Арнасойда Конституцияга бағишланган учрашув

 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма беш йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши бу борадаги ишларни ташкил этишда муҳим дастуриламал бўлаётир.
Арнасой туман 5-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма беш йиллиги муносабати билан “Конституция – фахримиз, ғуруримиз” мавзусида аҳоли билан учрашув бўлиб ўтди. Арнасой туман Прокуратураси томонидан ташкил этилган тадбирда вилоят, туман имом-хатиблари, Арнасой туман Прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси, туман ИИБ, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлими ходимлари ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этишди.
Дастлаб тадбирда сўз олган Арнасой туман Прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси бошлиғи Ҳамид Ҳақназаров, бош Қомусимиз мамлакатимизда суверен демократик давлат барпо этиш, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, иқтисодиётимиз ривожи ва турмушимиз фаровонлигини юксалтиришнинг асосий ҳуқуқий кафолати эканлиги таъкидлади. 
Шундан сўнг Жиззах вилоят имом-хатиби Меҳмонали Жабборов сўз олди: “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасига кўра ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқи тўғрисида такидлаб, виждон эркинлиги ва диний бағрикенглик масаласи ижтимоий ҳаётда ҳар доим муҳим ва долзарб масала бўлиб келган. Бинобарин, унинг замирида шахснинг ҳуқуқ ва эркинлиги, демократик принциплар, адолатпарварлик ва инсонпарварлик каби муҳим ижтимоий, сиёсий, ҳуқуқий ва ахлоқий тушунчалар ётади”.
Дарҳақиқат, Конституциямизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб этиш, юртдошларимиз, айниқса, ёшларимиз қалбида қонунга ҳурмат, Ватанга меҳр ва садоқат туйғусини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишга хизмат қилади. Конституция – мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, халқимизнинг тинч-осуда, фаровон ҳаётини таъминлашнинг муҳим асосидир. Унинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб этиш, аҳоли, айниқса, ёшлар онгу шуурида Ватанга садоқат, қонунларимизга ҳурмат туйғусини мустаҳкамлаш мақсадида устивордир.
Шунингдек учрашув давомида туман ИИБ ХПБ инспектори капитан Мансур Абдурофиев томонидан Конституция моҳиятини тарғиб қилишга доир тадбирларни ИИБ органларининг профилактик ҳисобда турган, айниқса илгари судланган, оилада ва турмушда мунтазам равишда ҳуқуқбузарликларга йўл қўювчи, турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган шахслар билан профилактика ишлари олиб боришда ташкил этиш таклифи илгари сурилди.
Бунёд Каримов,
Арнасой туман Прокурори ёрдамчиси

Биз Twitterда