Атроф-муҳитни мусаффолигини таъминлаш: Халқ депутатлари Наманган тумани кенгаши сессияси асосий муҳокамани экологияга қаратди

 
Наманган туманида 2017 йилда ўтказилган тезкор рейдлар давомида “Эшобод”, “Оқбулоқ”, “Нуртепа” ва “Қоратепа” маҳалла фуқаролар йиғинларида ноқонуний чиқиндихоналар ташкил этилгани аниқланди. Ёки  чиқиндилар соҳасида қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган 11 нафар фуқарога нисбатан 1,8 миллион сўм миқдорида жарима қўлланилган...
Халқ депутатлари Наманган тумани кенгашининг навбатдаги сессиясида муҳокама қилинган экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида амалга оширилган ишлар борасидаги ҳисоботда бундай аниқ мисол ва рақамлар акс этган.
Дарҳақиқат, сессия муҳокамасига қўйилган туманда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида 2017 йилда амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот берган вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Муҳаммадаюбхон Апақов тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар, унинг самаралари, ютуқ ва муаммолар ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.
Таъкидланишича, вилоятда бир йилда атмосфера ҳавосига 70 минг тоннага яқин ифлослантирувчи моддалар ташланмоқда ва уларнинг 90 фоизи  ёки 67,3 минг тоннаси транспорт воситалари ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу кўрсаткич Наманган туманида 9,2 фоизни ташкил қилмоқда ва буни камайтириш борасида тизимли чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
-Туманда транспорт воситаларида атмосферага ташланаётган зарарли моддалар миқдорини меъёрлаш ва меъёридан ортиқ ташланишини олдини олишга қаратилган кўплаб тадбирлар амалга оширилмоқда, дейди давлат инспектори Жаҳонгир Асқаров. Биргина, 2017 йилда туманда ўтказилган “Тоза ҳаво” ойлиги давомида 650 дона транспорт воситаси кўрикдан ўтказилди ва 30 та автотранспорт воситасида ис гази ва тутун миқдори меъёридан ортиқлиги аниқланиб, жойида созлатишга эришилди.
Ҳисобот даврида сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва оқилона фойдаланиш йўналиши, маиший чиқиндилар билан боғлиқ ҳолатлар ҳам атрофлича муҳокама этилди. Сессия давомида жорий йилнинг 18 майдаги “Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори, унинг мазмун-моҳияти, белгиланган вазифалар ҳақида атрофлича тушунчалар берилди.
Сессияда масала юзасидан музокара учун сўзга чиққан депутатлар фикр-мулоҳазалар асосида қайд этилган камчиликларни бартараф этишда кенг жамоатчиликнинг ўрни алоҳида эканлигини қайд этишди ва якунлари бўйича тегишли қарор қабул қилинди.
С.Рапиқов,
вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси
Жамоатчилик ва Оммавий ахборот воситалари билан ишлаш бўлими

Биз Twitterда