Ибратнинг ижодий фаолияти

 
Исҳоқхон тўра серқирра ижодкор сифатида “Луғати ситта ал-сина” (“Олти тилли луғат”), “Жомеъ ул-хутут” (“Хатлар мажмуи”, 1912 йил), “Тарихи Фарғона” (1916), “Тарихи маданият” , “Мезон уз-замон” (Замон тарозуси), “Санъати Ибрат, қалами Мирражаб Бандий” каби ўндан ортиқ тилшуносликка оид, илмий-тарихий ҳамда маърифий асарлар муаллифидир. Шунингдек, Ибрат назм бобида ҳам сермаҳсул ижод қилди. Ибрат шеърларини ва бошқа асарларини уч тилда (ўзбек, форс, араб) ёзган. Муҳсиний уни “соҳиби девон” деб сифатлайди. Лекин девон ҳозиргача топилган эмас. Умид қиламизки, ўзбек адабиёти келажакда яна бир нодир девон билан бойийди. Унинг эълон қилинган шеърлари вақтли матбуот саҳифаларида, турли тўпламларда талайгина. Шоирнинг ўғли Аббосхон 1910 йилда тузган баёзга отасининг 17 та шеърини киритган.
Эсимизда, зарбулмасалдай гап бор: бир рус генерали XIX асрда деган эканки, ерли халқ бизнинг тамаки ва ароқни ичишга ўргангач, Туркистонни бемалол бўйсундириш мумкин. Ибрат эса бу оғуларга муккасидан кетаётганларни кўриб, “Бўлубдур” радифли ғазалида назмий таассуф билдиради.
Алҳол муҳтасиб йўқ, бир-икки қилса ул дўқ,
Ичкуга халқ роғиб, дойим фиён бўлубдур.
Ушбу замон онлар, топди ривож ямонлар,
Йўқ эмди нуктадонлар, қандай замон бўлубдур?
Ҳар ерда ошкора фоҳиш иши-ла луъбат,
Носиҳ муҳтасиблар баста даҳон бўлубдур.
Бой ила камбағал йўқ, йўқ занларини фарқи,
Барча либоси ҳафтранг, бир ногаҳон бўлубдур.
Халқ ўлди эмди тартиб, рўмолга бурнин артиб,
Мошина айламасдан, киймас чофон бўлубдур.
Маҳбуби нахшихонлар, кўзи қаро жувонлар
Гастинсаларда юриб, сарфи зиён бўлубдур.
Манзума соли тарих, бу дахри инқилоби,
Минг икки юз тўқсон икки баён бўлубдур.
Ибрат, бу ерда турма, бунлар била ўлтурма,
Бу халқи феъли-ҳуйи сенга аён бўлубдур.
 
Ибратнинг замонга ҳамнафас шоирлигини шеърларининг сарлавҳасидан ҳам англамоқ осон: “Тарихи трактур”, “Тарихи чопхона”, “Ислоҳи миллат”, “Тарихи вагон”, “Қарз”, “Ариза”, “Шикояти замона”, “Қозийи қотил”...
Эрк идеалини тараннум этишда, маърифатпарварлик ғояларини тарғиб қилишда, ижтимоий муҳитга халқчиллик ва кузатувчанлик билан қарашда, мустамлака зулми туфайли кучайган иллатларни қоралашда Ибрат ўз замондошлари Муқимий, Фурқат ва Завқийларга ҳамфикр, маслакдош эди.
Шунинг учун ҳам Ибрат ижодида маърифатпарварлик ва ҳажв уйғунлашгани яққол сезилади. Аслида бу икки йўналиш орасида мутлақо зиддият йўқ, аксинча, уларнинг бири бошқасини тўлдириб туради. Аниқроқ айтганда, Ибратдаги бу хусусият ягона эзгу мақсадга икки томонлама ёндошув, холос. Негаки, ёмонликни инкор қилишнинг ўзи эзгуликнинг тасдиғини англатади ёки яхшиликни мадҳ этиш жаҳолатни қоралашдир.
Исҳоқхон тўра Ибрат “Олти тилли луғат”ига форс, араб, ўзбек, ҳинд ва русча сўзларни жойлаштирган бўлса, “Хатлар мажмуаси”да қадимий финикия, яҳудий, сурёний, юнон, славян, санскрит, лотин, арман, грузин ва яна бошқа бир қатор ёзувлар ҳақида қимматли маълумотлар беради ва илмий хулосалар чиқаради.
“Луғати ситта ал-сина” –  53 бет, “Жомеъ ул-хутут” эса – 132 саҳифа ҳажмида китобат қилинган. Ибрат тил ўрганувчиларга қулай бўлиши учун луғат китобини икки қисмга ажратади.
Ибратнинг ўша пайтда “Туркистон вилоятининг газети”да босилган “Эски мактаблар хусусида” (1907), “Наманганда маҳаллий лавозимларга ўтказилган сайловлар хусусида” (1910 йил 21 март), “Фарғона вилоятидаги кўҳна шаҳар – Ахсикент тарихи” (1913 йил 23 июнь), “Тўрақўрғондан мактуб” (1914 йил 2 март), “Тошкент сафаридаги маълумотларим” (1914 йил апрель) каби мақолалари «ziyouz. com» сайтига жойлаштирилганки, уларнинг ҳар бири биттадан тарих. Чунончи, “Открытие Коканд–Наманганской железной дороги” (“Туркистон вилоятининг газети”даги қатъий қоидага кўра, сарлавҳалар русча ёзилган) “Қўқон–Наманган темир йўлининг очилиши” мақоласи ҳам бағоят қимматли тарихий манба эканлиги билан аҳамиятли:  “Ушбу 7 июлда Наманган оташ ароба йўли битиб, они очилганлигиға шукрона байрами бўлубдур... ўшал аснода фотографлар ва ҳам алоҳида чақирилган кинимотограф ўшал ерда ҳозир бўлуб, тасвирларини олиб турибдур. Ул поез Чуст истансиясиға расми юришда юруб бориб, андин кейин Сирдарёға кўп харажатлар билан бино қилган ёғоч кўфрикдин ўтуб, ...Наманганға келгандин кейин истансаға ниҳоятда кўп сардиялар йиғилиб, атрофдин, қишлоқлардин умрида оташ аробани кўрмаган одамлар келиб, ул оташ аробани биринчи маротаба кўруб ҳайрон қолиб, поез келаётган вақтда оқ саллалик одамлар адади ниҳоятда кўб – 25000-30000га етибдур”. Мақола газетанинг 1912 йил 15 июль сонида чоп этилган. Демак, Наманган темир йўли 1912 йил 7 июлда ишга туширилганки, бунинг манбаси жуда ишончли ва у журналист Ибрат қаламига мансубдир. Баъзи манбаларда Наманган темир йўли ишга туширилган сана – 1906 йил деб янглиш кўрсатилган, у ҳолда Ибрат 1907 йилнинг кузида литографик машинани поездда Оренгбургдан Қўқонгача олиб келгач, бу ёғига дастгоҳни от-арава ва туяларга ортиб машаққат чекмасди.
Исҳоқхон Ибрат ўзининг тугалланмай қолган асари – “Замон тарозуси”да ўша пайтдаги салбий ўзгаришларнинг халқ руҳиятига таъсири ва миллатни емираётган иллатлар хусусида куюниб ёзади. Асарни тўққиз мезонга бўлиб, уларда бир-биридан муҳим масалаларга тўхталади.
Масалан, адиб иккинчи мезонда одамларни гуруҳбозликка берилмасдан, бирлашиб яшашга чақиради. Бу тўғрида марҳум ва машҳур шоиримиз Муҳаммад Юсуф ҳам: “Ўзбекни ўлдирар маҳаллийчилик”, дея назмий таассуф билдирганди. Табиийки, миллатнинг гули бўлган ўткир қалам соҳиблари бу каби нуқсонларга бефарқ бўлишмаган.
Судхўрлик ҳам жамият ривожига ғов бўладики, бу тўғрида учинчи мезонда гап  боради. Ибратнинг замондоши Садриддин Айний (1878–1954)нинг “Судхўрнинг ўлими” асари ҳам айни шу масалага бағишланганки, ўша пайтда халқ бу иллатдан нечоғли зада бўлганини англаш қийин эмас.
Олтинчи мезон бидъатнинг зарари ҳақида. Бидъатга берилган бандага бойлик буюрмайди. Чунки, бидъат дабдабабозлик ва исрофгарчиликнинг отасидир. Ибрат бундай беҳуда сарф-харажатлардан наф йўқлигини қуйидагича талқин қилади: “Ва ҳам жамъияти никоҳ тўйида булар қиладурғон исрофлари бир киши ўғлини тааллуқ қилдурмоқ бўлганда, фотиҳа тўй деган бир катта тўй бўладур... Ҳоли булки, шул фотиҳага беш юз сарф бўлса, никоҳ тўй куни албатта икки минг сарф бўлур. Бу сарфларни(нг) ўғлига ва қизига бирон тийин нафъи йўқ, ўртадаги кишилар ейдур, ичадур, киядур. ...Сиф-сидирға балоси қалмоқдан қолган одат. Мана бу балолар устимизда оғир бир юкдур. Буни кўтаруб, мақсадга етиш бисёр қийиндур”.
Буни қарангки, маросимларни камчиқим қилиб ўтказиш бугун давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бу асар ана шу жиҳатлари билан айни замонда ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ...
Ибратнинг уйида махфий ғаладон бўлиб, 1937 йил 14 март тунидаги тинтувда унинг сири очилмаган ва Исҳоқхон тўра  қаламига мансуб бир қатор битиклар, жумладан, “Тарихи Фарғона” асарининг қўлёзмаси ҳам НКВД чангалига тушмаган. Ибрат қизи Зарифахонга тайинлаган эканки:
– Ўша қоғозларни атлас кўйлагингдай асрагин...
Бу гапни бизга Ибратнинг набираси Жамилахон Низомова (Зарифахоннинг қизи)  айтиб берди. Зарифахон арабий ёзувдаги “Фарғона тарихи”ни аввал лотин, кейин кирилл ёзувига кўчирган.
“Тарихи Фарғона” асари аввалида “Аммо баъд, бу бандаи Худо ва уммати Мустафо алкан ул-лисони, нотавон, аъно Қози Исҳоқхон сокини қалъаи Хон, аъно Тўрақўрғон мин музофоти Фарғона ва аз иқлими Туркистон, бу тариқа аён ва бу тарзда баён қилур...” жумласини ўқиймизки, демак, Ибрат бу асарни қозилик даврида (у 27 йил Тўрақўрғон қозиси бўлган) ёзган. Бу тарихий асарда асосан ўзбек давлатчилиги ривожининг оқсаган босқичи, яъни хонликларнинг таназзулга юз тутиши, рус босқинчилиги кулфатлари кенг тасвирланади.
Тарих шундай: Наманган шаҳри ва атрофи 1875 йил октябрь ойида Чор Россияси томонидан истило қилинган. Босқинчиларнинг ўта шафқатсизлиги “Тарихи Фарғона”да рўй-рост кўрсатилган. Ибратнинг ёзишича, Тўрақўрғонга кирган рус солдатлари қочганларни ҳам, қочолмай қолганларни ҳам отаверган. Ёки Головачев бошлиқ аскарлар Наманган шаҳрида бир кун қатли ом қилган, хатто масжид ва хонақоҳдагиларни ҳам қириб ташлашган. Исҳоқхон Ибрат халқимиз бошига тушган ўша кунларнинг жонли шоҳиди эди. У ўз кўзи билан кўрганларини шундай ёзади:
 “Муаллифи китоб ул вақтда ўн беш ёшимда хату саводим чиққан талаба эдим, бирдан қоч-қоч бўлуб, ҳар ким ўз ҳолиға овора бўлуб,  қиблагоҳимиз ўз ҳоллариға бўлуб,  қаён кетдилар, билмадук. Бизлар ўз маҳалламиздаги хотунлар ва  болалар илан қочиб бир боғда ётдук, то шомғача бу тўпу милтиқ овози ўқлар бошимиздан овоз бирла ўтуб тургани ваҳмида ҳеч ерга чиқолмай,  боғда эдик, ... “Кечаси сизларни бир киши чақирди” дедилар. “Ким экан?” деб боғдан чиқсам, қиблагоҳимиздан келган одам экан. Ул киши Муллакудинг (Наманган туманидаги қишлоқ. Муаллиф изоҳи – Р.У.) да эканлар. Боруб, болалар асир бўлдиму ёки отилиб ўлдиму, эсон-омон кўрмак муяссар бўлса эди, деб Юсуфхўжа ва Муҳаммад Зоҳид деган кишиларни юборган эканлар. Алар бизларни олуб, кеча илан жўнадук.
Бу муҳораба Ботур Тўра аскар йиққандан бўлғон эди, ўзлари қочиб кетиб, Тўрақўрғон фуқаросини бадном қилдилар. Мунда эски сипоҳлардан бир неча ададлари анча-мунча етушуб, Муҳаммад Мусо безанжир деган киши бош бўлуб, нодон кишилар ҳар ердан ўқ чиқаруб, Тўрақўрғонни ҳам икки кун отув қилдилар. Охируламр... эртаси жумъа куни юрт катталари маслаҳат қилиб, мусолаҳа сўрамоқға... борганларида Гловачўб қаттиқ сиёсат қилиб, сўзлашибдурлар. Айтибдурки: “Нимага эртароқ чиқмадинглар ёки тезроқ келмадинглар, мунча одам ўлмас эди... Русия катта подшоҳдур, сизлар урушолмайсизлар, яхши туруб фуқаролик қилсаларингиз, сизларни бой қиладур, агар жанжал қилсаларинг мана шунга ўхшаган отув қиладур...
Валҳосил, ўша отувдан сўнг Наманган тинчиди. Ўшал вақт куз вақти ҳижрий 1293-инчи, 94-инчисида эди, қавс чилласи бўлса керак. Наманган тамом Русия давлатига ўтди. Бу ишларики, яъни беҳуда фасод ишлар сабаб ўз аҳлимизни беилм ва бефикрлигидан бўлди”.
 “Тарихи Фарғона” Қўқон хонлиги ҳақидаги асарлар орасида холислиги билан мўътабар, китобхон қалбига ҳам шу жиҳатдан яқиндир. Негаки, 1991 йилгача яратилган тарих дарсликларида ягона хулоса хукмрон. Яъни, биздаги бир-иккита хону хоқондан ўзга ҳамма подшолар илмсиз, жоҳил, золим, муттасил фуқаросининг қонини ичган ва эзилган халқ эса йил ўн икки ой қўзғолон билан банд бўлган. Айтинг-чи, у ҳолда миллий давлатларимизни ким бошқарган, тарих ва тараққиёт чархини ким айлантирган? Буюк ўтмишимиз фақат зулм, қон ва исёндан иборат бўлса, ўзбекнинг буюк тамаддуни осмондан тушганми? Людовиклар, Пётрлар, Елизаветалар, ҳатто Екатериналар буюк бўлганда, нега энди бизнинг ҳукмдорлар қип-қизил аҳмоқ деб сифатланиши керак?..
“Тарихи Фарғона”да Ибрат гўё ана шундай саволларга жавоб беради, юқоридаги бирёқлама қарашлар пойдеворига зарба уради. Ва муаллиф алоҳида айтмаса-да, уқмоқ мумкинки, ҳукмдор ҳам хом сут эмган бир банда ва табиийки, янглишади-да. Бинобарин,  Ибрат қайси бир хонни ҳаққоний танқид қиларкан, айни чоғда унинг ижобий ишларини ҳам унутмайди: “Бу Фарғона ва Туркистон хонларидан икки киши фуқаро ва дину миллат учун ҳаракат этган эди. Бири бу амирлашкар (Алимқул. Муаллиф изоҳи – Р. У.) ва бири марҳумий Маллахон. Тўплар қуйдуруб, милтиқлар ясаб, корхоналар қилиб, тўплар узрасига кумушлар била ёзувлар ёзуб, яхши диққат эткан эди”. Шунинг учун ҳам бу асар нафақат Қўқон хонлиги, балки, Ўрта Осиё халқлари тарихини ёритишда муҳим ва ишончли манба эканлиги билан  ўз аҳамиятини йўқотмай келмоқда.
 
Расулбек Умматов

Биз Twitterда