Генерал Дўстумни сиёсий майдондан чиқариб юборишдан ким манфаатдор?

Article

Афғонистон вице-президенти, мамлакатдаги ўзбек жамоати етакчиси бўлмиш генерал Абдулрашид Дўстум мамлакатнинг айрим туманларга ўрнашиб олган Толибон кучларига қарши кураш коалициясига раҳбарлик қилиб келади. Лекин, геосиёсий майдонда ўз манфаатларини ҳимоя қилишга уринаётган баъзи ташқи кучлар икки ой аввал уни жисмонан йўқ қилишга уринишганди. Бу ёвуз ғоя амалга ошмади, генерал енгил тан жароҳати билан тирик қолди. Энди эса, айнан ўша кучлар Афғонистон ичидаги ўз муридлари орқали халқ ичида катта обрў-эътиборга эга бўлган Дўстумнинг номига лой чаплаб, уни сиёсий майдондан четга суришни режалаштираётганга ўхшайдилар.

Жузжон вилоятининг собиқ ҳокими Аҳмад Ишчи генерал Дўстум ва унинг қўриқчилари уни калтаклашгани, кийимларини ечиб ташлашгани ва унга нисбатан жинсий тажовуз таҳдиди қилишганини даъво қилиб ўртага чиқди. Унинг айтишича, бу ҳодиса 25 ноябрда улоқ майдонида бўлган. Генерал Дўстум улоқ майдонига тўпланган тумонат одам ичида уни ҳақорат қилган эмиш. Бу ҳам камлик қилгандай, генерал Дўстумнинг одамлари уни беш кун ҳибсда тутишганини ҳам айтмоқда.

Генерал Дўстум собиқ ҳоким Аҳмад Ишчининг бу айбловини тўлалигича инкор этди. Шунингдек, у ўзига нисбатан бундай тузоқ анчадан бери ташкиллашга уринилаётганини таъкидлади.

Европа Иттифоқи ва Қўшма Штатлар дарров Аҳмад Ишчи илгари сурган “даъво шикояти” юзасидан текширув ўтказишга чақирдилар.(Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас эди, албатта).  Афғонистон президенти Ашраф Ғани ҳодиса юзасидан батафсил текширув ўтказишга ваъда берди.

Воқеанинг келгусида қандай ривож топиши Афғонистоннинг тинчлиги билан чамбарчас боғлиқ. Чунки, афғон тупроғида терроризмнинг олдига тўсиқ қўйишга чин юракдан бел боғлаган ўзбек генерали Абдулрашид Дўстумнинг бундай беътасир “даъво” натижасида қораланиши, унинг минглаб издошлари ва сафдошларига ҳам салбий таъсир кўрсатиши, иккинчи томондан эса, ўзларининг энг кучли тўсиқларидан қутулган террористларнинг кучига куч қўшиши шубҳасиз. Афғонистон ҳукумати бу масала юзасидан қарор чиқаришда Ватан манфаатини ҳар нарсадан устун қўйишига умид  қилиб қоламиз.

Дилмурод Жумабоев


Биз Twitterда