Бухоро бутун дунёни ўзига чорламоқда!

Бухорада "Ипак ва зираворлар" фестивалига кенг миқёсда тараддуд кўрилмоқда. Фестиваль дастлаб 2001 йилда "Ўзбектуризм" миллий компанияси Бухоро минтақавий бўлими ҳамда бир гуруҳ ҳунармандлар ва туристик фирмалар раҳбарлари ташаббуси билан ташкил этилганди. Ушбу тадбирга 2015 йилга қадар республикамизнинг барча вилоятларидан туристик ташкилотлар, ҳунармандлар, хорижий ва маҳаллий сайёҳлар қатнашишган бўлса, сўнгги икки йил ичида бу фестивал доираси кенгийиб халқаро мақомга эга бўлди. Ўтган йилларда унда БМТнинг Халқаро туризм ташкилоти вакиллари, “Ўзбектуризм” миллий компанияси, “Ҳунарманд” уюшмаси, республикамиз ва чет эл сайёҳлик фирмалари раҳбарлари, юртимиз ҳамда ўнга яқин хорижий давлатлар ҳунармандлари, маданият соҳаси вакиллари, тадбиркорлар ва келган сайёҳлар, йигирмадан ортиқ давлатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари, дипломатик корпуслари ҳамда ўндан ортиқ халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.
Олдинги йилларда фестиваль фақат ипак ва зираворлар савдоси ва палов сайлларидан иборат бўлган бўлса, ҳозирги кунга келиб миллий ўйинлар, спорт мусобақалари ва миллий либослар намойиши, ҳунармандларнинг маҳорат намойишлари ва турли маданий тадбирлар билан кенгайтирилди. 
Куни кеча Бухорода туризмни янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ҳудуднинг улкан сайёҳлик салоҳиятидан самарали фойдаланиш орқали воҳамизга ташриф буюраётган туристлар оқимини кўпайтириш, халқимизнинг бой моддий-маънавий мероси, урф-одат ва анъаналари, миллий ҳунармандчилиги, тасвирий-амалий санъатини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, уларни мамлакатимизда ҳамда хорижда кенг тарғиб қилиш, шунингдек, сайёҳлик, ҳунармандчилик ва маданий соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларини такомиллаштириш мақсадида вилоят ҳокимининг "Ипак ва зираворлар" фестивалини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.
Ушбу ҳужжатга асосан Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят бошқармаси, "Ҳунарманд" уюшмаси вилоят бошқармаси, вилоят ҳокимлиги маданият ва спорт ишлари бошқармаси, Бухоро давлат университети ва "Бухоро мероси" илмий-тадқиқот марказининг жорий йил 26-28 май кунлари вилоят марказида ХVI анъанавий "Ипак ва зираворлар" фестивалини ўтказиш ҳамда мазкур феcтивал жамғармасини ташкил этиш ҳақидаги таклифлари маъқулланди. Фестивал доирасида "Бухоро туристик эркин иқтисодий ҳудудини яратиш имкониятлари ва ривожланиш истиқболлари" мавзусида халқаро илмий-амалий конференцияни ўтказиш белгиланди.
Бу йилги тадбирнинг яна бир аҳамиятга молик тарафи шундаки, Бухоро билан биродарлик алоқаларини ўрнатган шаҳарлар маъмуриятлари ҳам фестивалга таклиф этилади.

Биз Twitterда