Эл деса Навоийни..

Article
Аждодлар ёди билан яшаш, улар қолдирган меросни ўқиб, сабоғидан ибрат олиш бугунги кун ёшларининг улкан вазифаларидан биридир. Адабиётни ўқиш учун ҳазрат Навоийни англаш лозим. Ҳаётнинг қайси бир жабҳасини олмайлик, улуғ бобокалонимиз Алишер Навоийнинг бу ҳақда қимматли фикр-мулоҳазалари, ўгитлари борлигини кўрамиз.
Юртимизда ҳар йили шеърият мулкининг султони таваллудига бағишланган шеърхонлик кечалари, адабий тадбирлар бўлиб ўтади.
Наманган туманидаги 24-ўрта умумтаълим мактабида бўлиб ўтган “Эл деса Навоийни...” номли тадбир эса, жажжи, 2-синф ўқувчилари иштирокида ташкил этилгани билан янада эсда қоларли бўлди.
Ўқувчилар томонидан ёшига мос ҳаяжон ва ўзига хослик билан ўқиб берилган Навоий рубоий ва ғазаллари, бугунги кун ўзбек шеъриятидаги Навоийга бағишланган шеърлар мактаб ўқитувчи ва ўқувчиларининг гулдурос олқишларига сазовор бўлди. Турли саҳна кўринишлари билан болажонлар Навоийни жонлаштиришди, унинг “Фидо” ғазалини эса жўр овозда биргаликда куйладилар. Туман ва вилоят миқёсидаги турли тадбирларга қатнашиб келаётган ушбу синфнинг “Юлдузча” рақс ансамбли чиқишлари тадбирга янада кўтаринкилик бахш этди.
Тадбирда якунида сўз олган мактаб директори, халқ депутатлари туман кенгаши депутати Исмоил Валиев ўқувчиларга ўз фикрларини билдириб, ташаккур этган ҳолда, сабр-бардош, мулойимлик, адолат, меҳр-оқибат, эзгулик ва мурувват каби энг улуғ инсоний фазилатларни Навоийдан ўрганиш кераклигини тушунтирди.
Юлдуз Эргашева,
Мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси  

Биз Twitterда