"Исломиада"да биринчи тарихий олтин медални қўлга киритдик! Турк каратечи Садриддин Сайматов зарбаларига дош беролмади!

ФОТО: www.wkf.net 
 
Озарбайжон пойтахти – Боку шаҳрида бўлиб ўтаётган Ислом ҳамжиҳатлик ўйинларида мусобақалар тарихида илк бор иштирок этаётган ўзбек спортчилари дастлабки олтин медални қўлга киритдилар.
Каратечилар баҳсида 60 кгда турнирда иштирок этган ўзбекистонлик каратечимиз, Осиё чемпиони ҳамда талабалар ўртасида жаҳон чемпиони, 19 ёшли Садриддин Сайматов туркиялик донгдор рақиби, Европа чемпиони Айкут Қояни 4:2 ҳисобида мағлуб этди ва юртдошларимиз орасида биринчи бўлиб Ислом ҳамжиҳатлик ўйинлари чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлди. Бу ҳақда мусобақа матбуот хизмати хабар қилди.
Бу йил ўзи Садриддин учун жуда омадли давом этмоқда. KARATE1 халқаро премьер-лигасининг уч йирик турнири – Париж, Роттердам ва Дубай биринчиликларининг ҳар уччаласида ғалаба қозонди. Энг аҳамиятлиси, апрелда Дубайда бўлиб ўтган беллашувларнинг финалида айнан сурхондарёлик спортчимиз айнан 26 ёшли Айкут Қояни мағлуб этганди.
Исломиада номи билан донг таратаётган ўйинлар – халқаро спорт мусобақаси ҳисобланиб, унда Ислом Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатларнинг энг кучли атлетлари иштирок этадилар.

Биз Twitterда