Давлат ва халқ мулоқоти Наманганда амалда

Article

Наманган вилоятида давлат ва халқ мулоқоти 2017 йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши билан янада юқори даражага чиқди. Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Хайрулло Бозаровнинг вилоятнинг турли ҳудудларида аҳолининг барча қатламлари вакиллари билан эркин мулоқоти мунтазамлик касб этди. Ўтган ҳафта Поп туманининг Чодак қишлоғида бўлган учрашув, бўш ўринлар учун меҳнат ярмаркаси аҳоли ўртасида халқ манфаати янада аҳамиятли бўлиб бораётганини намойиш этиб берди.

Душанба куни вилоят ҳокимининг навбатдаги учрашуви Чортоқ туманидаги Қирғизистон билан чегарадош олис Ҳазратишоҳ қишлоқ фуқаролар йиғинида бўлиб ўтди.

Аҳоли билан учрашув чоғида Наманган вилояти ҳокими Республикамиз раҳбариятининг ғамхўрлиги билан вилоятда, жумладан Чортоқда, шу қишлоқда амалга ошириладиган кенг кўламли ишларга тўхталди. Жумладан вилоятимизда яқин йиллар ичида 4200 та лойиҳа асосида 8 трлн. 100 млрд. сўмлик ишлар бажарилади. Уларнинг ҳаммаси халқ фаровонлигини кўзлайди.

Ҳоким қишлоқ аҳли олдидаги вазифаларга ҳам тўхталди. Ердан унумли фойдаланиш, боғларни янгилаш, кўчатлар бутлигига, агротехникасига эътибор бериш зарурлигини уқтирди.

Халқ билан мулоқотнинг асоси халқнинг мавжуд ҳаёт юзасидан фикр-мулоҳазаларини олиш, уларнинг кундалик турмушида мавжуд камчилик ва муаммоларни ўрганиш ҳамда ечимини топиш бўйича тезкор амалий ёрдам кўрсатишдир. ҚФЙ ҳудудида бўлиб ўтган учрашувларда маҳаллий аҳоли вакиллари сув таъминотидаги узилишларнинг олдини олиш, кредит олишга кўмаклашиш, йўлларни сифатини янада яхшилаш, автобус қатновини мунтазам йўлга қўйиш бўйича талаб ва истакларини билдирдилар.

Вилоят ҳокими ҳар бир масала юзасидан алоҳида шуғулланишлари ва ижобий ечими тўғрисида ҳисобот беришлари учун мутасаддиларга топшириқлар берди. 

Раҳимжон Ирисов, 
vodiymedia.uz учун махсус


Биз Twitterда