Авваллари биттадан ортиқ фарзанд кўришни таъқиқлаган Хитой энди иккинчи фарзанд учун моддий рағбатлантиришга бошлаяпти!

 
Ўтган асрнинг 70-йилларида Хитойда тадбиқ этишга бошланган “Бир оилага бир фарзанд” сиёсати демографик ўсишни назорат қилиш мақсадида жорий этилганди. Унга кўра, шаҳарда яшовчи оилаларга фақат битта фарзандга, қишлоқ жойларида эса, биринчиси қиз бўлса, шундагина иккинчисига рухсат бериларди. Лекин ўтган даврда бу сиёсат ўзини оқламади, сабаби, аҳолининг қариган қисми кўпайиши, меҳнатга яроқлилар сони кескин камайиши, эркак ва аёллар сони ўртасида мувозанатнинг бузилиши каби муаммолар пайдо бўлди, деб ёзади РИА. Расмий статистик маълумотларга кўра, бугун Хитойда 1 миллиард 382 миллиондан ошиқ аҳоли мавжуд бўлса, шундан эркаклар 708 миллионни, аёллар 684 миллионни ташкил этади.
Мавжуд ҳолатни тўғри баҳолаш натижасида, 2016 йилнинг 1 январидан бу таъқиқлар олиб ташланди. Ўтган йили Хитойда 18,46 миллион бола туғилди. Лекин, жамиятда бирданига фарзандлари сонини оширишга кескин уриниш кузатилмади. Чунки, мактабгача таълим муассасаларининг миқдори аввалгидай қолгани, оналар туғруқ таътилидан иш жойларига қайтиш борасида муаммоларга дуч келишаётгани, оилалар ижтимоий жиҳатдан бирдан ортиқ фарзанднинг келажагини таъминлашга ишончлари йўқлиги бунга сабаб сифатида кўрилмоқда.
Хитой давлат соғлиқни сақлаш ва режали бола туғилиши масалалари бўйича қўмитаси раиси ўринбосари Ван Пейаннинг айтишича, бу масалаларни ҳал этиш ва аёлларга туғишга истак пайдо бўлиши учун керакли ижтимоий муҳитни яратиш бўйича ҳукумат иш олиб бормоқда. Ҳаттоки, иккинчи туғилган фарзанд учун моддий рағбатлантириш масаласи ҳам кун тартибида.

Биз Twitterда