Камиловнинг Афғонистонга серунум ташрифи: Мирзиёев Ашраф Ғанини Ўзбекистонга таклиф этди

Афғонистон пойтахти Кобул шаҳрида расмий ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги ҳукумат делегацияси 24 январь куни Афғонистон президенти  Муҳаммад Ашраф Ғани томонидан қароргоҳи “Арг” саройида қабул қилинди.
Вазир Афғонистон Президентига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистонга расмий ташриф буюриш таклифи қайд этилган шахсий мактубини етказди.
Мулоқот давомида турли йўналишларда икки томонлама муносабатларни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. 
Шунингдек шу куни Афғонистон президентининг иқтисодий масалалар бўйича катта маслаҳатчиси Ҳумоюн Қаюмий, Марказий Осиё мамлакатлари ва Россия билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича президент махсус вакили Муҳаммад Шокир Коргар билан ҳам учрашувлар ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
 
Шунингдек, 23—24 январь кунлари Кобул шаҳрида Ўзбекистон делегациясининг саноат ассоциациялари ва хўжалик субъектлари вакилларидан иборат аъзолари афғонистонлик ҳамкорлари билан алоҳида икки томонлама музокаралар ҳам ўтказди.
Ташриф доирасида
  • қисқа муддат ичида ташқи савдо айланмаси кўрсаткичларини 1,5 миллиард долларга етказиш имконини берадиган икки томонлама савдо-иқтисодий «Йўл харитаси»;
  • қўшма темир йўл ва автомобиль йўли лойиҳаларида Ўзбекистон томони иштирокини кўзда тутадиган Транспорт инфратузилмаси соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадлари тўғрисидаги Протокол;
  • Хавфсизлик масалалари бўйича Қўшма коммиссия тузиш мақсадлари тўғрисидаги протокол;
  • Ўзаро англашув тўғрисида вазирликлараро меморандум;
  • Наркотик воситалар, психотерапик моддалар ва уларнинг прескурорларини ноқунуний айланишига қарши курашда ҳамкорлик тўғрисида ички ишлар вазирликлари ўртасида Битим имзоланди.
Ўзбекистон ва Афғонистон бизнес тузилмалари вакиллари томонидан дори воситалари ва тиббий жиҳозлар, «тез ёрдам» автомобиллари, буғдой, электрмаиший техникаси етказиб бериш бўйича умумий қиймати 49,3 миллион доллардан ортиқ бўлган ўзаро манфаатли шартномалар имзоланди.
Шунингдек, «Ўзсаноатэкспорт» АЖ савдо уйининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Савдо уйи биносида мамлакатимиз тадбиркорлари маҳсулотларининг доимий фаолият юритадиган «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» кўргазмасини ташкил этиш кўзда тутилмоқда.
 

Биз Twitterда