Элим деб, юртим деб яшаганлар ҳеч қачон унутилмайди

Article

Халқнинг тинч ва фаровон ҳаёти, ёруғ келажаги учун умрини бағишлаган инсонлар номи абадиятга дахлдордир. 
Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ана шундай саодатга мушарраф бўлган, халқимизнинг меҳрини қозонган, миллионлаб одамларнинг қалбидан мангу жой олган тарихий шахс эди. 
Шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Буюк Йўлбошчимиз таваллуд топган кун – 30 январь санасини нишонлашга тайёргарлик кўрилмоқда. Таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда ушбу сана муносабати билан турли маданий-маърифий тадбирлар, хотира кечалари ўтказилаётир, дея хабар беради ЎзА
Тадбирларни байрамона руҳда ташкил этишда Республика Маънавият тарғибот маркази, Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши каби турли давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, профессор-ўқитувчилар, маънавият тарғиботчилари, олимлар, ёзувчи ва шоирлар фаол иштирок этмоқда. Шундай тадбирлар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида давом этмоқда. 
Ислом Каримов мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, уни замонавий асосда тараққий эттириш стратегиясини ишлаб чиққан, жаҳон миқёсида катта обрў-эътибор қозонган буюк давлат ва сиёсат арбоби сифатида Ватанимиз тарихида мангу қолади. Халқимиз тарихан қисқа муддат – 25 йилда эришган барча ютуқ ва марраларни ҳақли равишда Биринчи Президентимиз номи билан боғлайди. 
– Мустақилликнинг дастлабки йилларида Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган машҳур беш тамойил қисқа даврда ҳаётда ўзини оқлаб, дунё давлатлари, халқаро ташкилотлар томонидан тараққиётнинг “ўзбек модели” сифатида эътироф этилди, – дейди Тошкент давлат юридик университети доценти Эшмуҳаммад Қодиров. – Кўплаб давлатлар бу тамойиллардан намуна олишга, уни ўз сиёсатига тарғиб этишга интилди. Таълим тизимидаги ислоҳотлар, қишлоқ жойларда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар, бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнида кучли ижтимоий сиёсат олиб борилиши мамлакатимиз эришган муваффақиятларнинг муҳим омиллари ҳисобланади. 
 

Биз Twitterда