Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланяптими?

 
Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармасида соҳадаги ортиқча маъмурий тартиб-тамойилларни бартараф этиш юзасидан семинар ўтказилди. Унда адлия, нотариал идора вакиллари ҳамда дахлдор соҳа мутасаддилари иштирок этдилар, деб хабар беради ДХА вилоят бошқармаси матбуот хизмати.
“Ўзбекистон Республикаси адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги тўғрисида”ги Низомда агентлик ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятининг асосий йўналиш ва вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилган. Унга кўра, ортиқча маъмурий тартиб-тамойилларни бартараф этиш ҳисобига давлат хизматлари кўрсатиш тартибини такомиллаштириш агентликнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Бу борада олиб борилаётган қатор ислоҳотларга қарамай айрим давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан фуқаролар, тадбиркорлик субъектларидан қонунда кўрсатилмаган ҳолда ортиқча ҳужжатлар талаб этиш ҳолатлари кузатилмоқда. Йиғилишда ана шундай камчиликларни бартараф этиш юзасидан тушунтиришлар бериб ўтилди.
Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси томонидан олиб борилган ўрганишлар ҳамда фуқаролар ўртасида ўтказилган сўровларда аниқланишича, шу йилнинг ўтган 6 ойида 269 нафар фуқаро солиқ ва бошқа мажбурий тўловлардан қарзи йўқлиги тўғрисида, 370 нафар фуқаро судланган, судламаганлик тўғрисида, 40 нафар фуқаро манзилли рўйхат олиш ва 70 нафар фуқаро бошқа турдаги маълумотномаларни олиш юзасидан мурожаат қилган.
Хусусан, 147 та ҳолатда давлат нотариал идоралари томонидан кўчмас мулкни бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ битимларни расмийлаштиришда солиқ ва бошқа мажбурий тўловлардан қарзи йўқлиги ҳақидаги маълумотнома талаб қилинган. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг “Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги йўриқноманинг 40-бандида кўчмас мулк ёки унинг бир қисми бошқа шахсга ўтказилаётганда мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар билан бирга коммунал хизматлар ва сўраладиган бошқа маълумотномалар курьерлик хизматидан фойдаланган ҳолда ёки идоралараро электрон ҳамкорлик йўли билан тизим орқали автоматик тарзда олиниши белгиланган.
Мухтасар айтганда, бугун аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш соҳаси тобора такомиллашиб бормоқда. Бу ўз навбатида “Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади”, деган тамойилнинг амалдаги ифодасидир.

Биз Twitterда