Ассалом, Умаршайх, ассалом, Ахси!

Наманганнинг Тўрақўрғон туманидаги Ахси қишлоғи ҳудудидан оқиб ўтган Сирдарёнинг соҳилида қадим бир тепалик ястаниб ётибди. Бу тепалик тарихчи-археологлар томонидан ҳали-ҳануз етарли даражада ўрганишга улгурилмаган бўлса-да, таърифи қадим Фарғона пойтахти Ахсикент, темурийзода ҳукмдор Умаршайх Мирзо макон тутган табаррук маскан эканлиги рост.
Ахсилик таниқли рассом, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси Алижон Турдиалиевнинг хайрли интилишлари тарих зарварақларининг айни шу саҳифаларига эътибор эканлиги билан эътирофга муносиб. Тасвирий санъат тарихида илк бора ҳамюртимиз Алижон Турдиалиев томонидан Темурийзода Умаршайх Мирзо сиймосининг яратилиши албатта ифтихорлидир. Умаршайх Мирзо портрети рассомнинг бир неча йиллик изланишлари: қоралама, хомаки расм, графика ва рангтасвирдаги эскизлари натижаси ўлароқ 2015 йили юзага келди. Рассомнинг айтишича, ҳали бу сиймо эталон портретини яратиш йўлидаги ҳаракатлар поёнига етмаган. Ҳамон тинимсиз изланишларни тақозо қилаётган мавзудир.  
- Бизнингча Умаршайх Мирзо сиймосининг умумий антропологик тузилиши шубҳасиз, темурийзодаларга ўхшаш ва тўнғич ўғли шаҳзода Бобур сиймосига хам моний бўлиши керак, - дейди рассом. - Мен тасвирлаган композицияда Умаршайх Мирзонинг кабутархонадаги машғулоти пайтида жарга қулаши билан боғлиқ тарихий воқеа ҳам назарда тутилган
Портретнинг дастлабки эскизларида Ахси тепалигидаги кабутархона, айқириб оқаётган дарё тўлқинлари ва жарга қулаётган 39 ёшли шоҳнинг сиймоси гавдаланган. Лекин график тарздаги эскизларидан бирида Умаршайх Мирзонинг қалъа четидаги кабутархона олдида каптар учираётган ҳолати тасвирланган бўлиб, бели қаттиқ боғланган тор чопон кийган ҳолида ифодаланган. Мавжуд манбалар ўрганилганда ҳам асосий жиҳат шу бўлгани боис, эскизларда жардан қулаётган Умаршайх ва ҳавода потирлаб учиб турган безовта кабутарлар тасвири берилади.
Дастлабки эскизларда Умаршайх Мирзонинг саодатли дамлари ёддан кўтарилгандек туюлади. Шу боис рассом кейинги уринишларида хотиржам ва тантанавор ҳолатлар ифодасига ҳам эътибор қаратган.
Энг сўнгги ишланган рангтасвир асарида гарчи шоҳ анча хотиржам бўлсада нигоҳларида ички бир нотинчлик, безов-таланиш зуҳурланган. Бир учи тепага кўтарилган тўрт ўрамали оппоқ салла. Дасторпеч чирмаган мўғулча бўрк. Оқ зарҳалли чопон. Бу тасвир Умаршайхнинг ҳақиқатга яқин қиёфаси.
Бугун ахсиликлар қувончи чексиз. Алижон Турдиалиев томонидан тайёрланган «Тарих кошонасинда дурдона Ахсим!» номли лойиҳа 2016 йилги танлов якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди 25 000 000 грант маблағи ажратди. Ахсиликлар ҳамжиҳатлик билан ушбу лойиҳани амалга оширишга киришдилар.
Маълумки, қадимий Ахсикент ёдгорлиги ЮНЕСКО бутунжаҳон маданий мероси объекти ҳисобланади. 2001 йилда Ахсида «Ўзбек давлатчилиги тарихида Ахсикент» мавзусида халқаро семинар ўтказилганди. Аммо унинг тарихи етарли тарғиб қилинмади, кўзда тутилган музей ҳозиргача мавжуд эмас. Ахсикент қалъасининг умумий кўриниши ҳамон мутахассислар томонидан реконструкция тарзда тикланмади, аниқ харитаси йўқ, чегараси номаълум қолмоқда. Тарихи эрамиздан аввалги IV асрларга бориб тақалувчи бу ноёб ёдгорликни чуқур ўрганиш, қадим пойтахт шаҳарни кенг оммага кўрсатиш, унда яшаб ўтган жаҳонга машҳур алломаларни элга таништириш кечиктириб бўлмас вазифа.
Катта магистрал йўл бўйида жойлашган ёдгорлик атрофини ободонлаштириб, замонавий ҳолга келтириш, обод сайлгоҳга айлантириш ҳаммамизнинг орзуимиздир. Ёдгорлик ёнидан Сирдарёнинг оқиб ўтиши, қулай географик шароит бу ерда туризмни ривожлантириш, хорижий сайёҳлар эътиборини жалб этиш имкониятларини беради. «Тарих кошонасинда дурдона Ахсим!» лойиҳасида кўзда тутилган ишлар ана шу мақсадлардаги дастлабки қадам сифатида долзарб ва қимматлидир.
Лойиҳада аввало Ахсикентни пойтахт ва Буюк Ипак йўли ўтган қалъа шаҳар сифатида асослаб, қалъанинг табиий экологик ҳолатини сақлаб қолиб, ундан очиқ ва ёпиқ музей сифатида фойдаланиш таклифлари илгари сурилган. «Тамаддун ва Ахсикент» илмий-ижодий «Ахсикент тамаддуни» номли ҳужжатли фильм тайёрлашга киришди.  Бу каби ишлар бесамар қолмаслигига ишонамиз.
Носиржон ДЕҲҚОНОВ

Биз Twitterда