Арзон уй-жойлар. Уларнинг афзалликлари нимада?

Article
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 21 октябрдаги "2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида"ги қарори мамлакатимиз аҳолисининг яшаш шароитларини янада яхшилашда янги босқични бошлаб берди. 
Ҳар бир массивнинг бош режасида хизмат кўрсатиш объектлари, спорт майдончалари ва муҳандислик тармоқлари, ҳовли қисмида болалар майдони, уй эгалари дам олишлари учун шароитлар эътиборга олинган. Энергияни тежайдиган маҳаллий материаллар ва асбоб-ускуналарнинг янги турларидан фойдаланишнинг янада кенгайтирилиши барпо этилаётган уйларнинг таннархи пасайишига ҳамда аҳолининг барча қатлами учун мақбул нархлар белгиланишига хизмат қилмоқда. 
Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида шулар хусусида сўз юритилди, деб хабар беради ЎзА.
– Барча уйларнинг сейсмик жиҳатдан зилзилабардошлиги 7-8 баллга мўлжалланган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси ўринбосари Асомиддин Тожиев. – Бунинг учун лойиҳаларда темирбетон боғламалар, деворлар кесишиш бурчакларини бўйлама ва кўндаланг армокаркаслар билан мустаҳкамлаш каби жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилган. 
Лойиҳаларда канализация тизими алоҳида чиқиндихонага уланишига эътибор қаратилган. Сув таъминоти қийин бўлган ҳудудларда эса ҳар бир хонадонга алоҳида қўшимча зарурий бинолар қурилади. 
Таъкидлаш жоизки, қишлоқ жойларда арзон уй-жойларни қуришда талабгорларни танлаб олиш фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган оилаларни дастлабки танлаш бўйича тизимнинг очиқлиги ва ишончлилиги тамойилидан келиб чиқиб амалга оширилади. 

 

Биз Twitterда