JOGO BONITO. Биз соғинган Бразилия

1994 йили бразилияликлар жаҳон чемпионати финалига қадар етиб бориб, итальянларни мағлуб этишган, 1998 йили эса уларнинг ўзини Зидан ва унинг дўстлари доғда қолдиришганди. 2002 йили эса улар финалда Оливер Кан дарвозасига иккита гол уришган ва футбол тарихида биринчи бўлиб, бешинчи маротаба жаҳон чемпиони номини қўлга киритишган. Келинг, футбол оламидаги энг қувноқ ва қизиқарли терма жамоа ҳақида суҳбатлашайлик.
Асрлар кесишган даврда Бразилия футболи унчалик яхши даврни бошидан ўтказмаётганди. 90-йилларда терма жамоа қаторасига икки марта жаҳон чемпионатлари финалига чиққан бўлишига қарамай 2002 йилги жаҳон чемпионатига қадар маҳаллий футболчиларни омадсизлар ва тентаклар, деб аташарди. Бунга ўзига хос сабаблар бор эди, албатта. Биринчидан, 1998 йилги жаҳон чемпионати финалидаги Франциядан олинган қақшатқич зарба. Иккинчидан, жамоа намойиш этиб келган зерикарли ўйин мухлисларни ранжитарди. Учинчидан, миллий терма жамоа устозларини бирин-кетин алмаштираверадиган мамлакат футбол федерациясидаги тушунарсиз ҳолат. Бразилиялик фанатлар 1998 йилги Париж финалидан сўнг бойкот эълон қилишди ва уч йил давомида термани Леао (терма жамоани ярим йил давомида бошқарган), Кандиньо (ундан ҳам озроқ фурсат) ва қаттиққўл консерватор Лушембурго бошқарган кезлари фақат ҳуштакбозлик билан кутиб олишарди. Ниҳоят 2001 йили терма бошқарувига маҳаллий чемпионат юлдузи, «Гремио», «Палмейрас» ва «Крисиума» жамоалари билан зафар қучган Луиз Фелипе Сколари келди. Жамоа Сколари бошқарувида Америка кубогига йўл олди. Ҳамма Бразилия термасининг аввалги савияда ўйнашини иштиёқ билан кутиб турарди. Бразилия эса чорак финалда Гондурасга ютқазиб, шармандаларча ортга қайтди. Бразилиялик фанатлар трибунада ўтирганларича кўз ёш тўкишганди. Сколари эса уни Гиннес рекордлар китобига киритиш мумкинлигини, чунки у «Гондурасга ютқазганини» айтганди.
Мухлисларнинг нима учун термадан ҳафсалалари пир бўлганини тушуниш қийин эмасди. Футболчилар нафақат Америка кубогида, балки жаҳон чемпионати саралаш босқичида ҳам «қўл учида» ўйнашарди. Боз устига мамлакатнинг энг кучли ҳужумчиси сафдан чиққанди. Турнир бошланишига бир ярим йил қолганида Роналдо жон-жаҳди билан жароҳатидан фориғ бўлишга ҳаракат қилар ва рафиқаси Милен ва янги туғилган ўғлини деярли кўрмасди. Милен ҳатто ҳазил аралаш кибермавжудот билан яшашини айтганди. Дарҳақиқат Роналдо ўшанда машғулот залидан деярли чиқмасди. Журналистлар ҳужумчидан жаҳон чемпионатига қадар спорт формасини тиклай олиш-олмаслигини сўрашса у тўнғиллаганича «Мен робот эмасман», деб жавоб берарди. Бундан ташқари Роналдони «Интер» устози Марчелло Липпи ҳам асабийлаштирарди. У таркибда Кристиан Вьери борлиги учун Роналдуга эҳтиёж йўқлигини айтганди.
Сколари эса бошқача йўл тутди ва жароҳати борлигига қарамай Роналдони терма жамоага таклиф қилди. Кейин кўзини операция қилдириш учун бир неча ҳафталик таътил сўрагани ва аслида соҳил бўйида волейбол ўйнаш билан банд бўлгани учун Ромарионинг хизматидан воз кечди. Табиийки, оммавий ахборот воситаларида дарҳол шов-шув кўтарилди. Ромарио эса махсус матбуот анжумани ташкил қилиб, кўзида ёш билан ҳеч қачон мураббийни алдамаганини таъкидлади. Бу ишга ҳаттоки мамлакат президенти Фернандо Кардозо аралашиб, Луиз Фелипедан Ромариони термага жалб қилишини илтимос қилди. Бироқ Сколари айтганидан қайтмади. Натижада Ромарио мағлубиятини тан олди ва терма жамоа ўйинларини ҳатто телевизор орқали ҳам томоша қилмаслигини айтди: «Жаҳон чемпионатида ўйинлар тонгги олтида бошланади. Мен бу вақтда уйга энди қайтган бўламан».
Ромарио билан бўлиб ўтган жанжалдан сўнг Сколарида битта муаммо қолди, холос: саралаш босқичи якунига яқинлашгани сари Бразилиянинг жаҳон чемпионатига бориш имконияти кескин ёмонлашарди. Охирги турда мўъжиза рўй бермаганида Бразилия мундиаль йўлланмасидан қуруқ қоларди. Кутилмаганда рақобатчилар мағлубиятга учрашди. Бразилия эса Ривалдо ва Луизаонинг саъй-ҳаракатлари натижасида Венесуэлани мағлубиятга учратди ва мухлисларни тунгги уйқусизликлардан қутқарди. Ниҳоят ҳаммаси жойига тушди: Роналдо сафга қайтди, Роналдиньо улғайди, 30 ёшли Ривалдо эса ҳамон ажойиб спорт формасида эди. Three R’s, уччовлонни матбуотда шундай деб аташарди, самолётга ўтириб Осиёга учишди. Шу тариқа Сколари уйига фақат эрталаб қайтадиган ҳужумчини унута бошлади.
Жаҳон чемпионатининг илк кунларида Луиз Фелипе жамоани қандай қилиб жипслаштириш, руҳлантириш ҳақида ўйларди. Мақсадига эришиш учун Сколари кутубхонадан қадимги Хитойда яшаб ўтган донишманд Сун-Цзининг «Уруш санъати» деган китобини олиб келди ва уни шогирдларига ўқиб бера бошлади. Мураббий вақт бўлиши биланоқ китобдан парчалар ўқирди. У ҳаттоки китобнинг айрим саҳифаларидан нусха кўпайтириб, футболчиларнинг хоналарига тарқатганди.
Туркияга қарши ўтказилган илк ўйиндаёқ Роналдо боши билан чиройли гол киритди. Аммо ўйиннинг асосий юлдузи Ривалдо бўлди. У аввалига голга пас берди, сўнг ўзи пенальтини аниқ амалга оширди. Кейин турк футболчиларидан бирининг зарбасидан кейин тўп унинг юзига текканини ифода қилиб, майдонга қулади. Натижада турк футболчиси майдондан четлатилди. Ривалдо эса футбол тарихида симуляция учун жаримага тортилган илк футболчи бўлди. ўйиндан кейин икки соат ўтгач Ривалдо 6 минг доллар миқдорида жарима тўлашга мажбур бўлди.
Уч ҳафтадан сўнг Бразилия Туркия билан яна учрашди ва бу сафар ҳам ғалаба қозонди. «Таркибимиз ажойиб шаклланганди: ажойиб ҳимоячилар, кучли ҳужумчилар, – дейди Роналдо. – Мен ҳатто бу таркибни 1970 йилги таркибдан кейинги энг кучли Бразилия деган бўлардим. Биз исталган рақибни тўхтатишимиз, исталган рақибга хоҳлаганимизча гол уришимиз мумкин эди. Бу «Jogo Bonito» эди. Аммо, шу билан бирга аниқ стратегиямиз мавжуд эди». Аниқ стратегия ва «Jogo Bonito» натижасида бразилияликлар 7 учрашувнинг барчасида ғалаба қозонгандилар. Бельгия, Англия ва Германияни маҳв этиб, 18 та гол ургандилар – бундан кўпроқ Бразилия фақат 1970 (19) ва 1950 (22) йиллари гол урган. Роналдо 8 та, Ривалдо эса 5 та гол муаллифи бўлишган. Роналдиньо «плей-офф»да фақат бир марта гол урганди. Лекин ўша голни ҳамон унута олмаймиз.
Ёдда қолган яна бир нарса – Роналдонинг соч турмаги. 2002 йили бундай соч турмагини бразилиялик ҳар бир ўсмир (улар орасида 10 ёшли Неймар ҳам бор эди) орзу қиларди.
2002 йилги турнир Роналдони буюклар қаторига қўшган, аммо жароҳатлардан фориғ қилмаганди. Чемпионат давомида Роналдо қовуғидан жароҳат олганди. Журналистлар жонига тегмаслиги учун у сартарошдан сочини қириб ташлашни илтимос қилган, фақат кокилини қолдирганди. Оқибатда ўсмирлар орзу қиладиган соч турмаги яралганди.
Финал арафасида бразилияликлар ярим тунгача ҳордиқ чиқаришганди. Кимдир асабийлашар, бошқа биров эса эрта ётишга одатланмаганди. Луиз Фелипе меҳмонхона йўлагида футболчиларнинг мини-гольф ўйнашаётганига гувоҳ бўлади. Сколари ўйинга қўшилади. «Баъзида қаттиққўл бўлиш шарт эмас, – дейди у. – ўша тунда уларга осон бўлмаганини яхши тушунаман. Уларга маъруза ўқиб, ухлашга мажбур қилиш ўрнига улар билан қолиб, эртанги ўйиннинг муҳим эканлигини гапирдим. Уларнинг гольфни яхши ўйнашларини айтдим. Соат иккиларда улар ухлагани тарқалишди. Эрталаб барчалари яхши кайфиятда эдилар. Кечки пайт эса Германияга қарши ажойиб ўйин намойиш қилишди».
Ғалабадан сўнг бразилияликлар майдон узра байроқ ҳилпиратиб югуриб юришганида 30 ёшли Кафу заҳира ўриндиғи ёнида саланглаб юрар ва қора фломастер изларди. Ниҳоят майдонга саҳнани олиб чиқиб ўрнатишгач ва Бразилия терма жамоаси сардори ўз қўлига кубокни олганида унинг нима учун фломастер излагани маълум бўлганди. Кафу сариқ-зангор футболкага «100 фоиз Вила Ирен» деган ёзувни битган экан. Бу билан у ғалабани Бразилиянинг Сан-Паулу шаҳридаги ўзи туғилиб ўсган энг қашшоқ туманга бағишлаганини изҳор қилганди. Кафу ўшанда жаҳон чемпионатлари тарихидаги қаторасига учта финалда иштирок этган ягона футболчига айланганди.
Бразилияликларнинг ғалабасидан кейин Рио кўчалари ва пляжларига ўн минглаб мухлислар чиқишганди. Лекин асосий базм самода содир бўлаётганди. «Биз Япониядан тўппа-тўғри Бразилияга учгандик. Учиш давомида бирорта ҳам одам ухлашни хаёлига келтирмаганди, – деганди Роналдо. – қаердадир бошқа самолётга ўтиришимиз керак эди. Бироқ мен буни эслай олмайман. Чунки ўша пайтда базми жамшид авжида эди».
Базм кейинги йирик турнир – Америка кубогида ҳам давом этганди. Бразилияликлар турнирга захира таркиб билан келишганига қарамай финалга қадар етиб боришган ва ҳал қилувчи ўйинда Аргентинани мағлуб этишганди. Ғалабали одим Конфедерациялар кубогида ҳам давом этганди. Финалда яна рақиб Аргентина ва яна битта йирик ғалаба – (4:1).
Бразилия яна ҳаммадан кучли эди. Конфедерациялар кубогида бразилияликлар нафақат кейинги уч йилликдаги учинчи совринни қўлга киритишди, балки Адриано, Роналдиньо, Кака ва Робиньолардан иборат бўлган «Сеҳрли Квадрат»ни намойиш этишди.
Янги қоидаларга кўра амалдаги жаҳон чемпиони ҳам саралаш турнирида иштирок этишга мажбур эди. Шу боис Бразилия навбатдаги жаҳон чемпионати саралаш турнирида қатнашди. Турнир ортиқча муаммо келтириб чиқармади. Бразилия ўтказилган 18 та ўйиндан фақат иккитасини бой берди ва Европадаги мундиалга қитъа турнири ғолиби сифатида жўнади.
Бразилия футбол федерацияси ва ташкилий ишлар билан шуғулланган Швейцариянинг компанияси ўртасида тузилган шартномага кўра миллий терма жамоа жаҳон чемпионатига тайёргарликни Цюрих яқинидаги Веггис шаҳрида ўтказганди. Швейцарияликлар бундан ўзига хос шоу яратишди: Бразилия термасининг машғулотларини томоша қилиш учун мухлислар 40 евродан тўладилар. Машғулотларни эса камида 5 мингдан фанатлар томоша қилишганди. Округда егулик ва ичимлик сотишга мослаштирилган автоматлар ўрнатилди. Жаҳон чемпионлари эса Люцерн кантони термаси билан ўртоқлик учрашуви ҳам ўтказди. ўйин 8:0 ҳисобида Бразилия фойдасига ҳал бўлди.
Ўша пайтлари термани бошқарган Паррейрага буларнинг бари ёқмасди. Чунки футболчилар тайёргарлик кўриш ўрнига мухлисларга ёқишга ҳаракат қилишар, қувноқ кайфият уларни бўшаштираётганди. Айримлар умуман кайф-сафо билан банд эдилар. Роналдо, Адриано ва Эмерсон тунни Веггисдаги клублардан бирида ўтказишган, у ерда мухлислар билан роса суратга тушишганди. Табиийки, бу суратларнинг кўпчилиги интернет орқали жамоатчиликка маълум бўлганди.
Бразилияликлар Германияга етиб боришгач янги можаро кўтарилганди. Қайсидир газетада «Роналдо – мечкай» деган маънодаги мақола пайдо бўлганди. Буни Бразилия президенти Луис Инасиу Лула да Силва ўқиб қолади ва шу заҳоти Паррейра билан интернет орқали боғланиб, ҳақиқатдан ҳам ҳужумчи шунчалар семириб кетганми, деб сўрайди. Бунга жавобан Роналдо газеталарда бўлмағур нарсалар ёзилиши мумкинлигини, мисол учун мамлакат президенти спиртли ичимликларни ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилиши ҳақида ҳам ўқиш мумкинлигини айтади.
Мана шу даврда сеҳргарлик поёнига етди, назаримизда. Бразилия Берлинда катта қийинчилик билан Хорватияни мағлуб этиб, «плей-офф» босқичига чиқди. Нимчорак финалда Гана билан ўзига хос спектакль ижро этишди ва чорак финалда Анри ва Зидан жамоасидан мағлубиятга учраб ортга қайтди. Ҳимоячи Роберто Карлосни Бразилияда сўкмаган мухлиснинг ўзи йўқ эди. Зиданнинг узатмасидан сўнг Анри ғалаба голини ураётганида ҳимоячи жарима майдони яқинида хотиржамлик билан гетрасини тўғриларди. Ана шу воқеадан сўнг Карлос термадаги фаолиятини якунлаганди.
Фанатлар қаҳрига учраганлардан яна бири Роналдиньо эди. Унинг Санта Катаринадаги ҳайкалини мухлислар бузиб ташлашганди. Аммо энг кўп танқидга учраган Паррейра бўлди. «Мен бу терма жамоани бошқаришни хоҳламагандим, – деганди у. – Сколари 2002 йилда ғалаба қозонди ва кетди. Мен эса «Коринтианс» билан муваффақият қозонгандим. Биз жуда чиройли ўйнардик ва барчага ёқардик. Ўша пайтда менга федерация вакиллари мурожаат қилишди. Бир неча марта рад жавобини берганимга қарамай улар қайта-қайта таклиф қилишарди. Ниҳоят мен таслим бўлдим ва таклифни қабул қилдим».
Мураббийнинг гапларига қараганда футболчилар Германияга кўнгилхушлик учун ташриф буюришган экан. «Менда мотивацияси йўқ жамоа мавжуд эди. Улар менга содиқ эмасдилар. Улар ўта бадавлат инсонлар бўлишгани учун турнирнинг қизиғи йўқ эди. Агар ФИФА турнир давомида таркибни ўзгартиришга рухсат берганида мен футболчиларнинг ярмини уйга жўнатиб юборардим. Роналдиньо ёки Роналдони назарда тутяпманми? Исмларни ошкор қилишни хоҳламайман. Аммо кимнинг жаҳон чемпионатига ортиқча вазн билан келганини ҳамма билади. Жамоа кўпчиликнинг, жумладан менинг ҳам, ҳафсаламни пир қилди».
Манба: sports.ru

Биз Twitterда