Хоразм иқтисодиётига киритилган 1 трлн. сўм инвестиция ва қишлоқ хўжалиги модернизацияси ва диверсификациясининг юқори натижаси

Article
Халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгаши вилоят ҳокими Пўлат Бобожоновнинг 2016 йилда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2017 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифалари юзасидан ҳисоботи тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда ҳокимлик ахборот хизмати хабар берди.
Ҳисоботда қайд этилганидек, 2016 йил якунлари бўйича вилоятнинг ялпи ички маҳсулоти ҳажми 6,4 фоизни, ҳудудий саноат маҳсулотлари ўсиши 20,2 фоизни, пудратқурилиш ишлари 8,6 фоизни, хизматлар 15,3 фоизни, чакана товар айланмаси 12,6 фоизни ташкил этди.
Хоразм вилояти иқтисодиётига 2016 йилда 1 трлн. сўмдан ортиқ инвестиция киритилди. Ўзлаштирилган хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳаж­ми 86,4 миллиард сўмни ташкил этган.
Қишлоқ хўжалигини модернизациялаш ва диверсификациялаш юзасидан амалга оширилаётган дастурий чора-тадбирлар тармоқда ишлаб чиқариш ҳажмининг 8,9 фоизга ошишига замин яратди. Шу жумладан, мева-сабзавот, кар­тошка, полиз маҳсулотларини етишитириш, мос равишда 14,7 ;  11,4  ва  9,1 фоизга ўсди.
Шунингдек, қарорда саноатни модерни­зациялаш ва диверсификациялашни чуқурлаштиришга, хомашёни чуқур қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича қабул қилинган дастурларни изчил амалга оширишга йўналтирилган фаол инвестиция сиёсатини давом эттириш, хорижий инвестицияларни ва илғор хорижий технологияларни жорий этиш, қишлоқ хўжалигини жадал ривожлантириш ва модернизациялаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилган.

Биз Twitterда