ГУЛ САЙЛИДА ЯШНАГАН ШАҲАР

Вилоятда ҳар йили гул байрамининг чиройли ўтказилиши, бу байрам наманганликлар ҳаётига сингиб, яхши анъанага айланиб қолгани бежиз эмас. Нега деганда, гулу райҳонни, гўзалликни яхши кўрадиган ва шундай ободликни ўз қўли билан яратадиган одамларнинг қалби ҳам гўзал бўлади.
Наманган аҳлининг ана шундай хусусиятидан келиб чиқиб, Сизлар бир ташаббус билан чиқсангизлар, деган таклифни ўртага ташламоқчиман.
Яъни давлат ва жамоат ташкилотлари, айниқса, ёшлар, нуронийлар, гўзал аёлларимиз, қизларимиз кучни бир ерга тўплаб, вилоятнинг ҳар бир шаҳар, туманида республикага намуна бўладиган, мамлакатимизнинг ҳамма еридан одамлар бу ерга келиб завқ оладиган, энг замонавий шаклда Гуллар боғларини яратсак, Наманганга ярашадиган иш бўлур эди.
Шавкат МИРЗИЁЕВ
 
 
ГУЛ САЙЛИДА ЯШНАГАН ШАҲАР
 
БОСГАН ИЗЛАРИНГИЗ ГУЛ БЎЛСИН!
Боғ ва гулзорлар - нозиктаъб, меҳнатсевар инсонлар ва она табиат саховати натижасида юзага келадиган гўзаллик намунаси ёки бетакрор санъат асари ҳисобланади. Мазкур санъат намунасининг ўзига хослиги шундаки, у кишига кўриш ва ҳид билиш аъзолари орқали фаол таъсир кўрсатади. Одамларга завқ-шавқ, бардамлик, тетиклик, қувонч бағишлайдиган бундай гўзаллик масканлари ҳар биримизни ўзига оҳанрабодек тортади.
Наманган шаҳрида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 26 йиллигига ҳамда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”га бағишлаб жорий йил 27 майдан - 1 июнгача анъанавий “Гул байрами” кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.
 
 
Бу йилги “Гул байрами”нинг ўзига хос жиҳатлари хусусида. Биринчидан, август ойида ўтказиладиган бу байрам кўпчиликнинг талаб ва истакларига кўра, май ойига кўчирилди. Иккинчидан, байрам кунлари давомийлиги узайтирилди. 5 кун муддат ичида гулчилар, меҳмонлар, гул ишқибозларининг ўзаро танишиш, эркин мулоқот қилиш, фикр алмашиш, тажриба ўрганиш, томоша қилишлари учун ҳар жиҳатдан қулайлик яратилди. Яъни улар гул кўргазмалари ва гулчилар фаолияти билан батафсил танишишлари эътиборга олинди.
Бу сафар байрам гул мавсуми - баҳор ва ёз ўртасида ўтказилаётгани айни муддао бўлди. Ўта нозик дид билан бетакрор шакллар орқали гулларни экиш, парваришлаш ишлари ҳар йилгидан бошқача. Юксак ташкилий тайёргарлик ва ижодий ёндашув яққол кўзга ташланади.
Шу ўринда меҳнат жамоаларининг ташаббуслари ҳақида тўхталсак. Таъкидлаш жоизки, ҳар қайси соҳа ўзининг йўналиши, мутахассислиги ва қизиқишларидан келиб чиқиб, ғоя яратган. Масалан, жонли гуллар воситасида касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар лира мусиқа асбобини, яна бир коллеж вазадаги гулни, бири эса миллий гилам ва дўппи нақшини, қолганлари китоб, қуёш, машина, олимпия халқаси ва машъаласи, хонқизи, типратикан, қуён, капалак, товусни акс эттиришган. Булар орасида Наманган шаҳар миллий ҳунармандчилик коллежи, қурилиш ва дизайн коллежи томонидан каттагина тор чолғу асбобини гуллар орқали тиклангани, соябонли аравани гул билан пайдо қилишгани барчанинг қизиқишини бирдек уйғотди.
Наманган шаҳар педагогика коллежи Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясининг логотипини рангли гуллар орқали, шунингдек, Поп-Ангрен темир йўлининг умумий кўриниши, Қамчиқ туннелидан поезднинг ўтганини моҳирона акс эттира олишган. Шу каби мисоллар жамоаларнинг ташаббускорлик ва иқтисодий салоҳияти, масалага ижтимоий жиҳатдан ёндашув даражасини ҳам белгилаб бергани билан аҳамиятли.
Меҳнат жамоалари қўшимча композиция сифатида ўтмишдан садо берувчи кичик чархпалак, арава, кўза, шунингдек, фаввора, ҳовузча, саватча, ҳумо ва оққуш, рамзий дарвоза, уйча, миллий ҳайкалтарошлик намуналари, турли қушлар ва ҳайвонлар макети, дарахт қисмлари ва бошқалардан кенг фойдаланишган. Айниқса, вилоят сув хўжалиги бошқармасининг соҳани эслатувчи кичик сунъий экинзор ва боғлар, тоғлар, ариқ, сой, канал ва дарёларни ҳосил қилишганига қойил қолдик.
Вилоят соғлиқни сақлаш, газ, молия бошқармалари, Марказий ва тижорат банклари, электр тармоқлари корхонаси, алоқа соҳаси, шаҳар тиббиёт бирлашмасининг ландшафт дизайнидан фойдаланган ўзига хос ёндашувлари кўпчиликнинг эътиборини тортди. Шаҳар тиббиёт бирлашмаси соҳа рамзи, инсон танаси ички аъзоларининг ҳаракатини ифодалаган, кичик ҳовуздаги нилуфар гули ва ўрдакчалар бадиий композицияни янада бойитган.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси кенг жойни эгаллагани ва аниқ тасаввур берувчи кўринишларни акс эттиргани, катта тайёргарлик кўргани шундоқ билиниб турибди. Наманган Давлат университети, Наманган муҳандислик-қурилиш ҳамда Наманган муҳандислик-технология институтлари ва вилоят касаба уюшмалари ташкилоти, “Пахтасаноат” жамоаларининг иши таҳсинга сазовор. Улар боғнинг энг чекка, авваллари хилват, қаровсиз жой бўлган қисмини обод ва кўркам, сўлим ва файзли гўшага айлантиришибди. Тиниб-тинчимас халқ таълими тизими ходимлари 35 та композицияни қизиқувчиларга ҳавола этишган.
Хуллас, аравачанинг ичи тўла гул, ғилдираги ва дастаси гул. Гуллар қушга айланган, қушлар қаноти гул, тумшуғида гул ташийди. Турли тасвирларга ишора камалакнусха гуллар... Темир гул кўтармалар ҳам гулга дўнган, райҳондан тортиб четдан келтирилган гуллар ўтқизилган тувак ва тоғорачалар ҳам миллий нақш ва белбоғга кўмилиб, улар ҳам гулга ўхшаган. Гул шаклини олган, гулларни акслантирган гуллар, гултошлар, гулсандиқ, гулқўнғиз, гулкапалак, гулкўприк, гулўриндиқ, гулйўл ва гулсимлар... ариқларда гул оқади, қизлар, гуллар, дарахтлар бир-бирига гул отади...
Кўзалардан оқаётган турфа гуллар чамани иқтисодиётимизнинг қудратли ва барқарорлигига ишорадек. Гул орқали ёзувлар, хусусан, “Ўзбекистон” вa “Наманган” ёзувлари, давлатимиз ва вилоятимиз хариталарининг моҳирона ифодлангани ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди.
Буларнинг ҳаммаси сунъий деб ўйлашингиз аниқ. Фақат ва фақат табиийлиги, мафтункорлиги ҳайратингизни оширади. Эҳ-ҳе, барини санагунча ўзингиз ҳам гулга айланасиз. Руҳиятингиз ҳам гуллай бошлайди. Гуллар хиёбони хаёлингизни банд этади. Гул терапияси, гул билан даволаш, унинг руҳиятга ижобий таъсири тўғрисида эса эшитгансиз, албатта...
 
ҚАЙГА БОРСАНГ ЁҒАР ГУЛ
Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи вилоятимиз туманлари, шаҳримиз аҳли ва меҳмонлари билан гавжум бўлди. Истиқлол нури ва насимидан яшнаб, ободу кўркамлашган бу ажиб ошёнда байрам шукуҳи кўтаринки, ўзгача кайфиятда нишонланди.
 
 
- Шаҳар ободонлаштириш унитар корхонасига қарашли гул кўчатлари етиштириш тармоғи (питомник) томонидан жорий йилнинг ўзида шаҳримиз кўчалари, боғ ва хиёбонларга 1 миллиондан ортиқ гул кўчатлари етказиб берилди ва экилди. Ташкилот, корхона ва муассасалар учун эса хусусий ҳаваскор гулчилар турли навдаги гул кўчатлари тайёрлаб бердилар ва улар гуркираб, яшнаб турибди.
Вилоятимиз марказидаги Бобур боғига бир кунда 20 минг киши сиғиши ва келиб-кетишини инобатга олсак, 5 кун давом этган гул байрамида ўртача 100 минг ва ундан зиёд томошабин қатнашганининг ўзи катта рақам, - дейди боғ директори Муҳиддин Турсунов.
Гулчилик тажрибаси... Санъатни касб этиб, маҳорат билан гул етиштириш, гул яратиш ишқида ёнган, тушида ҳам гул кўрувчи бу нафосат эгаларининг қалби ёруғ, қўли гул. Хонадон ва ишхона учун мўлжалланган ажойиб гуллар. 57 ёшли кактус гули... Ўзимизнинг энг хушбўй, ифорли райҳонимиздан тортиб, узоқ ўлкалардан келтирилган “орхидея”, “гартензия”, “антериум”, “мохоловка”, “бугувела”, “фларгония”, “арукария”, “малачай”, “магнолия”, “фонасета”, “цикас”, “кратон”, “петуня”, “шафран”, “тачитес”, “вербиня”, “натарантус”, “синерария”, тувакда етиштириладиган “редробин” помидори, хитой атиргули каби ноёб гуллар ва манзарали ўсимликлар уруғларини малакали гулчи-боғбонлар бизнинг иқлимга мослаштириб, кўчатларини тайёрламоқдалар.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2016 йил 2 ноябрдаги Наманган вилояти сайловчилари билан бўлган учрашувда шундай эътироф билдирган эдилар: “Мен қачонки гўзал ва бетакрор Наманган заминига келсам, бу ердаги кўча ва хиёбонлар, майдонларда яшнаб турган гул-чечакларни, сўлим ва ораста манзилларни кўриб, очиғи, баҳри дилим очилиб кетади”.
- Бу йилги гул байрамига катта тайёргарлик кўрилди. Ҳатто, яқинда вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан бир гуруҳ вакиллардан иборат делегация Жанубий Кореяга ҳам бориб, у ердаги гулчиликка оид тажрибаларни ўрганиб келдик. Байрамнинг нуфузи, географияси бу йил анча кенгаяди. Шунга яраша ҳозирлик ишлари бажарилди, - дейди Наманган шаҳар ҳокимининг ўринбосари Саидаҳмад Султанов. - Кузатган бўлсангиз, бугун шаҳримиздаги барча корхона, ташкилот, муассасалар бинолари олдида гуллардан иборат композициялар ўрнатилди. Маҳаллаларда, боғ ва хиёбонларда кенг кўламдаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари намунали тарзда ташкил этилди. Шунингдек, гул байрамининг 57 йиллигини тараннум этувчи кўринишлар, гулларни турли “фантазия”лар қилиб экиш, уларнинг доимий бўлиб қолишига ва энг сараланган навлари хилма-хиллигини таъминлашга алоҳида эътибор берилди.
“Нафосат” гул ишқибозлари етакчиси, меҳнат фахрийси Дилбар Содиқованинг таъкидлашича, Давлатимиз раҳбари таклиф ва ташаббуслари билан байрамимизнинг кўлами, мазмундорлиги ниҳоятда кенгайди, янада сайқалланиб кенг қулоч ёйди. Ҳар хил шакл-шамойилдаги чаппар урган гул-чечакларни ўстирган, гулсавату гулчироқларни пардозлаган ижодкор ҳамюртларимизнинг топқирлиги гул сайли қатнашчиларининг эҳтиромига, эътирофига сазовор бўлмоқда...
         “Мен гўзалларнинг эмас, гўзалликнинг, гўзаллик яратувчиларининг мафтуниман”, деган экан донишмандлардан бири. Гул ҳам тирик жон. Унга меҳрингизни, қалб қўрингизни берсангиз, яйраб-яшнайди. Шоирона айтганда, бунда ҳар гул меҳрга пайванд. Гулларни томоша қилиб, баҳру дилингиз очилади, кўнглингиздаги чарчоқлар, ғуборлар ёзилганини билмай қоласиз”.
- Тўғриси, гул байрами ташкилотчиларига ва наманганликларга ҳавасим келди. Уларнинг хурсандчилигига шерик бўлгани оилавий келдик. Гулни яхши кўрамиз, қаерга борсак, гул оламиз. Уйимизда мўъжазгина гулхонамиз - 300 га яқин гулимиз бор. Гул билан дўстлашган инсондан ёмонлик чиқмайди. Қадрдонларим билан дийдорлашганимдан беҳад бахтиёрман, - дейди биз билан суҳбатда қўшни Қирғизистон Республикасининг “Мундуз турист” номли халқаро туристик компанияси бош директори Умаржан Ёсиддинов.
 
КАТТА ТЎЙХОНАГА ЎХШАР НАМАНГАН
Боғнинг бош дарвозаси. Рамзий дарвоза олдида жозибадор гул композициялари: ерлар майсалар билан ёпинган, ернинг кўксига махсус гул дарахти манзараси ишланган. Гул ичига қизлар беркинганини зўрға ажратасиз. Яъни улар гулдан чамбарак ўраб, тож кийишган, гул либосга бурканган. Кираверишдаги фавворанинг томчиларида ранго-ранг гуллар товланади. Шиширилган шарлар ва сунъий гуллар уятда қолганидан хижолатда. Энг аҳамиятлиси, бу яшнамоқликдан, мусобақадан шаҳар ҳокимлиги биноси ва боғ атрофидаги табиий гуллар ҳам чандон очилиб кетган.
 
 
Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси лойиҳаси билан Ўзбекистон харитаси гулдан тузилган, тикланган гул тўшамига “57-ГУЛ БАЙРАМИ” ёзуви туширилган. Вилоят асосий майдони - “Тинчлик” стелласи олдидан бошингизга гул ёғилади, пойингизга гул сочилади, қўлингизга гул тутқазишади. Бунга хиёбонда тўнтарилган, ичига гул тўлган соябон шакли ишора бераётгандек...
57-анъанавий “Гул байрами”нинг очилиш маросими. Наманган шаҳар маданият бўлими томонидан тайёрланган бадиий-мусиқий дастур ҳаяжонни оширди. Азим Тошкентдан келган эл суйган хонанда, исми ҳам гул билан бошланувчи ҳамюртимиз Гуласалнинг “Гул тутгин, азизим” қўшиғида “гул”лар рақсга тушади. Яна унинг ижросидаги “Мани борар жойим ўшал Намангон” қалбларга сурур бахш этади. Лобар қизлар, жамалаксоч қизчалар Наманганнинг аёллари гўзаллигининг гулга қиёсланишини эслатдилар.
Байрам тантаналарида вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Хайрулло Бозоров, шаҳар ҳокими Баҳодир Бекхўжаев, пойтахтлик ва хорижий меҳмонлар, ҳоким ўринбосарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, меҳмонлар, нуронийлар, иқтидорли ёшлар иштирок этдилар.
Дастлаб вилоятимиз раҳбарлари ва меҳмонлар эсдалик учун гул кўчатлари ўтқазишди. Ёш рассомларнинг тасвирий санъат асарларини ва болажонларнинг қувноқ чиқишларини томоша қилдилар.
Сайлда 300 га яқин корхона, ташкилот, муассасалар жамоалари, нафақат вилоятимиз, балки Андижон, Фарғона, Қўқон, Марғилон, Тошкент шаҳарларидан, Хоразм, Самарқанд, Бухоро каби республикамиз вилоятларининг 30 га яқин шаҳар, туманларидан ҳамда Жанубий Корея, Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон давлатларидан - 10 дан зиёд хорижий давлатдан меҳмонлар келишди.
Хорижий меҳмон - Туризмни ривожлантириш агентлиги вакили, Франциялик Инес Дегрес хоним эса “Бундай ажойиб рангдаги гулларни энди кўришим. Бизда гулларни деярли иссиқхонада етиштирилади. Дарвоқе, бизда парфюмерия маҳсулотлари ишлаб чиқариш ривожланган ва машҳур. Қизиқ маълумот: атторларни, яъни ҳид билиш қобилияти кучли бўлган мутахассисларни “бурун” деб атаймиз. Бу ердаги анвойи гулларнинг бетакрор атри, таровати, мени лол қолдирмоқда”, дея таассуротларини ўртоқлашди. Шунингдек, байрамнинг очилиш маросимида қатнашган хитойлик меҳмонлар Хуа Мин ва Гао Чин, кореялик меҳмонлар Су Бин ва Бей Жинсулар ҳам сайл жуда ёққанини, гул байрами саноқли (8 та) мамлакатдагина ўтказилишини алоҳида қайд этдилар. Улар таъкидлаганларидек, Ўзбекистон – қуёшли юрт, буни гулларнинг ранги ва ифоридан ҳам яққол билса бўлади...
200 дан зиёд уста ва ҳаваскор гулчилар ўз кўргазмалари билан қатнашдилар. 70 тача меҳмон гулчининг соф рақобатга муносабати эса олдинги йиллардан анча фарқ қилади. Улар бу йилги байрам умуман бошқача ўтаётганини, Наманган гулчилиги юксалаётганини, оммалашаётганини яшириб ўтирмадилар.
Вилоятимиз раҳбари катта қизиқиш билан бир қатор меҳнат жамоаларини, гулчилик анъаналарини авлодлар оша қадрлаб давом эттираётган Адҳамжон Эргашев, Сирожиддин Қодиров, Абдураҳим Каримов, Обидхон Қодиров, Жўрахон Мўминов, Аҳмаджон Султонов, Илҳомжон Тоҳиров, Аҳмаджон Мамажонов, Ҳамида Жўраева каби гулчиларнинг кўргазмаларини эътироф этди. Улар билан самимий мулоқотда бўлди.
Наманган шаҳридан ҳаваскор гулчи Акмалхон Юсупов, Азизбек Абдуллаев, гулчи тадбиркор Қодирхон Холмирзаев, ажойиб гуллар билан бирга банан ва ва бошқа цитрус мевалар етиштираётган Андижондан Азизбек Мамажонов, Уйчи туманидан гулчи-деҳқон Латифжон Ҳамдамов, Маъруфжон Каримов, “Деҳқон-М” фермер хўжалиги раҳбари Маҳаммаджон Иброҳимовлар ўз тажрибаларидан гапириб беришди.
Шунингдек, вилоятимиз ҳокими боғ ҳудудида амалга оширилаётган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини кўздан кечирди, янги барпо этилган “Нуронийлар маскани”га кириб, у ердаги яратилган шароитлар билан танишди...
         Байрамга келганлар шоду хуррамликда мароқли дам олдилар. Улар эътиборига турфа ноёб хилли (ҳашаротхўр, ҳаво ва сувдан озиқланадиган антиқа гуллар ҳам бор экан), ажойиб янги навли гуллар ҳавола қилинди. Истиқлол ғоясини ўзида мужассам этган композициялар каттаю кичикка баравар ёқди. Тинч ва фаровон кунлар саодатидан, гул ҳидидан диллар маст бўлиб, тиллар шукрона айтади. Юраклардаги яратувчилик иштиёқи баланд мақомга кўтарилади. Бахтдан масрурлик танангизга шаҳд-шижоат улашиши эса бор гап.
Сайлда гул савдоси авжига чиқди. Гўзаллик ихлосмандлари нафақат ўзимизда, балки Таиланд, Хитой, Голландия, Эрон, Бразилия, Япония, Франция, Италия, Африкадан келтирилган гуллардан харид қилишди. Бошқача айтганда, ҳар бир киши ўртача иккитадан гул олганини ҳисобласак, бу байрамнинг ифори бир неча юз минглаб хонадонга кириб борганини англаймиз.
Гул сайли бир-биридан қизиқарли, мазмунли тадбирларни, ажойиб томошаларни ўзида қамраб олди. “Гул билан яшнасин олам”, “Кимнинг гули чиройли?” каби кўргазма ва мунозаралар, гуллар парвариши бўйича алоҳида “Насиҳат майдони” ташкил этилгани, сўз ўйинлари ва аския пайровлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ва ҳаракат қошидаги “Ўзбегим фарзандлари” миллий тарғибот мактаби фаолларининг маданий-маърифий тадбирлари, фаввора атрофидаги “Осуда юрт қадри”, “Мустақил юрт оқшомлари” номли концерт дастурлари, иқтидорли ёшларнинг чиқишлари йиғилганларга бир олам завқ-шавқ улашди.
Миллий урф-одатларни ўзида акс эттирган чой маросими, миллий либослар, дизайнерлик ва рассомчилик намойиши, миллий нон ва пишириқ-ширинликлар, шарбатлар кўргазмаси меҳмонларнинг қизиқишига сабаб бўлди.
- Довруғи дунёга кетган Намангандаги “Гул байрами” ижодкорлар, рассомлар, санъаткорларнинг чинакам байрами, десам, хато бўлмайди. Гулдан бир-бирини асло такрорламайдиган санъат яратаётган наманганлик ҳунарманд ва гулгун инсонларнинг заҳматли, соф ва шарафли меҳнатига ҳар қанча таҳсину раҳмат айтсак, арзийди. Қаранг, бу байрамда ҳамма нарса уйғунлашиб кетган. Бу сингари тадбирларнинг халқимиз, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтиришда, табиатга меҳр уйғотишда ўрни жуда ҳам катта, - дейди Ўзбекистон Бадиий Академияси раиси, халқ рассоми Акмал Нур.
 
АНЪАНАГА АЙЛАНГАН АЙЁМ
1961 йил 19 август. Бу Наманганда биринчи марта ташкил этилган Гул байрамининг тарихий санаси.
 
 
Биласиз, Наманган - гуллар шаҳри. Бу шарафли ва машҳур номга эга бўлиш сабаби билан боғлиқ ривоят бор экан. Бу ривоятни кекса билимдон кишилар айтиб беришди. Унда келтирилишича, Бухоро ҳукмдорларидан бири Наманган атрофидан ўтаётиб, шу ерда тўхтаб, дам олади. Бу ажойиб, баҳаво маскан унга жуда ёқиб қолади. Бу ерда шаҳар барпо қилишга махсус ёрлиқ чиқаради. Ёрлиқда шаҳарнинг тўрт фазилатга эга бўлиши, яъни гўзал, сўлим, обод ва гуллар шаҳрига айланиши кераклиги алоҳида таъкидлаб ўтилган...
Хиёбон ва гулзорларга 3-4 навдаги гуллар экиб, парвариш қилган дастлабки гулчилар Тўқмуллабой қори, Нуриддин ҳожи ва Абдухалил акалар эди. 1935 йили улар сафига республикада хизмат кўрсатган гулчи-агроном Абдуқаҳҳор Жалилов келиб қўшилди. А.Жалилов шу йили гулчилик тарихида биринчи марта жонли гуллардан чақириқлар, гиламнусха безакли ёзувлар, кун ва ойлар номини тайёрлаб, боғда намойиш қилди.
Шунингдек, Абдуқодир Насриддинов, Эшондада Алихонов, Қозоқжон Жалилов, Нуриддин Ҳамдамов, Йўлдошбой Раҳимов каби заҳматкаш гулчи-боғбонларнинг номлари катта ҳурмат-эҳтиром билан тилга олинади.
Наманганлик тарихчи ва жамиятшунос Юсуфжон Исмоиловнинг “Наманган фахри” китобида ёзилишича, ҳозирги Бобур боғига биринчи марта 1933 йили гул кўчатлари ўтқазилган. Манзарали дарахтларнинг экила бошланганига эса 135 йил бўлди. Бундан ташқари, 1960-1970 йилларда шаҳримиздаги кўплаб кўчаларнинг ўртаси ёки икки четида гулхоналар ташкил этиш бошланди.            
Алалхусус, кўчаларимиздаги, ташкилот, корхоналарнинг хиёбонларида анвойи гулларнинг очилиб туриши, гўзаллик шайдолари, гул ишқибозлари сонининг ортиб бориши гуллар кўриги ёки гул байрами ўтказилишини тақозо қилди. 60-йиллари ҳатто атиргул байрами ҳам уюштирилган ва кейинроқ бу байрам “Гул байрами” билан бирга ўтказиладиган бўлди.
Гул байрамини ташкил этишда, хиёбону кўчаларни гулга буркашда шаҳримизнинг ўша пайтдаги раҳбарлари Мелихон Иброҳимова, Турсун Рўзибоевларнинг ташкилотчилиги ва кўплаб гулчиларнинг ҳиссалари беқиёс бўлган.
Бундан 57 йил аввал дастлабки байрамда ҳаваскор гулчилардан 16 киши қатнашган экан. Унда “Нур” комбинати, 2-пахта тозалаш заводи, “Пахталикўл” даволаш санаторийси, 2-вилоят шифохонаси (ҳозирги Гўзал), 4-, 20-мактаблар ва бошқа ташкилотлар ўз гуллари билан иштирок этишган.
         Тарихий улкан саъй-ҳаракатлар туфайли шаҳримизнинг гуллар ва гўзаллик шаҳри эканлиги исботлаб берилди. Шундай қилиб, бу ажойиб тадбир кўпчиликни ўзига мафтун этгани учун ҳар йили “Гул байрами” ўтказиш анъанага айланиб қолди...
 
ҚАЙСИ ГУЛ ШУҲРАТДА ҒОЛИБ?!

5 кунлик гул байрами нафақат кундузи, балки кечки пайт ҳам ташриф буюрувчилар билан гавжум бўлди. Боғнинг тунги кўриниши ўзига хослик касб этди. Махсус ёритгичлар, турли рангда нур сочувчи, жило берувчи чироқлар билан безанган байрам “қаҳрамонлари” ялт-юлт кўйлагини кийиб олди. Гул шайдоларини кишини ҳайратга солувчи манзаралар қарши олди...

Вилоят ҳокимлиги олдидаги сўлим "Уч фаввора" хиёбони. Файзли оқшом. Тантанали тақдирлаш маросимига профессионал ва ҳаваскор гулчилар, корхона, ташкилот ва муассасаларнинг гулчилари, мутасаддилар таклиф этилган. Гуллар шаҳри Наманганга хос ушбу мафтункор ва бетакрор байрамнинг эсда қоларли лаҳзалари.

 
 
 
Дастлаб вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Хайрулло Бозоров шаҳримиз меҳмонларини, гулчилар ва гўзаллик шайдоларини байрам билан самимий муборакбод этди.
Вилоятимиз раҳбарининг нутқида алоҳида урғу берилганидек, гуллар шаҳри - Наманганда «Гулчилар ассоциацияси» тузилади. Шунингдек, энди Наманган гуллари нафақат мамлакатимиз бўйлаб тарқалади, балки чет элларга ҳам экспорт қилинади. Бундан ташқари, гул етиштиришни ривожлантириш учун ҳар бир гулчига 30-50 сотихдан ер участкаси ажратиб берилади.
Пойтахтдан келган ва вилоятимиз таниқли хонандаларининг дилрабо тароналари кечага ўзгача тароват ва байрамона руҳ бахш айлади, кўнгилларни тўлқинлантирди.
Бу йилги гул байрамида 300 га яқин меҳнат жамоалари, 200 дан зиёд уста ва ҳаваскор гулчилар ўз композицияли кўргазмаларини намойиш қилдилар. Ташкилий қўмита томонидан эълон қилинган шартлар асосидаги танловда эса 44 нафар гулчи ва оилавий гулчилар, 60 дан зиёд корхона, ташкилот ва муассасалар иштирок этдилар.
Наманган шаҳар ҳокими Баҳодир Бекходжаев бирин-кетин махсус номинациялар бўйича ғолибларни қимматбаҳо совғалар ва "Ташаккурнома" билан тақдирлади.
"Водийгазтаъминот" УК вилоят бошқармаси ва андижонлик гулчи Азизбек Мамажонов танловда учинчи, вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси ҳамда гулчи Муҳаммадамин Иброҳимов иккинчи, вилоят халқ таълими бошқармаси ҳамда гулчи Садриддин Қодиров биринчи ўринни эгалладилар. Фахрли ўринлар соҳибларига компьютер, ноутбук, телевизор, велосипед ва қимматбаҳо гиламлар берилди.
Ҳамма ҳаяжон оғушида. Ленталар ва шарлар илинган, ўзимизда ишлаб чиқарилган оппоқ машина чироқлари ёна бошлади, гўё у ўзига чорлаётгандек. Ва ниҳоят, олий ўринга Наманган шаҳридан гулчи Обидхон Қодиров ва  вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси лойиқ кўрилди. Вилоят ҳокими уларнинг ҳар бирига бош соврин - "Матиз" автомашинасининг калитларини топширди.
5 кун давом этган "Гул байрами" расман якунланган бўлса-да, унда қатнашган гулчилар шижоати, ҳамюртларимиз ва меҳмонлар хоҳиш-истакларига кўра, гуллар кўргазмаси энг улуғ, энг азиз айём - мустақиллик байрамигача давом этадиган бўлди.
Намангандаги Бобур боғи бундан кейин ҳам кишиларни доимо ўзига чорлаб тураверади. Биз эса чин дилдан “Бир келиб кетинг гулбоғимизга!” деб қоламиз.
Хуллас, шоирона айтганда, юрт гулларга тўлди, диллар шодликка. Кўнгиллар гул ҳидидан маст, тиллар шукрона айтади. Демак, хушбўй гуллар ифори фақат мамлакатимиз эмас, унинг сарҳадларидан ҳам ўтиб, кенг оламга таралаверади.
Орифжон ЖЎРАЕВ
 
Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати олган суратлар.

Биз Twitterда