ХДПнинг Намангандаги энг фаол аёли!

Кучли фуқаролик жамия­ти шаклланишида хотин-қизлар фаоллиги ошиши, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланиши муҳим масала ҳисобланади. Шу маънода, Ўзбекистон Халқ демократик партияси тизимида ўтказиб келинаётган «Ўзбекистон ХДПнинг энг фаол аёли» кўрик-танловининг аҳамия­ти катта бўляпти.
Кўрик-танлов бу йил «Ташаббус ва ғояларимиз мустақил Ўзбекистон тараққиёти учун!» шиори остида ўтказилмоқда.
Бугун, 13 январь куни ушбу танловнинг Наманган вилоят босқичи бўлиб ўтди ва унда иштирокчилар «Лойиҳа тақдимоти», «Қонунларимиз ҳаётимиз асосидир», «Сиёсий ҳозиржавоблик» каби шарт­лар бўйича билимини синовдан ўтказдилар.
Танлов натижаларига кўра, ­Чуст педагогика ва сервис касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Раҳима Юлдашева биринчи, Поп тиббиёт коллежи ўқитувчиси Мавлуда Ўсарова иккинчи, Наманган туманидаги 24-ўрта мактаб ўқитувчиси Юлдузхон Эргашевалар учинчи ўринни қўлга киритдилар.
— Ушбу танловнинг мамлакатимизда аёлларнинг сиёсий фаоллигини ҳамда бўлаётган ўзгаришларга дахлдорлик ҳиссини оширишда ўрни катта, — дейди танлов ғолибларидан бири, Юлдузхон Эргашева. — Бу ерда олган билим ва кўникмаларимиз келгуси фаолиятимизда қўл ­келади, деб ўйлайман.
Танловнинг якуний, Республика босқичи 8 март арафасида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади.
 
Ҳотамжон Мамадалиев олган суратлар

Биз Twitterда