Халқ қабулхонасида янги тизим. Ечимини топмаган мурожаатлар Президентнинг виртуал қабулхонасига жойлаштирилмоқда

Хабарингиз бор, мана икки ойдирки Учқўрғон туманида ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Халқ қабулхонаси" ўз фаолиятини юритмоқда. Қисқа фурсат ичида аҳолини ўйлантириб келаётган долзарб масалалар  ечимини топиш, давлат бошқаруви органлари билан фуқаролар ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, эмин-эркин мулоқот қилиш имкониятлари яратилди.
Мурожаат қилаётган жисмоний ва юридик шахсларнинг талаб ва истаклари шу ернинг ўзида ҳал этилиши билан бирга  фуқароларнинг вилоят ва республикага ортиқча маблағ ва вақт сарфлаб боришларининг олди олинмоқда. Халқ қабулхонаси малакали мутахассислар, зарур шарт-шароитлар билан таъминланди. Тегишли тартибда ариза ва шикоятлар рўйхатга олиниб, уни белгиланган тартибда кўриб чиқиш, мурожаатлар билан ишлаш тартиби белгиланди.
Халқ билан мулоқот қилиш ва мурожаатлар билан ишлашнинг янги тизими  бугунги кунимиз  кечагидан, эртанги кунимиз бугунимиздан кўра  бахтли-саодатли бўлишини таъминлашга хизмат қилади. Барча мезонлар ичида адолат қарор топишининг аҳамияти катта. Президентимиз таъбири билан айтганда: "Халқ биздан рози бўлсагина" барча бошлаган хайрли-эзгу мақсадларимиз рўёбга чиқади, тараққиёт сари юзланиш бўлади.
2017 йил 28 март кунидан келиб тушаётган ёзма мурожаатларни Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига жойлаштириш тизими йўлга қўйилди. Эндиликда туман даражасида ечимини топмаган мурожаатларни Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига жойлаштирилмоқда.
Фуқаролар энди ўзларини қийнаётган, ечимини топмаган мурожаатлар, тадбиркорлик ва  бошқа мақсадлардаги таклифлар ҳамда шикоятлар бўйича ҳамда тумандаги раҳбарлар  билан қабул уюштириб берилишини сўраб Ўзбекистон Республикаси Президентининг  туманлардаги "Халқ қабулхонаси"га мурожаат қилишлари мумкин. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 6 январдаги қарори билан Республика ҳудудидаги барча қабулхоналарнинг мақоми тенглаштирилган ҳамда ваколатлари бир хил.
Баҳодир БОЙМИРЗАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Учқўрғон  туманидаги
"Халқ қабулхонаси" мудири.

Биз Twitterда