Даяна Дрискол: "Ўзбекистон АҚШдан минг марта хавфсизроқ!"

Article
Террорчи ҳужумлар туфайли охирги йилларда Туркия, Тунис ва қатор Яқин Шарқ мамлакатларига сайёҳлар оқими кескин камайган, ғарбликлар орасида тамаддун бешиги дея кўриладиган Марказий Осиёга эса қизиқиш ортиб боряпти. Лондонда жойлашган Cox and Kings Travel сайёҳлик агентлиги Ипак йўли бўйлаб махсус турларни ташкил этиб келади. Сайёҳларга одатда Ислом дунёсини яқиндан ўрганган олима Даяна Дрискол гидлик қилади. Дрискол хоним яқинда ўзининг Ўзбекистон ҳақида кенг интервьюсида, юртимизга хусусан қуйидагича таърифлар берди:
Ўзбекистон - ҳайратланарли мамлакат. Санъат, археология, меъморчилик ҳақида гап кетса, у ер ажойиб жой. Ипак йўлининг барча жиҳатлари у ерда мужассам. Бу ҳудудни у ёқдан бу ёққа кесиб ўтган тарих - энг бой тарих. Милоддан аввалги 720 йилдан бошлаб бугунги кунгача бўлган тарихга гувоҳ бўласиз у ерда. Кўчманчи қабилалар, турклар, мўғуллар.. Исломдан аввал ва Ислом давридан қолган меъморчилик - шундоққина кўз олдингда! Нукусга борсанг, у ерда Савицкий номидаги мисли кўрилмаган рус авангард санъати коллекцияси бор. Ўзбекистон бу каби ажойиб нарсаларга шунчалар бойки, у мен сафар қилган энг-энг ажойиб мамлакат.
Ўзбекистонда ҳеч бир сайёҳга ҳеч қачон ҳеч нарса бўлмаган! Қайси сайёҳ у ерга бормасин, бу халқ қандай ажойиб экан деган таассурот билан қайтишади. Тунда бемалол кўчаларда юраман. Мен Тошкентда операга бораман, кейин соат кечки 10-11ларда тўғри келган таксини тўхтатаман. Мутлақо хавф йўқ. Опера театри-чи?! Туристлар бундай нарсалар борлигини билишмайди ҳам. Мен америкаликман, шу кунларда Америкадаги қариндошларимни кўриб келдим. Мана, ўтган ҳафта у ерда яна бир отишма бўлди. Америка - хавфли мамлакат. Америкага борсам, менга "тунда кўчага чиқма! Қоронғида юрма!" деб маслаҳат беришади. Мана сизга Америка! Телбалик бу. Яқин Шарққа ҳам боролмай қолдик. Бутун дунёда одамлар терроризмдан қўрқиб қолганлар, лекин Ўзбекистонда бундай муаммо йўқ. Дунёда сафар қилсанг бўладиган ва ўзингни буткул хавфсиз сезадиган жой – Ўзбекистон!
Ўзбекистон - хавфсиз мамлакат, унинг тарихи ажойиб ва кўзни қувонтирадиган жиҳатлари жуда кўп! Америкадан минг марта яхши, менга ишонаверинг.”

BBC