Истанбулни қонга белаган террорчи, минг афсуски, ўзбек бўлиб чиқди! ИШИД тузоғига тушган Абдуқодир Машарипов ким?

Article

Туркиянинг марказий нашрларидан бири “Hürriyet”нинг Истанбул Хавфсизлик мудирлиги (Ички ишлар бошқармаси)дан олинган маълумотга асосланиб берган хабарига кўра, Янги йил кечаси Истанбулдаги “Reina” тунги клубига қуролли ҳужум уюштириб, 39 кишининг ҳаётига зомин бўлган террорчининг номи маълум бўлди. Минг афсус ва надоматлар бўлсинким, ИШИД террорристик ташкилоти томонидан уюштирилган бу зулм намойишининг ижрочиси асли ўзбек бўлган Абдуқодир Машарипов бўлиб чиқди.... 15 декабрь куни Конядан Истанбулга келган, террористик ташкилотда “Абу Муҳаммад Хуросоний” номи билан иш юритган Машариповга қурол-яроғларни Истанбулга олиб келишда террорчи шериклари ҳамкор бўлишгани билдирилди.

Террорчининг миллати, ирқи, дини бўлмайди дейилади, лекин ахборот даври бўлган 21 асрда бундай хабарларда “террорчи” сўзи “ўзбек” сўзи билан ёнма-ён берилиши хуш ёқувчи хусус эмас. Қолаверса, яқинда АҚШ президентлигига сайловолди кампанияси бўлаётган даврда Трамп деганлари ўз сайловчилари билан учрашувда Ўзбекистонни террористик мамлакатлар қаторига қўшгани, АҚШга бундай давлатларнинг фуқароларини умуман(!) киритмаслик кераклигини айтганда бундай “реклама” ўзбек миллатини номига доғ туширувчи ҳолат бўлганди. Яхшиямки, жўғрофиядан анча узоқ бўлган Трамп ортидан “бу Ўзбекистон деганлари ўзи қаерда?” деб сўраганди, бу билан қаерда жойлашганини ҳам билмайдиган мамлакатни террористик дейиши шунчаки оғзига келган нарса эканлигини кўрсатиб қўйганди ва дастлабки фикри ортиқча эътибор тортмаганди...

Бугун бутун дунёга хавф солаётган, дин ниқоби остида турли хунрезликларни амалга ошираётган ИШИД аслида айрим кучларнинг қўғирчоғи эканлигини, динимизга зарар беришдан бошқага ярамаслигини кўпчилик яхши билади. Зеро, уларнинг даҳшатли қирғинлари, вайронкорлик руҳидаги қарашларини оммавий ахборот воситалари орқали кузатиб бораяпмиз. Бироқ орамизда англаб-англамай, фоний ваъдаларга ишониб, уларнинг сафига қўшилаётган ёшлар ҳам учраб турибди. Хўш, бундайлар сирасини тўлдирган Абдуқодир Машарипов ким ўзи? Уни бунга нима мажбур қилган? Тинч ва осуда ҳаётни даҳшат билан алмаштиришига сабаб нима? Кўрамиз, булар ҳам маълум бўлар яқинда...

Биз Twitterда