Дунё саройларига зеб бераётган Наманган ипак гиламлари

 
Дунёга машҳур ўзбек ипак гиламлари қадимда шоҳлар саройларининг махсус хоналарига тўшалган, хорижий юртларга элчи юборганда бошқа юрт ҳукмдорларига совға тариқасида жўнатилган. Йиллар давомида ҳар бир гилам учун юз минглаб, керак бўлса, миллионлаб тугун тугилиши, тўқувчиларнинг кўз қуввати, қалб оташи жо бўлиши натижасида ҳақиқий санъат асари даражасига чиқади ҳар бир гилам.
Наманган вилояти Уйчи туманида 2014 йилда фаолият бошлаган “Водий ипак гилами” корхонасининг ипак гиламлари ҳам ўзбек гиламчилигининг барча устун анъаналарини ўзида бириктирганлиги билан бирга, ҳар бир гиламга ўзига хос ёндашув сабаб бугун жаҳон гилам бозорининг маркази бўлган Лондондаги энг қимматбаҳо дўконларда дунёнинг тўрт бурчагидан келган харидорларнинг эътиборига тушган. Бугун “Наманганда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи билан ўнлаб саройларга зеб бераётган гиламлар ишлаб чиқараётган бу корхона икки йил аввал атиги 320 минг АҚШ доллари сармоя киритиш билан бошланганди. Ҳозирги кунда 60 нафар тўқувчи меҳнат қилаётган “Водий ипак гилами”нинг йиллик ишлаб чиқарган маҳсулоти қиймати деярли ярим миллион долларга тенг. Келгуси режаларда тўқувчилар сонини 250 тага етказиш ва ишлаб чиқариш ҳажмини 5-6 баробар ўстириш. Бунинг учун ҳозирги мавжуд 38 та дастгоҳга яна қўшимча дастгоҳлар келтирилди, алоҳида ишлаб чиқариш зали тайёрланмоқда. Гилам тўқиш ўзига хос бир санъат. Шунинг учун, корхонада бу санъатни ўргатиш учун устоз-шогирд анъанаси йўлга қўйилган.
 
 
“Ипак гиламнинг хусусияти шундаки”, дейди корхона раҳбари Элмурод Мамадалиев, “йил ўтган сайин, ишлатилгани сайин унинг ранги янада очилиб, ўзига кўпроқ тортади. Гиламларимиз учун ўзимизнинг Ўзбекистоннинг ипагини ишлатамиз, бу сабабдан ҳам маҳсулотимиз бозоргир. Гиламларимизни аввалдан буюртмалар асосида ишлаб чиқарамиз, буюртмачи истаган нақш ва безакларни гиламга кўчиришимиз ҳам мумкин. Ўртача гиламнинг нархи 15 минг АҚШ доллари туради, янги дастгоҳлар олиб келдик, унда нархи 30 минг доллар турадиган каттароқ ҳажмда гиламлар ишлаб чиқарамиз. Бу нархлар кимгадир эриш туюлиши мумкин, лекин айтайлик, 3х4 ҳажмдаги битта гиламни тўртта тўқувчи 2-2,5 йил тўқийди..”
Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда