Йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон ва Туркия савдо айланмаси 32,4%га ортди

Photo: uzreport.news
 
Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра 2018 йил биринчи ярмида Ўзбекистон билан Туркия ўртасида савдо айланмаси ҳажми ўтган йилнинг шу даврига кўра 32,4% ортиш билан 940 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Бу натижа билан, Туркия Ўзбекистоннинг тўртинчи энг йирик тижорат ҳамкори бўлди. Туркиянинг мамлакатимиз умумий ташқи савдо айланмасидаги улуши 5,3 фоизга тенг бўлди.
Ўтган 6 ой мобайнида Ўзбекистондан Туркияга 444,6 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган бўлса, Туркиядан импорт ҳажми 495,4 миллион долларга тенг.
Яқин йилларда бу кўрсаткични 5 миллиард долларга етказиш бўйича аниқ тадбирлар юзасидан келишиб олинди. 
Рангли металлар ва улардан тайёрланадиган буюмлар, мева-сабзавот маҳсулотлари, хизматлар, азот ўғитлари, нефтни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлар мамлакатимизнинг Туркияга асосий экспорти бандларини ташкил этади. Ўз навбатида, мамлакатимиз пардоз-андоз буюмлари, турли механик ва электрон ускуналар, пластмасса ва улардан тайёрланадиган маҳсулотлар, тўқимачилик, кимё, фармацевтика маҳсулотлари, тери ошлаш ва бўяш воситаларини импорт қилади. 
Ўзбекистон Туркия бозорига енгил саноат, кимё, металлургия, машинасозлик, электротехника, чарм-пойабзал ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилишни кенгайтиришга тайёр. Бу борада Истанбул шаҳрида очилган Ўзбек – Турк савдо уйи имкониятларидан кенг фойдаланиш мумкинлиги алоҳида қайд этилди. 
Транспорт коммуникациялари ва транзит соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия ҳамда Ер усти юк ташувлари тўғрисидаги келишувларга мувофиқ тузилган Халқаро автомобиль ташувлари масалалари бўйича қўшма комиссия бу йўналишдаги алоқалар ривожига салмоқли ҳисса қўшмоқда. 
"Боку – Тбилиси – Карс" темир йўли ўзаро савдо алоқалари учун улкан имкониятлар яратди.
Ўзбекистонда 1993 йилдан буён ваколатхонаси фаолият кўрсатаётган Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА) саъй-ҳаракатлари ҳам юқори баҳога лойиқдир. Ўтган давр мобайнида ушбу агентлик тиббиёт ва таълим муассасаларининг моддий-техник базасини модернизация қилиш, қишлоқ хўжалиги ҳамда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга йўналтирилган қатор лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилишида фаол қатнашди. 
Икки мамлакатда ҳам харидоргир бўлган юқори қўшимча қийматли маҳсулотларни етказиб бериш ва узоқ муддатли инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш орқали ўзаро савдо ҳажмини муттасил ошириб бориш ва диверсификация қилиш асосий мақсадлардан биридир.
Ўзбекистонда Туркиянинг етакчи компаниялари иштирокида қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш, энг аввало, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарида минерал ва хом ашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш асосида юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил қилиш ишлари рағбатлантириб борилмоқда.
Туризм соҳасидаги ҳамкорликни жадаллаштиришда миллий авиакомпанияларимиз ўртасида шерикчилик муҳим ўрин тутади. 
"Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси томонидан ўтган йил октябрь ойидан бошлаб "Самарқанд – Истанбул", жорий йилнинг мартидан бошлаб "Турк ҳаво йўллари" томонидан шу йўналиш бўйича тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилгани, халқларимиз ўртасидаги борди-келдининг соддалаштирилгани муҳим аҳамиятга эга.
Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда