Хайрулло Бозоров: Энди ҳалол ишлаган тадбиркорни ҳеч бир давлат органи текширмайди

 
Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров вилоят тадбиркорлари билан учрашди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Видеоселектор тарзида ўтган учрашувда туманлар студияларида ҳам ҳар бир туман раҳбарлари ҳамда маҳаллий тадбиркорлари иштирок этдилар.
“Ҳар бир тадбиркорга – кўмакдош, елкадош ва мададкормиз!” – деган бош ғояни ўзида мужассам қилган учрашувда мамлакатимизда сўнгги уч йилда олиб борилаётган улкан ислоҳотларнинг марказидан жамиятимиз тараққиётининг асосий устуни бўлган тадбиркорликни ривожлантириш масаласи ўрин олаётгани таъкидланди.
Нафақат ўзини ва оиласини, балки халқни ҳам, давлатни ҳам боқадиган тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар олдида пайдо бўладиган тўсиқларни бутунлай олиб ташлаш жойлардаги ҳар бир раҳбарнинг асосий вазифаси экани аслида уч йилдан буён Давлатимиз раҳбари томонларидан олиб борилаётган сиёсатнинг асосий талаби бўлиб келиб келаётгани қайд этилди.
Бироқ, шунга қарамасдан, тадбиркорликни янада ривожлантириш йўлидаги барча тўсиқ ва ғовларга тўлиқ барҳам берилмагани, жойларда ҳокимликлар, давлат органлари идоралари томонидан иқтисодиётимизнинг ушбу муҳим йўналишига баъзи ҳолатларда етарли эътибор берилмаётгани эътироф этилди.
Ўтган ҳафта Давлатимиз раҳбари томонларидан ўтказилган Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва уларга қулай шарт-шароитларни яратиш борасидаги йиғилишда берилган топшириқлар юзасидан ушбу мурожаатнома эълон қилинаётганини қайд этган Хайрулло Бозоров, бундан буён “тараққиёт ва фаровонликка фақатгина тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш орқали эришиш мумкин” деган ғоя, тадбиркорлар билан бевосита мулоқот қилиш, уларнинг дардини эшитиш ва муаммоларини тезкор ҳал этиш ҳар бир раҳбар, ҳар бир идора фаолиятининг асосий қоидасига айланишини таъкидлади.
Эндиликда ҳалол ишлаган тадбиркорни ҳеч бир давлат органи текширмайди, ҳар қандай муносабат тадбиркорликка фақат ва фақат ёрдамлашиш нуқтаи назаридан қурилади. Хатога йўл қўйган тақдирда ҳам жазо эмас, тузатишга кўмаклашиш принципи қўлланилади. Бундан буён ҳокимлар Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш Бош вазир қабулхонасининг жойлардаги вакиллари билан кунлик учрашув ўтказадилар, ҳар бир қилинган мурожаатни ҳал этиш бўйича тезкор кўмак берадилар.” деди вилоят ҳокими.
 

Биз Twitterда