Хусусий тиббиёт янада ривожланади! Шавкат Мирзиёев шуни кўзда тутувчи қарор имзолади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Соғлиқни сақлашда хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. 
 
 
Ҳужжат соғлиқни сақлаш хусусий сектори тараққиётига ҳар томонлама кўмак беришни кучайтириш, хусусий тиббиёт ташкилотлари томонидан аҳолига сифатли, юқори технологияли тиббий хизматлар кўрсатилиши учун шароитлар яратиш, хусусий тиббиёт соҳасига хорижий инвестициялар ва юқори малакали чет эл мутахассисларини жалб этишни кенгайтириш, тиббиёт туризми ва тиббиёт хизматлари экспортини ривожлантиришга қаратилган.
Қарорда хусусий тиббиёт ташкилотлари учун рухсат берилган тиббиёт турларини аҳоли саломатлиги ва ҳаёти, санитар-эпидемиологик вазият учун хавф туғдирмайдиган (жумладан, кардиожарроҳлик, нейрожарроҳлик, микрожарроҳлик, онкология, эндокринология, кардиология, урология) соҳалар ҳисобига кенгайтириш кўзда тутилган.
Аҳолига пуллик тиббий хизмат кўрсатувчи хусусий тиббиёт ташкилотлари (стоматология ва косметология муассасаларидан ташқари) 2022 йил 1 январга қадар барча солиқ турлари ва давлат мақсадли фондларига мажбурий ажратмалардан озод этилди. Қишлоқ жойларида очиладиган тиббий хизмат соҳасидаги микрофирмалар ва кичик корхоналар давлат рўйхатидан ўтган пайтдан 10 йил муддатга ягона солиқ тўловидан озод қилинди.
Тижорат банкларига хусусий тиббиёт ташкилотларига замонавий тиббиёт жиҳозлари ва бинолар харид қилиш, бошланғич капитални шакллантириш учун узоқ муддатли имтиёзли кредитлар тақдим этиш, аҳолига эса хусусий тиббиёт ташкилотлари хизматидан фойдаланиш учун истеъмол кредитлари ажратиш тавсия этилди.

Биз Twitterда