Янгиқўрғондаги аҳоли эътирозларига сабаб бўлаётган йўллар таъмирланади

 
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сайтида эълон қилинган “Янгиқўрғондаги аҳоли эътирозларига сабаб бўлаётган йўллар қачон таъмирланади?” сарлавҳали материалга Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги ўз Телеграм саҳифасида муносабат билдирди.
Янгиқўрғон туманида 2019 йил давомида «Обод қишлоқ» ва «Обод марказ» дастурлари доирасида йўл қурилиши сохасида бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, «Обод қишлоқ» дастури доирасида «Кўкёр», «Соҳибкор», «Ғайрат» маҳалла фуқаролар йиғинларида 2 млрд 351 млн сўм эвазига 7,3 км йўлни асфальтлаш, 18,2 км йўлни шағаллаш, 2,86 км йўлни ямаш ишлари олиб борилди.
Шунингдек, «Обод марказ» дастури доирасида марказий кўчаларни асфальтлаш учун 13 млрд 800 млн.сўм сарфланиб, 5,1 км йўл тўлиқ таъмирланди.
Наманган вилоятидаги маҳаллий аҳамиятдаги автомобил йўлларини тўла таъмирлаш лойиҳаси асосида Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан 4Н-463 “Пахталикўл” сиҳатгоҳи—Ровут—Радивон— Новкент—Қораянтоқ” 0-30 км узунликдаги автомобил йўлини «Sinoindustrial Tashkent» МЧЖ, «Turon Mega Story» МЧЖ ва  TEKAR Teknik Arastrima Ticaret Limitet Sirketi консорциуми томонидан жорий йил октябр ойидан 2021 май ойига қадар тўла таъмирлаш режалаштирилганлиги сабабли мақолада келтириб ўтилган йўллар туман “Йўллардан фойдаланиш” унитар корхонаси балансидан чиқариб берилган.
Ушбу йўлларни тўла таъмирлаш ишлари бошлангунга қадар уларда туман “Йўллардан фойдаланиш” унитар корхонаси томонидан бир ҳафта муддатда жорий таъмирлаш ишлари олиб борилади.

Биз Twitterда