Хизмат – беминнат! Ниҳоят сиёсий партиялардан ҳам ислоҳотларга ҳамоҳанг ташаббус чиқди

Article
Юртимизда тўртта сиёсий партия фаолият кўрсатмоқда. Улар халқ ичига тўла кириб бора олаяптими? Фуқароларда партия деганда ҳаёлига сайлов келади. Чунки кўпчиликда партияларни фақат беш йилда бир марта ўтказиладиган сиёсий жараёнлардагина ишлайди, деган тушунча пайдо бўлиб қолган. Бу фикрда ҳам бироз бўлсада жон бор. Лекин таъкидлаш жоизки, сўнгги пайтларда партиялар фаолиятида ҳам мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларга ҳамоҳанг равишда иш ташкил этиш кўзга ташланмоқда. Бу эса уларга бўлган ишончни янада ошириши табиий.
 
Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси марказий кенгаши ташаббуси билан Олий ва ўрта махсус, Халқ таълими вазирликлари, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, «Нуроний» жамғармаси ҳамкорлигида амалга татбиқ этилган «Хизмат – беминнат» ўқув курслари лойиҳаси шундай ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш, уларга қўшимча билим бериш, бандлигини таъминлашга қаратилган. 
«Хизмат – беминнат» ўқув курслари лойиҳаси Ўзбекистон Репсубликасининг «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонуни ижросини таъминлаш, Ҳаракатлар стратегиясида ёшларга оид давлат сиёсати доирасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқилган. 
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида ушбу лойиҳанинг тақдимотига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Видеоконференция шаклида ўтган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоят мутасаддилари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этди. 
Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси марказий кенгаши раиси ўринбосари Феруза Муҳамаджонова ва бошқалар мамлакатимизда ёшларнинг замонавий касб-ҳунар эгаллаши, таълим-тарбия олиши, чет тилларини ўзлаштириши, спорт билан мунтазам шуғулланиши, ўз иқтидор ва салоҳиятини намойиш қилиши учун барча шароит ва имкониятлар яратилганини таъкидлади. 
Ўқув курслари мамлакатимизнинг барча маҳаллаларида партия ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилади. Ўқув дастурлари асосида чет тиллари, кимё, физика, математика, ахборот технологиялари, спорт, мусиқа, тасвирий ва амалий санъат бўйича таълим берилади. 
Дарслар иқтидорли талабалар, кўп йиллик тажриба ва касб маҳоратига эга бўлган педагоглар томонидан бепул ўтилади. 

Биз Twitterда