Янгидан чирой очаётган Жомашўй

Президентимизнинг Наманган вилоятига ташрифлари чоғида янграган “2019 йил Наманган вилояти йили бўлсин” деган сўзлари ҳар бир наманганликка ғурур бериш билан бирга улкан масъулият ҳам юклади. Бугун вилоятда барча жабҳаларда олиб борилаётган улкан бунёдкорлик, қурилиш ва ободонлаштириш ишлари ана шу эзгу мақсадга, 2019 йилни тўлақонли Наманган йили сифатида якунлашга қаратилган. 
 
 
Давлатимиз раҳбарининг жорий йилнинг 28 февраль ва 1 март кунлари вилоятимизга қилган ташрифлари давомида шаҳар ва туманлар марказлари қиёфасини тубдан ўзгартириш бўйича алоҳида топшириқларига кўра ишлаб чиқилган “Обод марказ” дастури асосида вилоятимизнинг барча туманларида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Бугун Мингбулоқ тумани маркази - Жомашўй шаҳарчасида ҳам "Обод марказ" дастури объектларининг фойдаланишга топширишга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
1952 йилда қўриқ ва бўз ерларда Мингбулоқ тумани ташкил этилганда, ўша пайтда Тўрақўрғон тумани таркибидаги хароба қишлоқ бўлган Жомашуйнинг кун келиб шундай замонавий қиёфага киришини тасаввур қилиш ҳам қийин бўлган.
“Обод марказ” дастури ижроси бўйича Жомашўй шаҳарчасида 117 та объектда 98,56 миллиард сўмликдан зиёд қурилиш ва реконструкция ишлари бажарилди.
 
 
Бу ишларга “Обод марказ” дастури ҳисобидан 28,6 миллиард сўм ажратилган бўлса, қолган қисми вилоят ва туман бюджет маблағлари, маҳаллий корхоналар маблағлари, банк кредитлари ҳамда тадбиркорларнинг ўз маблағлари ҳисобидан бажарилди.
Бандликка кўмаклашиш маркази ҳамда туман халқ таълими бўлими бинолари, Яшил хиёбон қуриб халқ хизматига фойдаланишга топширилди.
10,4 млрд. сўм маблағ ҳисобига 6 та ижтимоий соҳа объектлари, жумладан учта мактабгача таълим муассасаси, битта мактаб, шунингдек қишлоқ хўжалик коллежи ҳамда туман мусиқа ва санъат мактаби янгидан қурилди ёки таъмирланди.
Тадбиркорлар томонидан 16 та янги савдо, маиший хизмат ҳамда ишлаб чиқариш объектлари қурилиб, ишга туширилди, 27 таси мукаммал ва жорий таъминланди.
Туман маданият саройига 3 млрд сўмдан ортиқ маблағ сарфланиб, энг замонавий меъморий ечимда реконструкция қилинди. Туман истироҳат боғи 1,64 миллиард сўмлик қайта қурилиш ишларидан сўнг янгича кўриниш касб этди.
Она Ватан ҳимояси учун азиз жонини фидо қилган юртдошларимиз пок номини абадийлаштириш, уларга эҳтиром рамзи сифатида 1 миллиард сўмдан зиёд маблағ ҳисобига Хотира майдони қуриб битказилди ҳамда Мотамсаро она ҳайкали қад ростлади.
 
 
Туман Мажбурий ижро бюроси, ички ишлар бўлими, мудофаа ишлари бўлими, машина-трактор парки бинолари ҳам “Обод марказ” дастури доирасида амалга оширилган мукаммал таъмирлаш ишлари натижасида замонавийлик касб этди.
Туман марказининг инфратузилмавий муаммоларига барҳам берилди. Дастурга асосан 16 км тоза ичимлик сув тармоғи тортилиб, натижада тумандаги 1780 та хонадонда яшовчи 10 мингдан зиёд аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди.
 
 
Узоқ йиллардан бери ечими ҳал бўлмаётган йўллар қайта бунёд этилди. Жомашўй марказий кўчалари кенгайтирилиб, асфальтланди, йўл четидаги бетон ариқлар янгиланиб, пиёдалар йўлакчалари қурилди. Ҳар икки ёнга тежамкор тунги ёритгичлар ўрнатилди.
Умумий қилиб айтганда, Жомашўй шаҳарчаси ҳақиқий маънода обод марказга айланди.

Биз Twitterда