Индонезиялик отахон 146 ёшини нишонлади

Article

Умр – Оллоҳнинг инсонга туҳфаси. Кимнинг қанча яшаши алмисоқда унинг пешонасига битилиши айтилади.

Бугунги кунда уч асрнинг тарихига гувоҳ инсонлар дунёда талайгина. Шулардан бири, индонезиялик отахон Сапарман Содимежо 31 декабрь куни 146 ёшини нишонлади. Айни пайтда ушбу кекса инсон норасмий тарзда жаҳоннинг энг қария инсони унвонига эга. Бу ҳақда Британиянинг Daily Mail газетаси ёзмоқда.

Унинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасида 1870 йилнинг 31 декабрда таваллуд топгани кўрсатилган. Ушбу қувончли санани отахон Ява оролида оиласи ва қариндошлари билан биргаликдан нишонлади. Ёши бир жойга бориб қолганига қарамай, Содимежо бува ҳамон ўзи мустақил ҳаракатланади.

Расман тан олинган дунёнинг энг ёши улуғ инсони эса, италиялик Эмма Морано ҳисобланади. У 1899 йилда туғилган бўлиб, 29 ноябрда 117 ёшни қаршилади.

Юртимизда ҳам ёши 100 дан ошиб жаҳон рекордчилари сафига кирса бўладиган пиру бадавлатларимиз талай топилади. Мисол учун, хоразмлик Момохон она Романова 1896 йилда, Фарғона вилояти, Чимён қишлоғида яшовчи Бойдада ота Хўжаев эса 1900 йилнинг 1 июлида таваллуд топган.

Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги байрами арафасида эса раҳматли биринчи президентимизнинг фармонлари билан Фарғонанинг Бувайда туманида яшовчи 1896 йилда таваллуд топган 121 ёшли Ҳувайдо момо Умарова “Шуҳрат” медали билан тақдирланганди. 2015 йил баҳорида эса қорақалпоғистонлик Тўти она Юсупова 135 ёшида вафот этганди.

Шунингдек дунёда ёши улуғ сифатида озарбайжонлик чўпон Шерали Муслимов (168 ёш!!) эътироф этилсада, унинг бу ёшга киргани расман тан олинмаган.

Ёши улуғларимизнинг умрлари узоқ бўлсин!


Биз Twitterда