Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонланади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 27 март куни «Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги қарорни имзолади. Қарор матни ЎзА томонидан эълон қилинди.  
Қайд этилишича, ушбу қарор Ўзбекистонни «жуда мураккаб ва оғир йилларда бошқариб, юртимиз тараққиёти йўлида фидокорона хизмат қилган, ижтимоий ва ижодий фаолияти билан миллий адабиётимиз ва маданиятимиз ривожига катта ҳисса қўшган атоқли давлат арбоби, таниқли ёзувчи Шароф Рашидовнинг ёрқин хотирасини улуғлаш ҳамда таваллудининг100 йиллигини муносиб нишонлаш мақсадида» қабул қилинган.
Маълум қилишларича, Шароф Рашидовнинг 100 йиллигини бутун мамлакат бўйлаб нишонлаш таклифи Ўзбекистон Маданият вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, «Нуроний» жамғармаси, Республика Маънавият тарғибот маркази, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ва жамоатчилик вакиллари томонидан берилган.
Қарорга мувофиқ, Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида унинг хотирасига бағишланган ёдгорлик мажмуаси барпо этилади ва ҳайкали ўрнатилади, Жиззах шаҳрида эса унинг мемориал уй-музейи ташкил этилади.
Ёзувчилар уюшмасига Шароф Рашидовнинг «Сайланма»си ҳамда ҳаёти ва фаолиятига бағишланган «Халқимизнинг оташқалб фарзанди» номли хотира китобини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш вазифаси юклатилган. Шунингдек, Шароф Рашидов ҳақида ҳужжатли фильм ҳам яратилади.
Бундан ташқари, Президент қарорига кўра, «Шароф Рашидовнинг Ўзбекистон тарихида тутган ўрни» мавзусида илмий конференция ўтказиш, таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда хотира тадбирлари ташкил этиш, 2017 йил ноябрь ойида Жиззах ва Тошкент шаҳарларида Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган хотира кечаларини ўтказиш кўзда тутилган.

Биз Twitterда