Ижтимоий шериклик мустаҳкамланмоқда

Андижонда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижросини таъминлашда давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ижтимоий ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди, деб ҳабар беради ЎзА.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси, халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Андижон вилояти ҳудудий бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда вилоятдаги нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. 
Мамлакатимизда иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ва маданий-гуманитар соҳалардаги долзарб вазифаларни ҳал этишда давлат бошқаруви идоралари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўртасида ижтимоий шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилаётгани таъкидланди. 
Давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси фаолиятини такомиллаштириш, Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди грант танловларида вилоятдаги нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаол иштирокини таъминлаш юзасидан фикр алмашилди. Нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан амалга оширилган ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалар самаралари таҳлил қилинди. 
– Мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ОАВ га субсидия, давлат гранти кўринишида молиявий кўмак бериш кўлами ва ҳажми йилдан-йилга ортиб бормоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси аъзоси Тўлқинжон Каримов. – Бу мамлакатимизда фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёнида уларнинг фаоллигини янада ошириш, мавжуд ижтимоий муаммоларни ҳал этишдаги иштирокини таъминлашга ёрдам бермоқда. 
Тадбирда 2016 йилда жамоат фонди томонидан ўтказилган грант танловида ғолиб бўлган “Маҳорат ойнаси” журнали ҳамда “Қишлоқ оқшоми” газетаси таҳририятларига сертификатлар топширилди. 

Биз Twitterда