Аёлларнинг яхлит сиймоси, чексиз меҳр ва эътибори кўргазмаси

Дилбар опа-сингилларимизнинг гўзаллиги, нафосатини акс эттиришда фотография санъати беқиёс аҳамият касб этади. Айни пайтда аёлларимизнинг маънавияти, беғубор орзу-ниятлари, сабр-қаноат, шукроналик, ҳаётдан розилик туйғуси билан яшашини теран очиб беришда мазкур санъатнинг ўрни қандай? 
Тошкент Фотосуратлар уйида Халқаро хотин-қизлар кунига бағишлаб ташкил этилган бадиий фотокўргазма шу саволга жавоб топиш имконини бериши мумкин. 
Мазкур кўргазмадан ўрин олган фотоасарларда ҳам аёллар азалдан юртимизда азиз ва муқаддас саналгани, ибратли удум ва анъаналаримиз, умрбоқий қадриятларимиз акс эттирилгани билан аҳамиятлидир. Экспозициядаги суратлар асосан Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасининг фоторассомлар шўъбаси ҳамда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг фотомухбирлари томонидан яратилган ижод намуналаридир. 
Кўргазмада Турсун Али, Абдуғани Жумаев, Владимир Шлосберг, Рустам Шагаев, Муҳаммад Амин, Аъло Абдуллаев, Ёлқин Шамсиддинов, Ҳотамжон Мамадалиев, Фарҳод Абдурасулов, Тоҳир Истатов каби моҳир фоторассомлар билан бирга Назира Боймуродова, Гаянэ Аванесян, Надежда Рихсиева сингари фотография соҳасида изланаётган ижодкорларнинг ишларига ҳам кенг ўрин берилган. "Нигоҳ", "Ҳайрат", "Биринчи ўқитувчим", "Эрта баҳор", "Гуллаган новда" номли фотосуратлар аёл, Ватан, она табиатнинг нечоғли уйғун эканини акс эттириши билан диққатга сазовордир. 

Биз Twitterда