Ислом Каримовга меҳр-муҳаббат ифодаси

фото: http://uza.uz
 
Ўзбекистон Бадиий академияси Тошкент Фотосуратлар уйида мустақиллигимиз асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган фотокўргазма ҳамда унинг портретини яратиш бўйича ижодий танлов натижаларига бағишланган бадиий кўргазма очилди, деб хабар қилади УзА.
Фотокўргазма ва ижодий танлов Ўзбекистон Бадиий академияси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳамкорлигида ташкил этилди. 
Кўргазма экспозициясидан жой олган “Ислом Каримов ғаллазорда”, “Ислом Каримов ёшлар даврасида”, “Саид Аҳмад ва Ислом Каримов”, “Ислом Каримов санъаткорлар даврасида”, “Ислом Каримов ҳарбийлар даврасида”, “Ислом Каримов ва Владимир Путин”, “Ислом Каримов ва Нурсултон Назарбоев” каби қирққа яқин сараланган суратларда Биринчи Президентимизнинг сермазмун ҳаёти ва фаолияти акс этган. 
 
фото: http://uza.uz

Кўргазма доирасида Биринчи Президентимизнинг портретини яратиш мақсадида жорий йилнинг 31 июлига қадар ўтказилган ижодий танлов ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди. 
Танлов натижаларига кўра, биринчи ўринга Ўзбекистон Республикаси халқ рассоми Баҳодир Жалолов сазовор бўлди. Иккинчи ўрин Зебинисо Шарипова ва учинчи ўрин Мақсуд Қосимовга насиб этди. 

Биз Twitterда