Барча даражадаги Халқ қабулхоналари бир хил ҳуқуқ ва ваколатга эга. Маслаҳат ва тавсия олишда тўлов амалга оширилмайди!

Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида Самарқанд вилоятида ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси фаолияти йўлга қўйилди. 
Халқ қабулхоналарига мурожаат қилувчилар қуйидаги жиҳатларга эътибор қаратишлари лозим. Биринчи навбатда, мурожаат қилувчилар қабулхоналарга паспорт ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжат билан келиши лозим. Иккинчидан, барча даражадаги Халқ қабулхоналари мурожаатларни қабул қилиш, кўриб чиқишда бир хил ҳуқуқ ва ваколатга эга. Барча қабулхоналар ходимлари Ўзбекистон Президенти девони ходими ҳисобланади. Шунинг учун фуқаролар аввало ўзлари яшаб турган туман, шаҳардаги Халқ қабулхонасига мурожаат қилса, ўртага қўйилаётган масалага ўша ҳудуднинг ўзида тезкор ечим топиш имконияти ошади. Туман, шаҳар Халқ қабулхонаси мудири ҳам келиб тушган мурожаат ечими юзасидан нафақат ўша ҳудуд, балки вилоят миқёсидаги ташкилотларга ҳам чиқиши мумкин. Яна бир муҳим масала – қабулхоналарга мурожаат қилиш, мутахассислардан ҳуқуқий маслаҳат ва тавсия олишда ҳеч қандай тўлов амалга оширилмайди. 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд вилоятидаги Халқ қабулхонасига қисқа вақтда 360 дан ортиқ мурожаат келиб тушди ва уларнинг қонун доирасида ўрнатилган тартибда кўриб чиқилиши таъминланмоқда. 
Халқ қабулхоналарида мурожаатлар билан ишлаш баробарида жойларда сайёр қабуллар ташкил этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, яқинда Ургут тумани Тўрткўл маҳалласида вилоят ҳокими ўринбосари ва туман раҳбарлари иштирокида сайёр қабул ўтказилди. Маҳалла аҳли коммунал хизматлар, бандлик масалалари юзасидан ўз муаммоларини баён этди ва уларга мутасаддилар томонидан жавоб берилди. Ҳудудда сув омбори қуриш юзасидан билдирилган таклиф юзасидан вилоят ҳокимлигига мурожаат қилинди. Самарқанд шаҳри ва туманида ҳоким, ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари билан ҳамкорликда ўтказилган сайёр қабулларда ҳам ўнлаб мурожаатлар бўлди, уларга ечим топилмоқда. Бундай тадбирларни бошқа ҳудудларда ҳам амалга ошириш режалаштирилган. Шунингдек, вилоят хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа жамоат ташкилотлари билан бирга жойларга чиқиб, аҳоли билан бевосита мулоқот уюштириш, хонадонларга кириш кўзда тутилган. 

Биз Twitterда