Бокс мухлислари хотиржам бўлишсин, "Рио"чилар ўрнини "Токио"чилар шиддат билан эгаллашмоқда!

2016 йилда Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган ёзги Олимпиадада ўзбек бокси бутун дунёга ўзининг нималарга қодирлигини кўрсатиб қўйди. Ҳасанбой Дўстматов, Фазлиддин Ғойибназаров, Баҳодир Жалолов, Бектемир Мелиқўзиев, Муроджон Аҳмадалиев каби чарм қўлқоп усталари  ўзбек спорти маҳоратини намойиш этдилар. Навбатдаги 2020 йилги Токио олимпидасида ҳам бу мақомни ушлаб қолиш учун бизда жуда катта имкониятлар мавжуд. Бунинг ўсиб келаётган ёшларимиз исботлашмоқда.
 
 
Бунга бокс бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг Қозоғистоннинг Уральск шаҳрида ўтказилган халқаро турнирдаги иштирокини мисол қилиш мумкин. Унда вакилларимиз 2 олтин, 1 кумуш ва 2 бронза медални қўлга киритишди.
Вазни 91 килограмм бўлган боксчилар баҳсида иштирок этган Жамшид Муҳаммадалиев финалда қирғизистонлик Илёс Ниёзовга қарши рингга кўтарилди. Боксчимиз ушбу жангда рақибига аниқ зарбалар йўллаб, ғалаба қозонди.
Ўта оғир вазн тоифасида қатнашган Лазизбек Муллажонов ҳал қилувчи баҳсда россиялик Дмитрий Куликка қарши майдонга тушди. Лазизбекнинг кучли зарбаларини ўтказиб юборган Дмитрий биринчи раунддаёқ ўз мағлубиятини тан олди.
Темур Эргашев кумуш медаль билан тақдирланган бўлса, Зоиржон Жуманазаров ва Асадбек Шодиев бронза медалга сазовор бўлди.
Боксчиларимизнинг бу ютуғини шу билан изоҳлаш керакки, азалдан боксда кучли мактабга эга бўлган Россияда Оренбург шаҳри вакили Дмитрий Куликнинг Муллажоновдан енгилиб иккинчи ўринни эгаллагани ҳам катта ютуқдек берилди. Сабаби, бугун ўзбек боксчиларига енгилиш кўпчилик мамлакат вакиллари учун одатий ҳол бўлиб қолди. Юртимиз вакиллари қатнашган кўплаб мусобақаларда қолган иштирокчилар иккинчи ўрин учун курашга киришмоқдалар бошдан. 
Яқин даврда Ўзбекистон бокс терма жамоаси мураббийлари Бразилия футбол терма жамоасидаги ҳамкасбларига хос бўлган "муаммо"га дуч келишлари тайинга ўхшайди, яъни кучлилар кўплигидан қайси бирини термага жалб қилиш муаммоси пайдо бўладиган кунлар бошланяпти.
Токио Олимпиадасида Рио қаҳрамонларининг кўпчилиги энг кучга тўлган ёшда бўлишларини, шу билан бирга орқадан келаётган янги авлод уларга жиддий рақобат яратаётганини назарга олсак, 2020 Олимпиадаси нафақат Ўзбек боксининг, балки Олимпиада бокс мусобақаларининг ўзига хос турнири бўлиши керак. Агар ҳозирданоқ ҳисоб-китоб билан тўғри стратегия танлаган ҳолда тайёргарликни бошласак, барча вазн тоифаларида олтин медални қўлга киритиш орзу эмас, реалликка айланиши ҳам мумкин.

Биз Twitterда