«Ҳилол-нашр»нинг янги савдо мажмуаси очилди

«Ҳилол-нашр» нашриёт-матбаа уйи марказий савдо мажмуаси қуриб, фойдаланишга топширилди. 2017 йил 21 январь куни ушбу иншоотнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси вакиллари, юртимизнинг дин пешволари, уламолар, имомлар, шунингдек, таълим муассасаларидан, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси вакиллари, ноширлар, телевидение, радио ҳамда матбуот, даврий ва электрон оммавий ахборот воситалари вакиллари, машҳур адиблар иштирок этишди.
Очилиш маросими Қуръони Карим тиловати билан бошланди. Дуолардан сўнг нашриёт бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, ёзувчи Эркин Малик меҳмонларни «Ҳилол-нашр» матбаа-нашриётининг тарихи ва фаолияти билан таништириб ўтди.
«Ҳилол-нашр» нашриёт-матбаасининг раҳбари Исмоил Муҳаммад Юсуф сўзга чиқиб, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари асос солган ушбу илму маърифат масканига – «Ҳилол-нашр» нашриёт-матбаа уйига ташриф буюриб, марказий савдо мажмуасининг очилиш маросимида ҳозир бўлган барча меҳмонларга самимий миннатдорчилик билдирди, нашриётнинг эришган ютуқлари, ҳозирги кунда қилинаётган ишлар ҳамда келгуси режалари ҳақида сўзлаб берди.

Шундан сўнг анжуманда ҳозир бўлган меҳмонлардан Ўзбекистон мусулмонлар идораси Фатво бўлимининг мудири Абдулҳамид Турсун, Абдуллоҳ ҳожи Саттиев, юридик фанлари доктори, профессор Ҳалим Бобоев ҳамда иқтисод фанлари номзоди Обиддин Маҳмудовлар сўзга чиқиб, марказий савдо мажмуасининг очилиши муносабати билан «Ҳилол-нашр» матбаа-нашриёти раҳбарларини, таҳририят аъзолари, ижодий гуруҳ ҳамда барча меҳнат жамоасини муборакбод қилдилар, шайх ҳазратларининг фидокорона хизматлари ҳамда улкан илмий меросларининг, ушбу илм-маърифат масканининг аҳамияти, халқимизнинг маънавий ҳаётида тутган ўрни ҳақида тўлқинланиб сўзладилар, хайрли дуолар қилдилар.
 

Биз Twitterда