Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш. Бу борада қандай ишлар қилинмоқда?

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг сайловолди дастурида кўзда тутилган вазифаларни амалга ошириш, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жамиятни модернизация қилиш ва янгилашда хотин-қизларнинг фаол иштирок этишларини таъминлаш, сиёсий билимларини намоён этиш мақсадида партия Андижон вилоят ва Булоқбоши туман Кенгашлари “Аёллар қаноти” томонидан жорий 2017 йилнинг 29 март куни Булоқбоши агросаноат касб-ҳунар коллежида “Фуқаролик жамиятини шаклланишида аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишнинг долзарб вазифалари” мавзусида кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
 
 
Унда  депутатлар, бошланғич партия ташкилотлари раислари, партия фаоллари ва ОАВ ходимлари иштирок этдилар.
Дастлаб мазкур коллеж ўқувчилари томонидан тайёрланган кўргазмалар намойиш этилган бўлса, тадбирнинг иккинчи қисмида шўх куй-қўшиқлар ҳамоҳанглигида саҳна кўринишлари ҳамда миллий либослар намойиши бўлиб ўтди.
Шунингдек, мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш йўлидаги ислоҳотларни амалга оширишда хотин-қизларнинг иштирокини янада кучайтириш, ёш авлодни юксак маънавиятли, ахлоқ-одобли қилиб вояга етказиш, бегона ғоялар ва зарарли оқимлар таъсиридан асрашда хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш ва замонавий ўзбек аёлини шакллантириш, уларнинг интеллектуал салоҳияти ва истеъдодларини рўёбга чиқариш, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга давлат сиёсатининг устувор вазифаси сифатида эътибор қаратилаётганлиги муҳокама марказида бўлди.
 
 
- “Соғлиқни сақлаш, фан ва маориф, сиёсий – иқтисодий каби жамиятнинг турли соҳаларида, сиёсий-ижтимоий жараёнларда ишбилармон ва фаол аёллар сонини ортиб бораётгани мустақиллик бераётган имкониятлардан биридир. Хотин-қизларга алоҳида эътибор қаратилаётгани уларни руҳлантириш ва иқтидорларини намоён этишга имкон яратади” – дейди депутат Насибахон Алиакбарова.
 
 
Барчиной Қорачаева эса тадбир юзасидан қуйидаги фикрларни билдирди: "Бугунги кунда мамлакатимизда аёлларнинг сиёсат ва жамият ҳаётидаги ўрнини юксалтириш ва мустаҳкамлаш учун алоҳида эътибор ва барча шароитлар яратилган. Шу каби тадбирларнинг ташкил этилиши аёлларнинг жамиятни демократлаштириш жараёнларидаги роли ва иштирокини янада кенгайтириш билан бир қаторда хотин-қизларда етакчилик, ташаббускорлик қобилиятларини шакллантириш, ўз сиёсий билим ва малакаларини намоён этишган ҳолда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг мақсад ва вазифаларини амалга оширишга хизмат қилади".
Тадбир якунида ижтимоий-сиёсий соҳаларда ўз фаоллигини кўрсатаётган иштирокчиларга партиянинг фахрий ёрлиқлари топширилди.
Абдурасул  ҒУЛОМОВ.

Биз Twitterда