Гиёҳвандликдан бошлари гаранглар жазо колонияларида ўзларига келишса ажабмас

 
Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят Мингбулоқ туман суди очиқ суд мажлисида 1-385-сонли жиноят иши кўрилди, деб ёзади "Мингбулоқ" газетаси.
Судланувчи Маҳмудов Рустам Эргашевич, 1962 йили туғилган, 4 нафар фарзанди бор. 2013 йили унга 7 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган. Яна бир шериги Қамбаров Исломжон Акмалович 1980 йили туғилган. 2 нафар фарзанд­нинг отаси. 2013 йили суд уни 5,6 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарган. Учинчи судланувчи Маҳмудов Мунавваржон Мансурович 1973 йили туғилган. 3 нафар фарзанди бор.
Уларнинг учаласи ҳам ўрта маълумотли. Бирорта ишнинг этагини тутмаган. Пешона терлари эвазига даромад топиб яшашдан кўра, турли қинғир йўллар билан пул топиб, айшу ишратда яшашга одатланганлардан.
Р. Маҳмудов муқаддам гиёҳвандлик моддасини сотганлиги учун судланган. Қамоқ жазосини ўташ жараёнида ўзига тегишли хулоса чиқармаган экан. Хавфли рецидивист бўлгани ҳолда қайта жиноят йўлига кирган. 2 бўлакдаги 15,67 грамм гашиш гиёҳвандлик моддасини 500 АҚШ доллари эвазига сотаётганида, ИИБ ЖҚ ва УЖҚКБ тезкор вакиллари томонидан қўлга олинган. Яшаш хонадони тинтув қилинганида яна 0,23 грамм гашиш гиёҳвандлик моддаси топилди.
И. Қамбаровнинг қисмати ҳам ана шундай. Илгари гиёҳванд модда сотиш билан айбланиб, жазо ўтаган. Аммо озодликдан чиққач, эски ҳунарини давом эттирган. У 5 бўлакдаги 4,09 грамм гашиш моддасини 500 минг сўмга пуллаётган чоғида қўлга олинган. Воқеа жойи­дан қочаётган вақтда ёнидаги 6,48 грамм гашиш гиёҳвандлик моддасини улоқтириб юборади.
М. Маҳмудов ўз уйида танишига 26,47 грамм гашиш гиёҳвандлик моддасини 1 миллион 500 минг сўмга сотаётган пайтда ушланган.
Мазкур жиноят ишини атрофлича муҳокама этилгач, Ўзбекистон Республикаси ЖПК 211, 454-455, 457, 462-463, 465-468, 471-473-моддаларига амал қилиб, суд ҳайъати ҳукмни эълон қилди.
Учала судланувчи ҳам жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилдилар. Рустам Маҳмудовга 10,1 йил муддатга, Исломжон Қамбаровга 10 йил муддатга, Мунаваржон Маҳмудовга 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Суд адолатпарварлик, инсонпарварлик тамойилларига амал қилиб, И. Қамбаров ҳамда М. Маҳмудовга тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ўталмаган қисми Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2016 йил 12 октябрдаги "Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида"ги қарорининг 6-банди "а" кичик бандига асосан учдан бир қисмига қисқартирилди. Лекин хавфли рецедивист бўлгани ҳолда аввалгидек жиноят ишини такрорлаган Р. Маҳмудовга берилган жазо ўзгартиришсиз қолдирилди.
Дарҳақиқат, аср вабоси деб ном олган гиёҳвандлик ва унинг савдоси билан шуғулланиш - ўта хатарли. Бундай жирканч ҳолатлар жамиятнинг эртасини ҳам хавф остида қолдириши эҳтимолдан йироқ эмас. Ахир оғу инсон жисмини қанчалик хароб қилса, шахс ва жамиятнинг мол-мулки, бойлигига мислсиз даражада зарар етказади. Тинч-тотув яшаётган оилаларни бузади, болаларни тирик етим қилади, муҳтожлик, қашшоқликда яшашга, ўғирликка, жиноятга мажбурлайди. Якуни эса касаллик, ўлим ёки жиноий жазо, жумладан озодликдан маҳрум бўлишликдир.
Суд мажлисида муҳокама этилган 37, 44, 55 ёшга кирган, аммо ҳалигача фойдали ижтимоий меҳнат билан шуғулланмаган, жамиятимизга ҳеч қандай наф келтирмаган 3 нафар нобакор шахс­нинг гиёҳвандлик кўчасидаги фаолиятлари аянчли якун топганлиги юқоридаги фикр­лар тасдиғидир.

Биз Twitterда