Илк хабарни дунёга биз бердик, сарҳисоб ҳам биздан: Сумалак, Наманган, 2018

МЕГАҚОЗОН БОШИДАН, ЎЧОҚ ҚОШИДАН БАЙРАМ ЛАВҲАЛАРИ ЖАМЛАНМАСИ
 
 
НИМАЛАРНИ ЎЙЛАБ ТОПИШМАЙДИ-Я?!
Январ ойидан бери ижтимоий тармоқларда ва оммавий ахборот воситаларида "Наманганда 5 тонналик сумалак тайёрланаркан!" деган хабар тез тарқалди ва кўпчиликнинг қизиқишига, муҳокамасига сабаб бўлди. Бу ташаббус ҳокимлик томонидан қўллаб-қувватланиб, мана, ўша ҳаяжонли кунларга етиб келдик.
Наманган шаҳрининг қоқ марказида жойлашган Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи 20-21 март кунлари баҳорни, байрамни, сумалакни соғинганлар билан гавжумлашди. Файзли гўшада "Сумалак сайли" туризм ва миллий қадриятлар фестивали юқори савияда, кўтаринки руҳда нишонланди. Аҳамиятли лойиҳа Наврўз тантаналари доирасида илк бор уюштирилди.
Бутун халқимиз шов-шувли тадбирнинг бевосита иштирокчиси ва кузатувчисига айланди. Ҳамма ёқда дув-дув гап. "Минг марта эшитгандан, бир бора кўрган афзал", дея гуррас-гуррас келишаверди. Одамлар ташрифи, оқими, аҳил ва бирдамлиги ҳам рекорд даражага етди!..
Баҳор келди боғлардан,
Салобатли тоғлардан,
Шарқираган сойлардан.
Салом сенга, гул Наврўз!
Салом сенга, гўзал юз!
Ерда майсалар ўсар,
Дилни ғубордан тўсар,
Заминга гилам тўшар.
Салом сенга, гул Наврўз!
Салом сенга, гўзал юз!
 
СУМАЛАКДАН 200 кг. ТОШ ТОПДИМ
 
 
Бунақаси  бўлмаган! 8 тонналик маҳобатли, махсус ўчоқ-қозоннинг Олмалиқ кон-металлургия комбинатидан олиб келиш, кутиб олиш ва ўрнатиш маросимлари ҳам карнай-сурнайлар садоси, кенг омманинг хайрихоҳлигида ўтказилди.
Сумалакнинг бир неча минг йиллик тарихида мисли кўрилмаган воқеа. Кўп миқдордаги баҳорий таомни пиширишда моҳир 25 нафар сумалакчи онахон ва 10 нафар йигитларга машҳур ошпаз, ҳамюртимиз Баҳриддин Чустий ва бош сумалакчи, Нодира номидаги ахборот-кутубхона маркази директори Мавлудахон Жўрабоева етакчилик қилишди. Улар ғайрат-шижоатга миниб, масъулиятли хизматни аъло бажардилар.
 
 
Маълумот учун, ҳозирлик жараёнида 1,1 тонна буғдой тозаланди, ювилди ва умумий юзаси 112 квадрат метрдан кўпроқ бўлган 50 хонтахтага ундиргани қўйилди, 2,5 тонна ун элакдан ўтказилди. Бунга 300 нафардан ортиқ хотин-қиз жалб этилди. Майсани парваришлашда туну кун навбатчилик тузилди, отинойилар хатми Қуръон ўқишди, юртга тинчлик-осойишталик, деҳқончиликка барака, эзгу ишларга ривож тилашди. Қиймалагичдан чиқарилган 5,2 минг литр буғдой шираси улкан қозон атрофига ўрнатилган 27 дошқозонга жо бўлди. 250 литр ўсимлик мойи ва 2,4 минг литр сув ишлатилган, дарёдан махсус териб олинган, ювиб-қайнатиб тозаланган тош солинган сумалак 24 соат қайнади.
Наманган шаҳар ҳокими Шавкат Абдураззоқов раҳбарлигида мутасаддилар жараёнларни назорат қилиб боришди, ташкилий ишларнинг сифатли уддалашга жиддий эътибор қаратилди. Хизматчилар ва келувчилар учун етарли шароитлар яратилди. Сумалагимиз санъаткорларнинг лапар ва яллалари, куй-қўшиқлари ва момоларимиз, келинчаклар дуоси, шоир-ёзувчиларнинг самимий гурунглари оғушида қайнади. Уни мутахассислар, нуронийлар, ёшлар, меҳмонлар, эзгу ниятлар ила ковладилар. Шундай қилиб, 5 тонналик баҳор таоми мазали бўлиб пишди.
 
 
НАМАНГАН НАМУНАСИ: КЎНГИЛЛАР ЗАБТ ЭТИЛДИ!
 
 
Ширин сумалакни очиш ва тарқатиш маросимида Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ва нуронийлар иштирок этиб, қозон четида ҳаммани ажойиб муваффақият билан қизғин табриклашди, тилаклар билдиришди. Сумалакнинг учдан бир қисми вилоятдаги меҳрибонлик, саховат уйлари, шифохоналар ва кам таъминланган оилаларга етказилди. Қолаверса, сайлга келган наманганликлар, вилоят меҳмонларига ҳам 15 мингдан ортиқ бир марталик идишларда сумалак тортиқ қилинди.
Шунингдек, ҳокимлар ҳудуддаги "Нуронийлар чойхонаси" ва "Боғи эрам" тантаналар мажмуасида 12 нафар болажоннинг хатна ва икки жуфт оиланинг никоҳ тўйларини ўтказишга бош-қош бўлишди, 50 нафар ногиронлиги бор шахсга аравачалар совға қилишди. Тўйболаларга 3 миллион сўмлик банк омонат сертификатлари ҳамда ёш келин-куёвларга мебель тўпламларини совға тариқасида топширишди. "Фарзандларимиз ҳаётида унутилмас саҳифалар муҳрланди!", дея миннатдорчилигини ўртоқлашди кичкинтойларнинг ота-оналари номидан "Баҳор" МФЙда яшовчи, кам таъминланган оила вакили Азиза Фозилова.
 
 
Сайл давомида пойтахтдан - таниқли хонандалар Зулайҳо Бойхонова, Абдуҳошим Исмоилов, Мавлуда Асалхўжаева, Ёдгор Мирзажонов, Иззатилла Иброҳимов, Баҳриддин Зуҳриддинов ва вилоятимизнинг эл ардоғидаги қўшиқчилари, фольклор ансамбл жамоалари ижросидаги дилрабо тароналар томошабинларнинг қувончини янада оширди.
 
 
Бетакрор лаҳзалар. Кун ва тун тенглиги. Ҳокимлар юрган йўлларда гулу чечаклар очилди. Боғ ичи ва тевараги ўзгача манзара ва миллийлик кўринишини олди. Корхона-ташкилот ва муассасалар, миллий маданий марказлар ўзлари учун ажратилган жойни инновацион ғоялар асосида баҳорий безатдилар. Наврўз тадбирлари шаҳримиздаги "Кичкинтой" ва "Ёшлар" боғларида ҳам намунали ташкиллаштирилди. Вилоят ва шаҳар ҳокими ҳамда меҳмонлар бу масканларга ҳам бориб, сайилни томоша қилдилар.  
 
 
Халқ сайлида "Дўппидек ош" танлови орқали 27 нафар пазанда 250 грамм гуручдан палов дамладилар, бор маҳоратларини ишга солиб, йиғилганларни лол қолдиришди. Сомсапаз ва кабобпазлар эса "Тандир таомлар шоу"сида шинавандалар эътирофини қозонишди. Қатнашчилар турли концерт дастурлари, миллий халқ ўйинларидан, баҳорий миллий таомлардан, ҳунармандчилик кўргазмаларидан, дорбозлар ва спортчиларнинг чиқишларидан баҳраманд бўлишди, варраклар учирилди. Айниқса, гуллар ва китоб савдоси авжига чиқди. Аттракционларда хуррамлик нашидасини сураётган болажонларнинг шўх қийқириқлари, табассуми дилларни хушнуд қилди.
Якунда ғолиб ва фаоллар олқишланди, уларга диплом ва пул мукофотлари берилди.
 
«СЕКИНРОҚ ГАПИРСАНГИЗ, ЁЗИБ ОЛСАМ...»
 
 
Оммавий ахборот воситалари ва интернетнинг эътибор марказида Намангандаги «Сумалак сайли» завқ-шавқ билан тезкорликда ёритиб борилди. Юртдошларимиз "Ўзбекистон-24", "Дунё бўйлаб" ҳамда вилоят телерадиоканалларида тўғридан-тўғри узатилган репортаж ва таҳлилий лавҳаларни ҳаяжон билан кўриб боришди.
Шаҳар ва вилоят ҳокимлиги ахборот хизматлари ва «Наманган ҳақиқати», "Наманган садоси" газеталари, вилоятдаги ахборот порталлари сайтлари, ташкилий қўмитанинг «Пресса» гуруҳи аъзолари томонидан "Фейсбук", "Телеграм", "Каналларнинг додаси" ва бошқа ижтимоий тармоқ ҳамда каналларда суратлар, материаллар, видеолар жойлаштириб борилди. Бу эса кишиларнинг фикри, кайфиятига ижобий таъсир кўрсатди.
 
 
Таъкидлаш жоиз, Корея, Япония, Хитой, Россия, Германия, Туркия, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон каби 10 дан зиёд хорижий давлатдан сайёҳлар ва инвесторлар, Ўзбекистонимизнинг вилоятларидан, Қорақалпоғистон Республикасидан меҳмонлар ташриф буюришди. Япониялик Ная Сетсуо, кореялик Еонгҳуван Парк, россиялик Александр Твердовский, туркиялик Мустафо Ҳартави ўғли, Мерт Юсуф Эйидемирлар Наврўз шодиёналаридаги таассуротларини зўр ҳавас ва ҳайрат билан, тўлқинланиб изҳор қилишди, улар бағоят хурсанд эканликларини яширмадилар.
Шоира опамиз Малика Бойхонни сайлнинг биринчи куни боғда учратиб қолдик. Ўша пайтда ёзилган янги шеърни ўқиб бердилар, шуни сизга ҳам илиндик:
 
Таомлар султони сумалак,
Бағрингда куч-қудрат яширин.
Атрофда парвона юз малак,
Тезроқ пиш, бол каби бўл ширин.
 
Меҳрдан яралган сумалак,
Қайнайвер, хуш бўйинг таратиб.
Бизнинг-чи, бошимиз осмонда,
Дунёга меҳрни тарқатиб!...
 
НАМАНГАН - СУМАЛАК ШАҲРИ ҲАМДИР
 
 
- "Сумалак сайли" ёрқин рангли, ҳиссиётларга бой, қиш совуғидан кейин ҳар бир инсон қалбига иссиқлик, ажиб ҳарорат бахш этди. Сумалакнинг эса хосияти ва саломатликка фойдаси бисёр, - дейди ташаббускорлардан бири, шаҳар кенгаши депутати, маърифатпарвар тадбиркор Маъруфжон Мўминов.
Фестивал моҳиятига кўра, ўзида баҳорий янгиланишга хос байрам шукуҳи, ўзбек халқининг миллий қадриятлари эъзози, хайрияпарварлик, шодлик улашиш сингари хусусиятларни қамраб олган оммавий сайл сифатида намоён бўлди.
Биз мақсадимизга эришдик! Айёмга муносиб туҳфа тайёрладик, Наманганнинг чиройи тилларга тушди, таърифлашга сўз кам. Ҳа, сайлдаги муҳит дунёнинг энг катта туризм тадбирларини ортда қолдирди. Гуллар шаҳри, фавворалар шаҳри, тадбиркорлар шаҳри бўлган Наманганимиз энди "Сумалак шаҳри"га ҳам айланажак! Наврўз - янги ризқ-рўзингиз, шарқона янги йилингиз муборак! Ҳар кунингиз Наврўз бўлсин, азиз ватандошлар!
Орифжон  ЖЎРАЕВ
 
Тоҳиржон ТУРСУНОВ, Жаҳонгир АКРАМОВ, Шоҳруҳ ТОЛАБОЕВ олган суратлар.

Биз Twitterда