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради. Жамоатчилик асосида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида фуқаролар йиғини раисининг ўринбосари - кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчи лавозими жорий қилиниши ёши улуғ отахону онахонларимизнинг манфаатларини мустаҳкам ҳимоя қилишга хизмат қилади, шу билан бирга, кексаларнинг ижтимоий фаоллигини оширади.

Ҳужжатга кўра, кексаларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш сифатини ошириш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш юзасидан кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилади. Хусусан, энди кекса ёшдаги шахсларни тўловсиз асосда даволаш ва соғломлаштириш, янги санатория-даволаш муассасалари қуриш ва мавжудларида кексаларнинг бепул асосда дам олишини таъминлаш, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар ва ногиронларга асосий озиқ-овқатлар, гигиена воситалари, кийим-кечаклар бериш тизимли асосда йўлга қўйилади. Юртимиздаги Саховат ва Мурувват уйлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш орқали бу масканлардаги ёши улуғ инсонларнинг турмуш даражаси янада яхшиланади. Бундай эътибор ва ғамхўрлик нуронийлар умрига умр қўшиш, уларнинг кексалик гаштини суришларига янада кенг имконият яратади.

Мазкур фармонда кексалар учун назарда тутилган пенсиялар ва имтиёзлар бўйича қонун ҳужжатлари ижроси устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш, ушбу масалада давлат бошқаруви ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига кўмаклашиш борасида белгиланган вазифалар биз депутатлар зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Мамлакатимизда аҳоли, хусусан, нуронийлар ижтимоий муҳофазаси ҳамда уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган шу ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлашда депутатлик ва парламент назорати институтларидан самарали фойдаланишимиз зарур. Зеро, кексалари эъзоз топган юртдан файз, қут-барака, тинчлик-хотиржамлик аримайди.

Шуҳратжон ТЎХТАБОЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати (ЎзМТДП)

Биз Twitterда