Эски масалга янгича нигоҳ: БЎРИ БИЛАН ҚЎЗИЧОҚ

Article

Қаҳратон қиш оқшомларидан бирида қаҳва ичиб телевизор кўриб ўтирган Қўзичоқни дарвозанинг асабий тарақлаши безовта қилибди. У хавотир билан тез-тез юриб бориб дарвозани очаркан, шундоқ остонада турган Бўри салом-аликсиз, такаллуфсиз ҳовлиққанича ичкарига кириб олибди. У Қўзичоқнинг шинамгина хонасини обдон кўздан кечирибди, кўнглини хасад ўти ёқаётгани эса оловланган кўзларидан шундоққина сезилиб тураркан.

- Хўш, Қўзи Қўчқорович, - дебди Бўри аламзадалик билан, - оламда нима гаплар?

- Оламда тинчлик, ҳаёт гўзал! – деб жавоб берибди иложи борича ўзини хотиржам тутишга уринаётган Қўзичоқ.

- Шу гўзалликдан биз ҳам баҳраманд бўлишимиз мумкинми?

- Албатта...

- Бунинг учун сендан нима талаб қилинишини билсанг керак-а?

- Бўлмасам-чи, ахир ота-бобом сизга учрагандан кейин аҳволи не кечгани менга жуфт туёғимдай аён-ку! Гапни айлантирмай, очиқ муддаога ўтганингиздан хурсандман. Чунки, барибир, мен сиз айтадиган гуноҳларнинг ҳеч қайсинисини содир этмаганман. Фақат сизнинг қорнингиз оч. Ва шу маҳалда айнан менинг остонамга дуч келиб қолдингиз. Мен қисматимга розиман. Лекин, агар хафа бўлмасангиз, сиздан бир нарсани илтимос қилмоқчиман...

- Тила тилагингни. Умр сўнгидаги ҳар қандай истак инобатга олинади. Боз устига, ўзинг шундай ювошлик билан рози бўлиб турганингда.

- Илтимосим шуки, мени ейишдан олдин тишларингизни яхшилаб ювиб олсангиз. Адашмасам, тишларингиз касалланган, шекилли, оғзингиздан бир оз ёқимсиз ҳид анқияпти. Аслида бунинг менга унчалик аҳамияти йўқ-ку, бироқ мени энди ямламоқчи бўлганингизда кўнглим беҳузур бўлиб, иштаҳангизни бўғиб қўяманми, деб қўрқаман.

- Оҳ-оҳ, каллангга қойил! Тўғри айтасан, анчадан бери кариесдан азоб чекаман, милкларим ҳам касалланган.

- Унда мен сизга “Ўрмон балзами” пастасини тавсия қиламан. Юринг, сизга ювиниш хонасини кўрсатай.

Бўри билан Қўзичоқ ювиниш хонасига киришибди. Қўзичоқ ўзи айтган шифобахш пастасини берибди. Бўри тишларини хафсала ва иштиёқ билан узоқ ювибди. Натижада унинг тишлари садафдек ярқираб, ханжардек тиғдор бўлиб кетибди. Буни кўрган Қўзичоқ ҳайратини яшира олмабди.

- Қаранг-а, тишларингиз шу қадар кўркам эканки, ҳар қандай жонивор унда ўзини кўра олади-я!

- Нима, сен менинг палагим тоза эканлигини билмайсанми?

- Билганда қандоқ! Қадимий адабиётларда аждодларингиз куч-қудрат ва кўркамлик рамзи сифатида тилга олинган. Бироқ ҳозир сизнинг ноёб тукларингизга ғубор қўнган кўринади. Шу нарса салобатингизга сал соя солиб турибди-да. Агар ваннада чўмилиб олсангиз, туққан онангиз ҳам танимай қолса керак.

- Қани, илиқ сувингдан қуй-чи, бир чўмилсам, чўмилибман-да!

Қўзичоқ Бўрининг юнгларига “Палмолив” шампунини суртиб, яхшилаб кўпиклатиб ювиб қўйибди. Илиқ сув, хушбўй ҳид ва Қўзичоқнинг такаллуфи Бўрининг кайфини чоғ қилибди. У момиқдек сочиққа артина туриб, кўзгудаги аксидан кўз уза олмай қолибди.

- Бўривой ака, хаёл суриб қолдингизми? – деб сўз қотибди унга Қўзичоқ.

- Ҳа, энди тишларим ҳақида ўйлаяпман. Шундай ажойиб тишларимни сенинг қонинг билан булғашим ўзимга сира ҳам ёқмаяпти. Лекин қоринни чиройли тишлар билан алдаб бўлмайди.

- Қайғурманг, агар рози бўлсангиз, мен сизга “Ролтон” шўрвасидан тайёрлаб бераман. Уни ичиб роҳатланасиз.

- Таклифинг чакки эмас. Майли, “Ролтон”нинг ҳам тузини кўрайлик.

Қўзичоқ чаққонлик билан шўрва тайёрлабди. Ҳатто шўрвага ёғли патир тўғраб берибди. Уни ичган Бўри чиндан ҳам маза қилибди.

- Ҳарҳолда, сенинг хом-хатала этингдан ёқимлироқ экан, - дебди Қўзичоққа рағбат маъносида.

- Ана энди, бемалол “Орбит” сақичларидан чайнасангиз бўлади. Унутманг, фақат “Орбит”! Тағин “Фреш-мреш”, “Канго-панго”сидан чайнаб юрманг! Сизга айнан шу ярашади! – дея лутф қилибди Қўзичоқ.

Улар анчагача гангир-гунгур қилиб суҳбатлашиб ўтиришибди. Бир маҳал Бўри ўрнидан қўзғолибди. У кетар олдидан Қўзичоққа шундай дебди:

- Сен менинг қорнимни тўйғаздинг, кўнглимни олдинг. Шунинг учун сени емайман. Етти пуштингга омонлик бераман. Лекин, шартим шуки, ҳар гал уйингга келганимда меҳмоннавозлигингни канда қилмайсан. Тушунарлими?

-Тушундим, Бўривой ака, тушунмай ўлибманми! Шафқатингизни дариғ тутмаганингиз учун умрим борича сиздан  қарздорман. Агар бир энлик мугузчамдан кечсангиз, сиздан бир ўтинчим бор эди ...

- Гапир!

- Шу... Шу...

- Чайналма!

- Шу... Мени авф этганингиз, етти пуштимга омонлик берганингизни хатга тушириб қўйсак, муборак имзонгизни қўйиб тасдиқлаб берсангиз...

- Ўлгудай айёрсан-да, Қўзича! Ёзақол.

Қўзичоқ бир зумда омонлик ҳужжатини тайёрлаб Бўрига тутибди. Бўрининг хат-саводи йўқ экан, бироқ у Қўзининг олдида паст кетгиси келмабди-да, имзо чекиладиган жойга аррасимон тиш расмини чизиб қўйибди.

- О, чинакам санъаткорона имзо! – дея хитоб қилибди Қўзичоқ.

Унинг мақтови Бўрига мойдай ёқиб илжайиб қўйибди ва кибр билан ташқарига йўналибди. Қўзичоқ уни тавозе билан кузатиб қолибди. Уйига қайтиб кириб ўзини креслога ташлаган Қўзичоқ омонлик хатига мамнун кўз тикар экан, унинг бир нусхасини Гўштхўрлар Гуруҳига жўнатиб юборишни кўнглига тугибди.

Қиссадан ҳисса шуки, тадбирли Қўзичоқ нафақат ўз жони, балки авлодларининг хавфсизлигини ҳам таъмин эта олади.

Ожиз ва нотавон қўзичоқларнинг тарихда қолгани рост бўлсин!   

Гули МУРОД