Ибрат изларини излаб

 
Тўрақўрғон замини кўҳна ва муқаддас, олис тарихга эга, унга кўпдан-кўп улуғ сиймоларнинг қадами етган, киндик қонлари томган. Ахсикентдан етишиб чиққан алломаларнинг аксарияти тарихимиз безагига айланишган. Абул Вафо Ахсикатий, Абул Қосим Маҳмуд ибн Муҳаммад ас-Суфий Ахсикатий, Абу Рашод Ахсикатий, Хиради Ахсикатий, Ахсий Пояндаохунд, Ғиёсий Ахсикатий, Абул Маолий Ахсикатий, Олимий Ахсикатий, Сайфиддин Ахсикатий, Муҳаммад Юсуф ибн Имодуддин Ахсикатий, Тожиддин Абу Бакр Ахсикатий-Хўжандий каби шоир, адиб ва муаррихлар борки, улар Тўрақўрғон туманида таваллуд топган эдилар. Ўнинчи–ўн еттинчи асрлар оралиғида умргузаронлик қилган бу зоти шарифлар Сирдарёнинг сўл соҳилидаги қадимий Ахсикент шаҳрининг фарзандларидир. (Кейинчалик бу ерни Умаршайх Мирзо пойтахт қилиб олгани “Бобурнома”да қайд этилган.)
Ёки Асируддин Ахсикатийнинг 1313 йилда хаттот Абдулмўмин Улвий-Коший томонидан кўчирилган девони Лондондаги “Индиа Оффис” кутубхонасида сақланаётгани маълум.
Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг таржимаи ҳоли Тўрақўрғон билан чамбарчас боғлиқ. Зеро, отаси пойтахт қилган Ахси ушбу ҳудудда эди, худди шу Ахсида (Ахсикатда) етимлик кулфати ва тожу тахт ғавғоси унинг бошига тушди.
Бугинамас, Тўрақўрғонга Мирзо Улуғбек ҳам келгани тарих китобларига рақам қилинган...
Булар хийла олис мозийга тааллуқли гаплар. Шу ўринда яқин тарихдан бир байт ғазал келтирамиз:
Ўз диёридан адашган бир ғариб Афсусдир,
Чуғзи бевайрона янглиғ Тўрақўрғон устина.
Бу мисралар шоир Тўрахон Маҳдум Афсус қаламига мансуб. У киши 18 аср охирида Жиззах шаҳрида таваллуд топган бўлиб, тақдир тақазоси билан Тўрақўрғонга келиб қолган ва кўп йиллар қозилик қилган...
Бу маълумотлар шунинг учунки, Ибрат сингари алломанинг Тўрақўрғонда воқе бўлиши мутлақо тасодифий эмас. Улуғларнинг яралмоғи учун бу заминда тарихий пойдевор, адабий-илмий ва маънавий муҳит бор эди. Зотан, сахий тупроқнинг маҳсули ҳам зебосурат бўлади-да...
Ҳайрат Тўрақўрғоний (1845–1915), Мулла Жалолхон Васфий (1862–1930) каби шоирлар ўтишган. Васфий биз тилга олган шоир Афсуснинг набираси бўлиб, Исҳоқхон тўра Ибратнинг амакиваччаси эдики, бу ҳам юқоридаги фикримизнинг далилидир. (Ибратнинг тенгдоши, дўсти ва оғаси Васфий вафоти муносабати билан марсия ёзгани маълум, лекин ҳали у асар топилганича йўқ.)
Қолаверса, 19-асрнинг 2-ярми ва 20-асрнинг бошларида Намангандан бир гуруҳ пешқадам шоирлар етишиб чиққан эдилар: Нодим Намангоний, Хилватий, Шавқий, Ҳайрат Тўрақўрғоний, Муҳаммадшариф Сўфизода... Шубҳа йўқки, Ибрат ҳам уларнинг сафдоши, маслакдоши бўлиб, ўрталарида мустаҳкам дўстлик, ижодий ҳамкорлик мавжуд эди. Шунингдек, улар Қўқон адабий муҳити билан мустаҳкам алоқа боғлашганди. Муқимийнинг Наманганга келгани, уларнинг эса Қўқонга боришгани, мушоиралар қилишгани қатор асарларда таъкидланган. Муқимий раҳнамолигидаги катта адабий мактаб билан ошнолик Ибрат ижодининг юксалишига жиддий таъсир этган, албатта. Айниқса, Ибрат ва Хилватий икковлон қадрдонлашиб кетишганди.
Исҳоқхон тўра Ибрат ёруғ дунёда 75 йил яшади. Халқимиз бу алломани қайта кашф этганига, ибратшунослик бошланганига ярим асрдан ошди. Тўрақўрғонлик таниқли журналист Қодиржон Абдукаримовнинг айтишича, бу хайрли ишга дастлаб ўтган асрнинг 60-йилларида туманнинг фидойи ўқитувчиларидан Якуб Гафаров (ҳозирда марҳум) қўл урган. Бу инсоннинг раҳбарлигида Исҳоқхон тўра Ибрат ҳаёти ва фаолиятини ўрганишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган “Изтопарлар” гуруҳи иш бошлайди. Тўрақўрғонда раҳбарлик лавозимларида фаолият юритган Тамара Холматова ҳамда Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимнинг умр йўлдоши Раънохон Расуловалар ана шу гуруҳнинг фаол аъзоларидан бўлишган.
Улуғбек Долимов Ибратнинг ҳаёти ва ижоди бўйича диссертация ёзган. Нурбой Жабборовнинг бу борадаги изланишлари таҳсинга сазовор. Тўрақўрғонлик Комила Воҳидова ҳам ибратшунослик орқасидан олималик рутбасига эга бўлди. Қувонарли томони шундаки, ибратшуносларнинг сафи тобора кенгайиб бормоқда: Бегали Қосимов, Ҳайдарбек Бобобеков, Маҳмуд Ҳасаний, Иброҳимжон Юсупов, Олим Усмон, Жўра Зокирий, Юсуфжон Самадов, Рашидхон Юсупов, Бурҳониддин Низомов, Жамолиддин Муслим, Абдумуталлиб Қосимов, Шаҳноза Эргашева, Гуландом Юнусова, Замира Исоқова, Манзура Абдуллаева...
Тўрақўрғонлик фидойилардан Бурҳониддин ака Низомов талабалик йилларидан буён Ибрат изларини излайди.
– Ибрат музейи бўлишини орзу қилардик,- дейди Бурҳониддин ака. - Мустақиллик бу орзуйимизни рўёбга чиқарди. 1995 йилда миллий пулимиз жуда кучли эди. Музей қурилишига бир миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланди, ҳамма ташкилотлар, колхозлар кўмаклашди. Ўша пайтдаги туман ҳокими Омонулла Исматуллаев бу ишга жонфидолик билан бош-қош бўлди. Музей 1995 йил август ойида очилди, банкда махсус ҳисоб рақами бор эди. Унинг жиҳозланишида истеъдодли рассом Муҳиддин Абдуллаевнинг хизматлари катта бўлди. Дастлабки йиллари 200 дан ортиқ экспонатларимиздан йилига 15–20 минг меҳмон баҳра оларди, улар орасида қўлбола совутгич ҳам бор, Ибрат уни ўзи ясаган ё хориждан олиб келган. Колхозлар тугатилгач, Ибрат номли ширкатнинг мулклари ҳам хусусийлаштирилди. Мен бу даргоҳни сотиб бўлмаслиги ҳақида Олимжон Бозоровга арз қилдим. Раис ҳам масалага хайрихоҳлик билан қараб, тўғри ҳал этди: музей Тўрақўрғон туман маданият ва спорт ишлари бўлими тасарруфига ўтказилди. (Агар сотилиб кетганда, бузиб юборишлари мутлақо мумкин эди). Ана шу тарзда омон қолган Ибрат музейининг айни кунлардаги аҳволи мақтанарли эмас, анчайин абгор, таъмирталаб ва эътиборга муҳтож.
Халқ чолғулари устаси Рашидхон Юсупов эса Ибратнинг дуторини эҳтиётлаб сақламоқда. У юз ёшдан ошган бу созни таъмирлаб, Ибрат бобога эҳтиром бажо қилди.
Илмий ва адабий жамоатчиликнинг, зиёлиларнинг хуружга келган қизиқиши тўлқинидан Ибрат мероси маълум даражада шикастланди ҳам. Чунки, оталари оқлангач, Ибрат фарзандларининг кўкси кўтарилди ва қиблагоҳлари каби ҳотамликни касб қилдилар, яъни эсдалик, ёдгорлик қабилида Ибратга тегишли китоб, кийим, буюмлар сўраганларга берилиб, ҳар ёққа тарқаб кетди. Масалан, Ибратнинг битиклари ва китоблари Олим Усмонда ва Якуб Гафаровда кетганини эшитдик. Салласини эса қай бир уламо табаррук қилиб тилаб олган. Минг афсуски, энди уларни топиб бўлмайди.
Расулбек Умматов

Биз Twitterда