Франция 39 ёшли Макронни Президент этиб сайлади! Биринчи леди Брижит Макрон – 64 ёшда!

 
ФОТО: http://images.aif.ru/
 
“Олға” ҳаракати йўлбошчиси, 39 ёшли Эммануэль Макрон Франциядаги президентлик сайловларининг 2-босқичида 65,82 фоиз овоз билан ғалаба қилди.
“Миллий фронт” партияси етакчиси Марин Ле Пен 10,6 млн (34,18 фоиз) овоз тўплади.
Янги президент Эммануэль Макроннинг ўзига хос сиёсий қарашлари, у мансуб бўлган сиёсий оқимнинг манфаатлар дунёсига муносабати ҳақида жаҳон матбуотида кўп гапирилмоқда. Макроннинг Европа иттифоқини кучайтириш ҳамда НАТО билан ҳамкорликни ривожлантириш тарафдори эканлиги таъкидланмоқда. Аммо булар ҳаммаси бир ёнда, янги Франция президентининг шахсий ҳаётидаги ҳайратомузлик барчанинг диққат марказида турибди.
Макрон 2007 йили, 29 ёшида ўзидан 25 ёш катта бўлган, мактаб давридаги ўқитувчиси Брижит Троньё билан турмуш қурган. Бунинг учун Брижит хоним 2006 йили ўзининг биринчи турмуш ўртоғидан ажрашган. Албаттаки, бундай ёш фарқи билан умумий фарзандлар ҳақида ўйлашнинг ўзи кулгили.
Брижит хоним 1953 йили туғилган, француз ва лотин тили ўқитувчиси бўлган. 1974 йили (Макрон туғилишидан уч ярим йил аввал) банкир Андрэ Луи Озьерга турмушга чиққан ва уч фарзандни дунёга келтирган.
1993 йили Амьен шаҳридаги La providence хусусий мактабида дарс берган пайтида 40 ёшли Брижит Троньё шу мактаб ўқувчиси, 15 ёшли Эммануэль Макрон билан тўқнаш келган. Ва шу пайтда улар ўртасида, “айтишларича”, муҳаббат бошланган. Брижит хонимнинг Эммануэлнинг онаси билан деярли тенгқур эканлигини, Макроннинг ҳали ёш бола бўлганини ҳисобга олмаганда – “оддий севги”...
Брижит Троньёнинг ўғли Себастьян Макрондан 2 ёш катта, қизи  Лоранс у билан синфдош бўлган, кичик қизи Тиффани ҳам деярли тенгқур ҳисобланади. Ҳозирда Брижит хонимнинг 7 та набираси бор.

Биз Twitterда