Бировга чоҳ қазиб юрган АҚШ ўзи чоҳга йиқилганда… Клинтон мағлубиятига Путин айбдорми?

Article

2016 йил воқеаси сифатида Дональд Трампнинг АҚШ президенти этиб сайланишини айтсак, муболаға қилмаймиз. Катта сиёсий тажрибага эга бўлган Хиллари Клинтоннинг мағлубиятини унинг тарафдорлари ҳазм қила олишмаётир. Давлат идоралари, куч ишлатар тизимлар томонидан бараварига қўлланган Клинтон хонимнинг сиёсий муваффақиятсизлигида бош сабаб сифатида кўрсатилаётган хакерлик ҳужумларида Америка разведкаси шахсан Путинни айбламоқда.

Қаранг-а, Россия айбдор эмиш, “араб баҳор”ининг асосчиларидан бўлган Хиллари хоним “сайъ-ҳаракатлари” билан бутун Шимолий Африкада давлат тузумлари барбод бўлди. Миллионлаб фуқароларнинг тинчи бузилди, уйи куйди. Ҳамон бунинг оқибатидаги талафотлар битганича йўқ. Тузуми барбод этилган давлатлар йиллаб орқага кетди. Аҳоли туршуш даражаси пасайди. Агар Клинтон давлат тепасига келганда яна шундай агрессив сиёсат давом этиши тайин эди. Тарозу эса унинг мағлубиятини кўрсатди...

Мағлубиятнинг асосий сабаблари сифатида эса АҚШда сайлов кампанияси пайтида мамлакат компьютер тизимлари мунтазам равишда ҳужумларга учрагани ва улардаги маълумотлар ошкор этилгани кўрсатилмоқда.

Америка разведкасининг тасдиқлашича, ушбу ҳужумлар ортида Россия қуролли кучлари Бош штабининг Бош разведка бошқармаси (ГРУ) турган. Компьютер тизимларини бузиб кириш, маълумотларни фош этишда ГРУ WikiLeaks ва DCLeaks лойиҳалари, шунингдек Guccifer 2.0 номи билан машҳур хакердан фойдаланган.

Аниқроқ айтганда, сайлов компанияси вақтида АҚШ демократик партияси бошқарув органи ва Миллий демократик қўмитаси серверлари бузиб кирилган. Хиллари Клинтон штаби бунинг ортида рус ҳукумати турганини таъкидлади. 2016 йил октябрида АҚШ ички хавфсизлик вазирлиги ушбу ҳужумларга Россиянинг алоқадорлиги ҳақида расман маълумот берди. Декабр ойи охирида эса АҚШ Россиянинг сайлов жараёнларига ҳалақит бергани учун унга қўшимча санкцияларни жорий этди.

Россия эса АҚШнинг бундай айбловларини қатъий рад этмоқда. Владимир Путин йил охиридаги матбуот анжуманида Америка демократлари ўз мағлубиятларини бошқалар елкасига ағдаришга интилишаётганини таъкидлади.

Американинг марказий разведка бошқармаси (CIA), Миллий хавфсизлиги агентлиги (NSA) ва Федерал тергов бюроси (FBI) яқинда ўтказилган АҚШ президентлиги сайловларига «Россия таъсири»га бағишланган қўшма баёнотни эълон қилдилар.

Ҳужжатда, муаллифларнинг иддаоси бўйича Москванинг президент сайловлари билан боғлиқ «мақсад ва интилишлари чегараси» ва унинг «киберқуроллар» ёрдамида америкаликларнинг жамоатчилик фикрига ва ОАВ кампанияларига таъсири тадқиқ этилган.

Муаллифларнинг таъкидлашича, рус ҳукумати Хиллари Клинтоннинг президент бўлишига бор кучи билан ҳалақит беришга интилган. Унга Америка фуқаролар кўз ўнгида қора чаплашга зўр берган ва АҚШдаги демократик жараёнларни емиришга ҳаракат қилган.

Бу борадаги ишларни амалга ошириш учун шахсан Владимир Путин кўрсатма бергани таъкидланади. У Россия ҳукумати билан биргаликда Дональд Трампнинг ғалабаси учун интилган, деб ҳисобламоқда америка разведкаси.

CIA, NSA ва FBIнинг нуқтаи назарига кўра, Россия «учинчи шахслар воситасида»ги хакерлик ҳужумлари, шунингдек ОАВ фаолияти ва ҳамда «сотиб олинган троллар»дан бор куч билан фойдаланган.

Ҳужжатда Россиянинг АҚШ ҳудудидаги сайлов комиссиялари интернет тизимига кириш имконияти борлиги таъкидланган. Лекин муаллифлар «рус хакерлари» томонидан ҳужум қилинган тизимлар, овозларни ҳисоблаш жараёнларига боғлиқ эмаслигини эътироф этишган.

14 саҳифалик баёнотни олти варағи рус оммавий ахборот воситалари – Sputnik ва RT фаолиятига бағишланган. Махсус хизматлар тасдиғига кўра ушбу оммавий ахборот воситалари атайин Хиллари Клинтонни салбий тарафдан тасвирлаб, унинг можароли ёзишлари, соғлиғи билан боғлиқ муаммоларга алоҳида урғу берганлар

Баёнот муаллифлари Россиядаги 2011-2012 йиллардаги оммавий норозиликлар ортида айнан Клинтон турганини таъкидлаган ҳолда уни расман айблаб, сиёсатчини обрўсизлантирган.

Сайланган президент Трамп демократлар серверини бузиш ортида айнан Россия турганига ишонмаслигини маълум қилди. Ўз навбатида WikiLeaks асосчиси ҳам ушбу сервердан олинган ёзишмаларни Россия ҳукуматидан олингани тўғрисидаги маълумотларни рад этди.

Америка азалдан бошқа давлатлар ишига бош суқиб келган. Ўзи яратган тизим энди ўзига қарши ишлатилганини даъво қилмоқда. “Бировга чоҳ қазима, ўзинг йиқиласан” деб шуни айтсалар керакда...

Анвар Икрамов


Биз Twitterда