Белоруссия раҳбарини чув туширган ўзбекни танийсизми?

 
Фирибгарлик борасида ҳар бир жамиятнинг ўзига хос “қаҳрамонлари” бўлади. Уларнинг кирдикорлари оддий жиноятдан шуниси билан фарқ қиладики, бундайлар ўта пухта ўйланган режа билан ишонилмас ҳолатда бировларни чув тушириб тарихга киришади.
Бадиий образ бўлган “ревизор” Хлестаковни яхши эслаймиз. Лекин у ўзи хоҳламаган ҳолда ролга кириб қолади.
Турғун Ҳасанов исмидаги бир ҳамюртимиз эса, 1925 йили кимсан Белоруссия Ижроия Қўмитаси раисини олдига кириб, ўзини Ўзбекистон Ижроия Қўмитаси раиси Файзулла Хўжаев эканига ишонтиради. “Ҳамкасби”нинг поездда пулларини олдириб қўйганига ишонган Белоруссия раҳбари эса дарров Москвадаги Ўзбекистон ваколатхонаси билан боғланиб, ўша давр пулида 500 рубл жўнатилишига эришади. Пулни олган “Файзулла Хўжаев” дарров жуфтакни ростлайди. Лекин Минскдан чиқиб Ҳасанов у пайтда Белоруссия таркибига ҳали кириб улгурмаган бошқа шаҳарга – Гомелга боради ва вилоят ижроия қўмитасига учраб, пойтахтдаги “томоша”ни такрорламоқчи бўлади. Лекин маҳаллий ички ишлар идораси раҳбари шубҳаланиб қолиб, Файзулла Хўжаевнинг расмини топиб, Ҳасанов билан солиштириб кўради. Натижада фириб очилиб, 27 ёшли Турғун Ҳасанов қўлга олинади.
1925 йили августда қўлга олинган Ҳасанов ҳақида ўша йил октябрь ойида фельетонлар чоп этилади. Текширувлар натижасида унинг бутун собиқ иттифоқ бўйлаб “гастролда” бўлгани, Новороссийск, Ялта, Симферополь, Харьков ва Полтава шаҳарларига ҳам “муваффақиятли” ташрифлари бўлганлиги аниқланади…

Биз Twitterда