Ихтисослаштирилган хирургия ва урология марказлари фаолияти танқидий муҳокама қилинди

2017 йилнинг 13 март куни Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Депутатлар академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия ва Республика ихтисослаштирилган урология марказларининг фаолиятини муҳокама қилдилар. 
Таъкидлаш лозим, йиғилишдан аввал парламент аъзолари жойларда ҳақиқий ҳолатни чуқур ўргандилар. Депутатлар юқорида кўрсатилган тиббиёт муассасалари фаолиятининг амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ келиши, хусусан, фуқароларнинг малакали тиббий хизматдан фойдаланишга бўлган ҳуқуқининг амалга оширилишини таҳлил қилдилар. 
 

Депутатлар ўз чиқишларида тиббиёт муассасалари томонидан қонун ҳужжатлари талаблари етарли даражада ижро этилмаётганлиги, Президентимиз томонидан белгиланган вазифалар суст бажарилаётганлиги каби қатор масалаларга эътибор қаратдилар. Ушбу соҳада фуқароларнинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш, тиббий хизматларнинг қимматлиги ҳамда ҳудудларда муассасалар филиалларининг мавжуд эмаслиги боис хизматлардан фойдаланиш имкони йўқлиги билан боғлиқ бир қатор масалалар кўтарилди. Ҳар бир ихтисослаштирилган тиббиёт маркази республикамиз ҳудудларида ўз филиалларини ривожлантиришга доир дастурларига эга бўлиши, жаҳон миқёсидаги етакчи тиббиёт марказлари билан мустаҳкам алоқалар ўрнатиши, марказларнинг ихтисослашуви йўналишлари бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириши лозимлиги қайд этилди. 
Мажлисда депутатлар мамлакатимизнинг ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари фаолиятини сифат жиҳатидан яхшилаш, қонун ҳужжатларини ва унга доир ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришда ҳокимиятнинг ваколатли ва ижро этувчи бўғинлари самарали ҳамкорлиги борасидаги тизимли фаолиятининг муҳимлиги таъкидлаб ўтилди. 
Мажлис якунига кўра, Қонунчилик палатаси тиббиёт соҳасини ривожлантириш борасидаги долзарб вазифалар батафсил белгиланган тегишли қарор қабул қилди. Ушбу вазифаларнинг ижро этилиши устидан депутатлар томонидан самарали парламент назорати таъминланади. 

Биз Twitterда