Автобусда юриб, шаҳарни пиёда кезган Сирдарё ҳокими нималарни кўрди?

Гулистон шаҳридаги «Ёшлар маркази» биноси вилоятнинг ижтимоий соҳа вакиллари билан лиқ тўлди. Бу ерда вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев билан учрашув бўлди. Учрашувгина эмас, чин юракдан, самимий суҳбат бўлди. Бу ҳақда ҳокимлик ахборот хизмати хабар берди.
– Бугунги учрашувимиз, мулоқотимиз расмийликдан йироқ, очиқ бўлишини хоҳлардим, – деди Ғофуржон Мирзаев. – Дилимда тугиб юрган гапларни мен айтсам, сизларнинг ҳам сўзларингизни тингласак, бу учрашувимиз, мулоқотимизни бир катта тадбир олдидан бўлиб ўтадиган масалаҳатдай ташкил қилсак, деган истак билдирардим.
Тадбир худди шундай бўлди. Вилоят ҳокими анжуманда ҳозир бўлган зиёлиларини маърифатчилар, эзгулик тарқатувчи фидойилар деб атади. “Сизлар бор жойда нур бор, сизлар ташриф буюрган жойда маърифат бор. Вилоятда иш бошлаган дастлабки кунларданоқ “Болалар шаҳарчаси”да бўлдим, лицей ва коллежлар билан яқиндан танишдим. Меҳнат жамоаларида, корхона, ташкилот ва муассасаларга ташриф буюрдим. Ажойиб халқимиз бор, суҳбатлашган сари суҳбатлашгинг келади. Мен уларнинг юз-кўзларидаги юртдан, ҳаётдан мамнунликларини, шукроналар айтаётганликларини кўриб, ўзимга катта куч-қувват олдим. Айниқса, уларнинг “Сирдарёга файз-у барака кираяпти” деган сўзлари менга мадад бераяпти”, - деди ҳоким
Ҳоким шаҳар маршрутидаги автобусларда юргани, бозорда уй-рўзғор учун харид қилаётган чоғидаги айрим гап-сўзларга эътибор бергани, шаҳарни пиёда қадамба-қадам кезиб, олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишаётгани, одамлар билан учрашиб, суҳбатлашаётгани ҳақида гапириб, бу фаолиятида муҳим аҳамиятга молик қарорлар қабул қилишда асқотаётганини айтиб ўтди.
Шунингдек, у  лицей, коллеж ўқувчиларининг таълим-тарбияси ҳақида, билими, одоби ҳақида гапирди, тизимдаги айрим муаммоларга тўхталди. “Ҳамма жойда раҳбар ҳар жиҳатдан бошқаларга ўрнак бўлиши керак, акс ҳолда ўша ишда унум бўлмайди”, деди. Ҳаммани китоб ўқишга даъват қилди. “Тўғри, компьютер ва бошқа янги техника воситалари ўз йўлига, бироқ бари бир китоб ўқиш керак. Китобнинг ўзига хос ифори бор. Ана шу ҳидга тўйинган одам баркамол бўлади”.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Алиқул Хонимқулов Сирдарёда, хусусан Боёвут туманида экин ерларидан унумли фойдаланиш масаласига тўхталди. Ернинг умрини бекор ўтказаётган айрим юртдошларидан нолиди. Гулистон давлат университетининг профессори Ҳазратқул Қаршибоев ишлаб чиқаришга илм-фан ютуқларини жорий қилиш, масалан, ширинмия ва соя ўсимликларини етиштиришни йўлга қўйиш масаласини ўртага ташлади.
Сирдарё шаҳридаги санъат мактаби директори Жаҳонгир Неъматов бир неча республика кўрик-танловларида хонанда сифатида ғолибликни қўлга киритгани, вилоятимизда бўлиб ўтаётган айрим кўрик-танловларнинг савияси паст эканлиги, соҳадаги айрим муаммолар хусусида тўхталди.
Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Ҳаётхон Ортиқбоева,  Гулистон давлат университети доценти Равшан Маҳмудов, вилоят ўлкашунослик музейи директори Зокир Холдоров, “Сирдарё ҳақиқати”-“Сырдаринская правда” газеталари бош муҳаррири Алишер Тошматов, “Халқ сўзи” газетасининг вилоятдаги ўз мухбири Аҳмадали Шерназаров ва бошқалар ҳам бугунги учрашувдан бой таассуротларга эга бўлганликлари, вилоят равнақи учун бор куч ва имкониятларини сарфлашга тайёр эканликларини билдирдилар.

Биз Twitterда