Ёзувчи ва шоирлар, ижтимоий соҳаси фидойилари Дўрмонда жам бўлишди

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг «Дўрмон» ижод боғида Наврўз байрами нишонланди. Шу муносабат билан ушбу сўлим гўшада ёзувчи ва шоирлар, маънавият, маданият, санъат ва илм-фан соҳаси фидойилари жам бўлди. 
 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммадали Аҳмедов ва бошқалар мамлакатимизда ижод аҳли жамиятнинг олди сафларида юрадиган, эл-юрт учун куйиниб яшайдиган фидойи инсонлар сифатида ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганини таъкидлади. 
Ижтимоий-сиёсий ҳаётимизнинг барча соҳалари қатори халқ маънавиятининг кўзгуси бўлмиш бадиий адабиёт ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Китобхонлик маданияти кенг тарғиб этилаётир. Умрини соҳа равнақига бағишлаган атоқли ёзувчи ва шоирларнинг адабий мероси ўрганилиб, таваллуд саналари кенг нишонланмоқда. Нашриёт ва босмахоналар, газета ва журналларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, нашр ишлари замонавий талаблар асосида йўлга қўйилаётир. 
Бундай эътибор ва ғамхўрликка жавобан ижод аҳли томонидан халқимиз қалбини, унинг олий мақсадлари, руҳиятини, бугунги ҳаёти, тақдири ва келажагини ёритишга қаратилган кўплаб асарлар яратилмоқда. Улар бугунги мураккаб замонда одамлар қалбида эзгулик ва бағрикенглик туйғуларини кучайтиришга ҳисса қўшмоқда. 
Тадбирда давлатимиз томонидан ёш ижодкорларга ажратилган уйларнинг калитлари топширилди. 
Тадбирда китоблар кўргазмаси ташкил этилди. Баҳорий ноз-неъматларга тўла дастурхон, ижодкорлар томонидан ўқилган шеърлар, хушовоз хонандаларнинг куй-қўшиқлари барчага хушкайфият бағишлади. 

Биз Twitterда