Ғиёc Бойтоев: Бугунги санъат олами олдинги санъатдан бошқача бўлиб кетган!

Article
“Бойчечагим”, “Кўкламойим”, “Санамгина”, “Она” каби қўшиқлари билан халқимизга таниш бўлган Ғиёс Бойтаевнинг ижодини ҳурмат қиламиз, қўшиқларини севиб тинглаймиз ва у Сайрам туманининг энг гўзал қишлоқларидан бири кўлкентлик эканлигидан фахрланамиз, деб ёзади Қозоғистоннинг "Жануб жарчилари" газетаси. Қуйида ушбу нашр мухбири Эътибор Сайфиддин қизининг истеъдодли санъаткор билан уюштирган суҳбатини ҳавола этамиз.

– Ижодингизга жуда қизиқамиз, ҳозир ижодда қандай янгиликлар бор?
– Авваламбор, сизларга ҳам раҳмат! Бугунги кунда меҳр-оқибат, дўстлик, яхшилик, Ватан тўғрисидаги қўшиқларни ёзиш билан бандмиз. Ҳар бир нарсанинг ўз вақти бор, дейилади. Биз ҳам янги қўшиқларимизни ўз вақти билан мухлисларимизга таништирамиз. Уларнинг матнлари кўп қирралидир.
Оқибатли бўлиш учун эл-юртга ватанпарвар бўлишга, ота-она, яқинлар, ака-укалар, опа-сингилларга меҳрибон, дўстга садоқатли бўлишга ундайдиган, тарбиявий аҳамиятга эга бўлган қўшиқларни куйлаган афзал, дея биламан ва ўзим доим шу йўналишда ижод қиламан.
– Дўстлик ҳақида сўз кетганда, икки эл орасидаги дўстлик ҳақидаям икки оғиз айтиб ўтсангиз…
– Ўзбекистон ҳамда Қозоғистон давлатлари орасидаги дўстликка кўз тегмасин, тинчлик ҳар биримиз учун муҳим. Икки эл орасида маданий кўприк бор экан, хотиржамлик ҳукм сураётган экан-ки, мана, бугун сизлар билан дийдор кўришиб, эркин мулоқотда бўлиб турибмиз.
– Туғилиб ўсган она қишлоғингиз, яъни Кўлкентга ташриф буюрганингизда хаёлингиздан нималар кечади?
– Ҳаяжонланиб, ёшлигим, беихтиёр, ёдимга тушади, мактабгача бўлган пайтларим, синфдошларим билан ўтган беғубор болалик даврларимни эсимга оламан. Тошкентда иш билан, ижод билан бандман, шунинг учун ҳам, бошқа нарсаларга чалғийман, Қозоғистонга келишим билан, болалик йилларимни хотирлайман.
– Анча йилдир-ки, ташқи кўринишингиз шу-шу кўринишда. Бунинг сирлари борми, дея қизиқувчи мухлислар ҳам йўқ эмас…
– Мен ундай ўйламайман, сабаби, умримиз ўтиб бораяпти, ўтаётган йиллар эса, ташқи кўринишимга таъсир қилмай, жимгина ўтиб кетаётгани йўқ. Ёшимиз улғаймоқда, биласизми, ўзгармаслик нимада бўлиши мумкин? Халққа бўлган меҳримизда бўлиши мумкин. Ўзаро муносабатларимиз ўзгармаслиги мумкин, лекин ташқи кўринишимиз ўзгаради, сабаби, вақт ўзининг кучини, барибир, кўрсатади.
– Кўпчилик мухлисларингизнинг талабларига биноан, оилангиз ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз…
– Оллоҳ берган бир қиз, бир ўғлим бор. Вояга етиб қолишди, уларнинг бахтли бўлишларини истайман. Оиламиз билан тинч-тотув ҳаёт кечираяпмиз, туғилиб ўсган юртимга тез-тез келиб тураман. Сабаби, қариндош-уруғларим, опа-сингилларим, ака-укаларим шу ерда. Оллоҳга шукур, бизлар бир бирларимизга меҳрли-оқибатлимиз, имкон қадар, бир биримизни қўллаб, меҳр кўрсатишга ҳаракат қиламиз ва шунга одатланганмиз. Шунинг учун ҳам, меҳр-оқибат ҳақида кўпроқ куйлайман.
– Устоз санъаткор сифатида шоу-бизнесга қадам қўяётган ёшларга қандай маслаҳат берасиз?
– Бугунги санъат олами олдинги санъатдан бошқача бўлиб кетган. Техника даврида яшаяпмиз, озгина осон йўлда ишлаймиз. Авваллари чинакам меҳнат, ҳақиқий хизмат бўларди. Лекин халқ билади, кимнинг қандай ишлаётганини. Маслаҳатим: халқимиз севиб тинглайдиган қўшиқларни яратишсин!
– Ғиёс Бойтоев ўз ўзидан шу даражага етмаган, шундайми?
– Албатта! Устозларимиз туфайли ва ўзимнинг меҳнатларим туфайли шу даражага эришдим. Бунинг учун Яратганга минг бор шукурлар айтаман. Чимкентлик таниқли санъаткор Тўлқин Ҳасанов, Эркин ака Шукуралиев, Ўзбекистонда Камолиддин Раҳимов, Шерали Жўраев, Ҳожиакбар Ҳамидов, Маъмуржон Узоқов, Фахриддин Умаров, тожикистонлик Жўрабек Муродовларнинг қўшиқларини кўп эшитганман. Гарчанд ўзим кўрмаган бўлсам ҳам, Жўрахон Раҳимовнинг қўшиқларидан баҳра олардим, уларнинг ижодлари мендаги санъатга бўлган қизиқишнинг ортишига сабаб бўлди.
– Боя ўзингиз айтганигиздек, осон йўл билан дунёга келаётган умри қисқа қўшиқлар ҳақида фикрларингиз…
– Замон шунақа, буни инкор этиб бўлмайди. Бугунги кунда ёшларга техника, деган енгиллик туғилди. Лекин шуларнинг орасида ҳам, яхшиси ўзи билиниб туради ижоди билан. Демоқчиман-ки, яхши санъаткор ўзининг йўлини топиб олади.
Аслида ҳар қандай қўшиқни бир марта бўлса ҳам тинглаб кўришимиз керак. Ҳар бир инсон бирданига зўр бўлиб қолмайди. Ҳозир одамларнинг кўзича яхши бўлмай юрган санъаткор вақти келиб, зўр бўлиб кетиши ва бунинг акси ҳам бўлиши мумкин. Ёш санъаткорлардан ҳам қайсидир маънода таълим олсангиз бўлади.
– Райҳона Ғаниева Ҳиндистонда клип олди, Шаҳзода Муҳаммедова навбатдаги кинода суратга тушди, каби янгиликларни инстаграмм, фейсбук каби ижтимоий тармоқлардан ўқиб турамиз. Сиз ҳам нега ижодий янгиликларни мухлисларингизга ёритиб бормайсиз?
– Фалончи мана бунақа қўшиқ айтди, дея эргашмаганман ҳеч кимга. Қўлдан келганича ҳаракат қилганимизнинг ўзида санъат оламида ўзимизнинг ўрнимиз — стилимизни яратдик. Буни, балким биров тан олар, бировлар тан олмас…
Энди саволингизга келадиган бўлсам, аёлларимиз туфайли олам чиройли, аёл сўзининг ўзи чиройли. Улар доим ўзларини ҳаммадан устун қўйишади, ясан-тусан, дегандек. Умуман, бир сўз билан айтганда, биз – эркакларда нима қомат бор, ўзимизни ҳар кўйга соладиган. Ҳеч вақтда ўзгариш ниятим йўқ, қўшиқ яратамиз, уни халқимизнинг яхши кунларида куйлаймиз, шунинг ўзи етади.
– “Жануб жарчилари”, шу қатори “Руҳият дунёси” ҳамда “Болалар олами” газеталарининг муштарийлари сизнинг ҳам мухлисларингиз. Уларга тилакларингиз билан суҳбатимизга якун ясасак…
– Икки эл орасидаги тотувлик йўқолмасин. Уйларингизда тўйлар-тантаналар бўлсин, уларда хизмат қилиш бизларга насиб қилсин! Бир-биримизни ҳурмат қилайлик. Газеталарингизнинг муштарийлари кўп бўлиб, ишларингизда омадлар ёр бўлсин! Мухлисларимиз омон бўлишсин!
– Ғиёс ака, халқимизга хуш ёқадиган қўшиқлар яратишдан чарчаманг, ижодий зафарлар ёр бўлаверсин!
jarchi.kz

Биз Twitterда