Йигитни ўлдир, лекин ҳаққини ема... Андижон ҳокимини "мажбурий меҳнат" билан айблаш кимга керак бўлиб қолди?

 
Туркларда бир мақол бор, “Йигитни ўлдир, лекин ҳаққини ема” деган. Мен Андижон вилояти ҳокими билан умуман таниш эмасман. Унинг номини ҳимоя қилишдек мақсаддан анча йироқман. Лекин, бугун вилоят ҳокимлари муҳокамаларнинг марказига ўтган экан, қуйидаги фикрларимни баён этишни лозим топдим...
Куни кеча бўлиб ўтган Президент селектори ҳамда унда кўтарилган масалалар, уч вилоят ҳокимининг Давлатимиз раҳбари томонидан кескин танқид қилиниши электрон нашрларнинг ҳамда ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларнинг кун тартибида турган пайтда, бугун Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг номини Президент кўрсатмаларини менсимаган ҳолда, ташкилот ва идоралар ходимларини “мажбурий меҳнат”га жалб этишга уриниш билан боғлаган материаллар пайдо бўлди.
Бу эълон қилинган материалларда, Андижон ҳокими томонидан имзоланган “Шошилинч хабарнома” билан “асосланиб”, гўёки Шуҳрат Абдураҳмонов 68 та идора ва ташкилотнинг 790 та ходимини қурилиш асбоблари билан якшанба куни дача қурилишига жалб қилганини “маълум қилинмоқда”
Аслида эса, айнан ўша хабарномани яхши ўқиб кўрилса, ташкилот ва идоралардан ходимларини ишга олиб чиқиш эмас, ўзларига бириктирилган объектларда ишлаётган қурилиш ишчиларини якшанба куни видеога олиш жараёни учун чақириб беришни сўралмоқда. Яъни масала мажбурий меҳнат билан ҳеч қандай алоқадор эмас...
Савол туғилади, баъзи вилоят ҳокимлари қилган хатолари учун жамият кун тартибидан салбий қаҳрамон сифатида жой олиб турган пайтда, Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновни “мажбурий меҳнат” билан айблаш кимга керак бўлиб қолди?
Ҳокимлар ҳақида танқидий фикрлар билдириш керакмас деган фикрдан йироқман. Айтайлик, жиддий масала бўлади, кенг суриштириб, кейин таҳлилий муносабат ёзилади.  Лекин шунда ҳам мақомга ҳурматни сақлаган ҳолда муносабат билдирилиши керакмасми?!
Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда